Анвар Ғофуров: "Беҳруз қайсидир яхши клубга бориб ўйнаса, бундан ҳаммамиз хурсанд бўламиз"

24 июл 2026, 00:22
Суперлига 13-туридан ўрин олган "Сурхон" – "Динамо" (1:2) учрашувидан кейин "Сурхон" бош мураббийи Анвар Ғофуров матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?

- Жуда яхши рақибга қарши ўйнадик ва баҳс яхши кечди деб ўйлайман. Рақиб бизни яхши ўрганибди, қайсидир вазиятларни билиб ўйнашди. Бизнинг жамоа ҳам кўп ҳаракат қилди, баъзи ҳолларда омад келмади. Йигитларимизга бор куч билан ҳаракат қилишгани учун раҳмат. Футбол шунақа, вазиятдан фойдаланмасанг ва рақиб фойдаланиб гол урса мағлубиятга учрашинг мумкин. Бугун ҳам шундай бўлди. Имкон қадар ҳар бир вазиятдан унумли фойдаланиб ғалаба қозонишга ҳаракат қилиш керак. Умид қиламанки, кейинги беллашувларда ғалабага эришамиз.

- Таркибдаги йўқотишларга қарамай, "Сурхон" мавсумнинг иккинчи ярмини яхши бошлади. Сафарда "Андижон" мағлуб этилди. Андижондаги ўйин билан таққослаганда бугун жамоангизга нима етишмади?

- Балки "Андижон" биздан қандай ўйин кўрсатишимизни кутмагандир, лекин "Динамо" бизни яхши ўрганибди. Қолаверса "Динамо"ни Вадим Абрамовдек кучли мураббий бошқаряпти. Карленовични жуда ҳурмат қиламан ва ғалаба билан табриклайман. У киши футболда кўп нарсани кўрган ва қандай ишлашни билади. Биз ҳам вазият яратишга ҳаракат қилдик, лекин бироз оғир кечди.

- Бугун футбол ўйнашни хуш кўрадиган икки жамоа ўзаро баҳс олиб борди. Бу каби ўйинларда индивидуал маҳорат эгалари кўп нарсани ҳал қилиб қўйиши мумкин. Масалан, бугун Анвар Ҳожимирзаев ўзини кўрсатган бўлса, "Сурхон"да Чинедунинг йўқлиги билинди.

- Гапингизда жон бор. Жамоамизни яхши футболчи тарк этди. Чинедунинг ўрнини бирданига тўлдириш осон бўлмайди. Ёшларга эътибор қаратамиз ва ёшлардан кимдир чиқишига умид қиламиз. Агар имконимиз бўлса четдан ҳужумчи оламиз.

- Беҳруз Каримовнинг тақдири ҳал бўлдими?

- Унга дам беришга қарор қилганмиз. Билишимча, Беҳруз борасида бошқа клублар билан музокаралар кетяпти. Менинг ишим қўл остимдаги жамоани шуғуллантириб кейинги ўйинларга тайёрлаш. Шу боис ҳозир фикру хаёлим қўл остимдаги жамоа билан боғлиқ. Беҳрузга омад тилаб қоламан, у бизга кўп ёрдам берди. Қайсидир яхши клубга бориб ўйнаса, бундан ҳаммамиз хурсанд бўламиз.

- "Сурхон" яна ўз майдонида ўйнамаяпти. Жамоа бу мавсум Термизга қайтиши мумкинми?

- Уйда деворлар ҳам ёрдам беради деб бежиз айтишмаган. Бугун номинал мезбон бўлганимиз билан 90 фоиз мухлислар "Динамо"ни қўллаб туришди. Албатта, биз ҳам уй баҳсларини Термизда ўтказишни хоҳлаймиз, лекин ҳозирча вазият бошқа. "Сурхон Арена" майдонига уруғ сепишганди, лекин жазирама иссиқ куйдириб юборди. Шу боис ҳозирча уй учрашувларини Термизда ўтказа олмаяпмиз. Умид қиламанки, тез орада яна қайтамиз.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›