Дурбек Умаралиев: "Афсуски, ютиб турган жойимизда мағлубиятга учрадик"

23 июл 2026, 23:14
Пролига 11-туридан ўрин олган "Ғазалкент" – "Металлург" (3:2) учрашувидан кейин "Металлург" ёрдамчи мураббийи Дурбек Умаралиев матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?

- Авваламбор мавсум рестарти билан ҳаммани табриклайман. Ўйин жуда қизиқарли ва курашларга бой кечди. "Ғазалкент" жамоасини ғалаба билан табриклайман. Биз рақибни яхши ўрганиб чиққандик, қарши ҳужумларда тезкор ўйин намойиш этишини билардик ва шунга кўра ҳозирлик кўргандик. Афсуски, ютиб турган жойимизда қўпол хатоларга йўл қўйиб мағлубиятга учрадик.

- Шундай бўлдики, иккинчи таймда "Ғазалкент"да кайфият кўтарилиб, "Металлург"да аксинча тушиб кетди.

- Бунинг сабаби иккинчи бўлим бошидаёқ гол ўтказиб юборганимиз бўлди. Шу гол рақибнинг кайфиятини кўтарди, бизда эса ҳаммаси орқага кета бошлади. Жамоамиз тушкун кайфиятга тушиб қолди. Шунга ўзимиз ҳам ҳайронмиз.

- "Металлург"да тажрибали футболчилар кўп. Балки ёшларни кўпайтириш керакдир?

- Биз аксар жамоалардан кейин мавсумга ҳозирлик кўришни бошладик, аниқроғи февралда. Таркибни максимал кучайтиришга, яхши ўйинчиларни йиғишга ҳаракат қилдик. Вақти келиб ёшлар ҳам таркибимизда ўйнайди.

- Ички муҳитда нимадир борми? Чунки ўйин пайти футболчилар бир-бирига овозни баландлатиб гапирган ҳолатлар бўлди. 

- Ички муҳитимиз яхши, ҳеч қандай муаммо йўқ. Овозни кўтариб гапириш ютуқни кўпроқ хоҳлаганимиздан. Афсуски, баъзан юқори хоҳиш хатоларга ва мағлубиятга олиб келиши мумкин.

- Трансфер ойнаси ҳамон очиқ ва янгилар келиши мумкинми?

- Албатта, бу борада ишлаяпмиз. Селекция тўхтаб қолгани йўқ ва музокаралар кетяпти. Жамоамизга ёрдам берадиган футболчиларни таклиф этамиз.

- "Металлург"да молиявий ҳолат қандай?

- Раҳбариятга катта раҳмат, клубимизда молиявий муаммо йўқ. Бизда ҳаммаси жойида.

- Охирги савол. Илҳом Мўминжонов нега матбуот анжуманида иштирок этмади?

- Ўйиндан кейин Илҳом ака бироз ўзларини бетоб ҳис қилдилар. Сабаби шу.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia