Жамшид Саидов: "Даражалар ўз сўзини айтди"

Aslanov Jasurbek
21 май 2026, 00:15
Ўзбекистон Кубоги гуруҳ босқичи 3-тури доирасида "Ғазалкент" - "Локомотив" (1:5) учрашувидан кейин меҳмонлар мураббийи Жамшид Саидов матбуот анжуманида қатнашди.

- Илк навбатда шуни айтишим керак, жамоамиз бош мураббийи Мирко Йеличич ўйин тугаши биланоқ аэропортга кетди ва Австралияга учиб кетиши керак. Матбуот анжуманида қатнаша олмаслиги учун узр сўраб, тўғри тушунишларини сўради. Ўйинга келадиган бўлсак, бу баҳснинг аҳамиятини барча тушуниб турганди. Дастлабки икки ўйинни қониқарсиз ўтказдик, дастлаб "Лочин" майдонида мағлуб бўлдик, кейин эса ўз майдонимизда "Динамо"ни мағлуб эта олмадик. Йигитлар бу ўйининг муҳимлилик даражасини билиб туришганди ва шу сабабли бор кучлари билан ўйнаб, чиройли ўйин намойиш қилиб беришди. Қийналиб бўлса-да, гуруҳдан чиқиб олганимиздан хурсандман. Бугунги ўйинда бизни қўллаб-қувватлаб турган мухлисларга, жанговар кайфиятда майдонга тушган йигитларга раҳмат айтаман.

- Бугун мураббийлар учун ҳаяжон кўпроқ бўлди. "Локомотив" гол урган пайтда, Самарқанддаги параллель кечган баҳсда "Динамо" ҳам гол урди ва ўйин голларга бой ўтди. Мураббийларда бугун ҳаяжон охиригача сезилиб турди. Шу ҳақида фикрингиз.
- "Динамо" ҳам ўз ўйинининг даражасини билиб турганди, чунки улар ҳам биринчи турда мағлуб бўлишганди. Умуман олганда даражалар ўз сўзини айтди. Биринчи ўйинда бизда қандайдир кайфиятсизлик кузатилганди. 2-турда эса биз ҳам "Динамо" ҳам куч ва иштиёқ топиб, нималарга қодир эканлигимизни намойиш қилдик. Биз улардан битта кўпроқ гол уриб, гуруҳдан чиққанимиз яхши бўлди.

- Рақиб жамоа 2-турдаёқ кейинги босқични ҳал қилиб бўлганди. Шуни ҳисобга олсак, "Локомотив"нинг ғалабаси ўзларининг катта иштиёқи эвазига бўлдими ёки рақибнинг паст мотивацияси эвазига келдими?
- "Ғазалкент"нинг таркиби жуда ёш. Улар доимо ҳаракат қилиб, нималарнидир исботлашга ҳаракат қилишади. Пролигадан кейин Кубок ўйинларида анчагина ривожланишди. Ёшларда иштиёқ жуда катта. Лекин нима бўлган тақдирда ҳам Пролига ва Суперлиганинг даражалари ажралиб туради. Барибир Суперлига жамоаларида маҳорат каттароқ эканлиги сезилади.

- Суперлигада ишлатилмаган режалар, тактикалар, схемалар Кубок ўйинларида ишлатилдими?
- Биз Суперлигада ҳам Кубокда ҳам оддий услубда ўйнадик. Лекин Кубокда барчаси 2 ёки 3 ўйинга боғлиқ. Ўйиннинг муҳимлилик даражасига қараб режалар тузилди ва бу иш берди, назаримда. Шу боисдан биз гуруҳдан чиқдик

- "Локомотив"нинг Ўзбекистон Кубогидаги мақсади қандай? Клуб раҳбарияти ушбу мусобақа учун мураббийлар штабига қандай вазифа қўйган?
- Бир гап айтаман: "Локомотив" ўз анъаналарига эга клуб, бир неча карра чемпион ва кубок соҳиби. Албатта, "Локомотив" ўз олдига катта мақсадлар қўяди. Биз финалга чиқиш учун энг охиригача курашамиз. Балки кубокни ҳам қўлга киритармиз.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›