"Навбаҳор" "йўлбарслар"нинг навбатдаги хўраги бўладими? Кападзе жавоб берди

Оқил Абдубарноев
24 июл 2026, 01:35
"Навбаҳор" бош мураббийи Тимур Кападзе "Қизилқум"га қарши ўйин, Ўткир Юсупов ҳамда "Нефтчи"га қарши бўлажак водий дербиси ҳақида фикр билдирди.

– Иккинчи бўлимнинг сўнгги 20–25 дақиқасини оладиган бўлсак, жамоага гол керак бўлган бир пайтда бирорта ҳам сифатли ва хавфли ҳужум кўрмадик. Жарима майдончаси ичига ёриб кириш ўрнига, негадир кўпчилик футболчилар 25–30 метрлардан кераксиз зарбалар йўллашди. Бутун жамоа жарима майдончаси атрофига йиғилганига қарамай, ноаниқ зарбалар берилди. Бу нима билан боғлиқ?

– Бу айнан нима билан боғлиқлигини аниқ айтиш қийин. Фикримча, биринчи бўлимда ҳам, иккинчи бўлимда ҳам кераксиз хатолар кўп кузатилди. Ҳал қилувчи вазиятларда – қарор қабул қилиш жараёнида оқсадик. Вазиятдан чиқиб кетиш керак бўлган ўринларда хато қилдик, узатма бериладиган вазиятларда адашдик, рақибни алдаб ўтиш зарур бўлган жойда эса тўпни олдириб қўйдик.

Бутун жамоага тегишли жиҳатлар бор, аммо умуман олганда индивидуал хатолар кўп бўлди. Буни, албатта, мураббийлар штаби билан тайёргарлик жараёнида кўриб чиққан эдик. Қандай ўйнашимиз ва нималар қилишимиз кераклигини билардик. Балки бу ҳолат руҳият билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин, лекин шахсан мен бундай деб ўйламайман. Ҳолатни таҳлил қилиб, тегишли хулоса чиқарамиз. Энди бор эътиборни навбатдаги ўйинга қаратишимиз керак, бу ўйин бизга ўзига хос сабоқ бўлди.

– Руҳият билан боғлиқ фикрингизга қўшимча қилмоқчиман. Айнан шу руҳият кейинги ўйин олдидан жамоага қандай таъсир қилади? Майдондаги футболчиларнинг ҳаракатларидан шу нарса билинмоқдаки, жамоа бир неча ўйиндан бери ғалаба қозона олмаяпти ва бу нарса уларга жуда катта руҳий босим юкламоқда. Кейинги баҳс эса чемпионат пешқадамига қарши кечади. Бу босимни қандай енгиб ўтмоқчисизлар?

– Албатта, ҳар бир мағлубият ёки ёмон кайфият жамоага таъсир қилади ва ўзига яраша босим юзага келади. Бугунги ўйинда ҳам босим ёки бошқа омиллар ўз таъсирини ўтказган бўлиши мумкин. Айрим футболчиларимнинг майдондаги ҳаракатлари бўйича саволлар етарлича, буни албатта кўриб чиқамиз. Лекин энди ортга йўл йўқ. Олдинда водий дербиси турибди ва унга жиддий тайёргарлик кўришимиз керак. Ҳозир барча салбий ўйларни четга сурган ҳолда, машғулотларга киришишимиз талаб этилади.

– Бугун Дилшод Комилов ҳимоячи бўлишига қарамай, бир неча бор рақиб жарима майдонида пайдо бўлди, гол ҳам урди. Бироқ бунинг фонида марказий ҳужумчига бўлган сезилиб қолди. Норчаев ўтган ўйинда ҳам, бу ўйинда ҳам майдонда унчалик кўзга ташланмади.

– Биринчидан, "Қизилқум" ўйин бошиданоқ ҳимоявий тактика танлади. Шу сабабли ҳимояни ёриб ўтишда қийналдик. Агар сифатлироқ ўйнаганимизда, самаралироқ ҳужумлар ташкил қилсак бўларди. Қанотлардан узатмаларни кўпроқ амалга оширишимиз керак эди. Тан олиш керакки, биринчи ва иккинчи бўлимда ҳам тўп назорати асосан бизда бўлди. Албатта, "Қизилқум"ни ҳам алоҳида эътироф этиш жоиз – улар яхши ҳимояланишди ва охиригача курашишди.

Дилшод масаласига келсак, кўп вазиятларда қанотдан узатма бўлишини кутиб, футболчиларимиз жарима майдончаси ичига кириб боришди. Биринчи голда ҳам шундай ҳолат кузатилди. Бироқ узатмаларни кам амалга оширдик, узатма берилган пайтда эса жарима майдончаси ичида футболчиларимиз етишмади. Ўйинни қайта таҳлил қилиб чиқишимиз зарур.

– Футбол тактикангиз мураккаб деб ўйлайман. Ижрочилар қанчалик яхши бўлмасин, ҳар бир янги қарор ёки тактик ўзгариш натижа бериши учун маълум вақт керак. Наманганда барқарор натижа берадиган жамоани шакллантириш учун тахминан қанча вақт талаб этилади? Иккинчи саволим: кейинги турда мураккаб рақиб – "Нефтчи" кутиб турибди. Ушбу ўйинда тактик схемаларда ўзгаришлар кутиладими ёки соддароқ ўйин намойиш этиладими?

– Жамоамизда янги футболчилар бор ва уларга нисбатан ўзига яраша талаблар қўйилмоқда. Жамоа ҳали қурилиш жараёнида. Ўйиндан-ўйинга кучайиб боришимизга ишончим комил. Бугун ҳам, аслида, анча яхшироқ ҳаракат қилсак бўларди, бироқ индивидуал хатолар панд берди.

Ижрочиларга келсак, ҳамма футболчи ҳам ҳозир оптимал формада эмас. Кимдир жароҳатдан қайтган бўлса, бошқаси анча вақт машғулотларда иштирок эта олмаган. Мураббийлар штаби айрим ўйинчиларга индивидуал юкламалар бериш орқали уларни керакли формага олиб чиқиш устида ишламоқда. "Нефтчи" билан ўйинга келсак, рақибнинг кучли ва заиф томонларини биламиз. Улар ҳозир яхши спорт формасида. Биз эса ўз режамиз асосида майдонга тушиб, ғалаба учун курашамиз.

1000138439.jpeg

– "Нефтчи" лақабига мос тарзда рақибларига йўлбарс каби ташланиб, кўплаб голлар урмоқда. "Навбаҳор" кейинги ўйинда рақибга навбатдаги хўрак бўлиб қолишидан хавотирда эмисмисиз? Кетма-кет ғалабасиз ўйинлар серияси раҳбариятнинг сизга бўлган ишончи пасайишига олиб келмайдими?

– Буни вақт кўрсатади. Натижа бирданига юзага келадиган ҳолат эмас. Жамоа йил бошидан бери қайта шаклланмоқда, раҳбарият эса бизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, етарли шароитларни яратиб бермоқда. Лекин футболда вақт керак. Бир йил ичида деярли 90 фоизга янгиланган таркиб билан дарҳол юқори натижаларга эришиш қийин.

Ўзимга ва йигитларимга ишончим комил. Мавсум энди бошланди, ҳали биринчи давра баҳслари кетмоқда. Шуни унутмаслик керакки, биз ҳозир мураккаб вазиятдамиз, чунки ўз майдонимизда ўйнамаяпмиз. Бугунги баҳсда "Қизилқум"ни ютишимиз шарт эди, бунга кучимиз ҳам, имкониятимиз ҳам етарли эди. Мухлисларимиз эса вазиятни тўғри тушуниб, бизни фаол қўллаб-қувватлашмоқда. Уларнинг ўрни – 12-ўйинчи роли доимо билиниб туради ва бунинг учун уларга миннатдорчилик билдираман.

– Сиз одатда 4-3-3 ёки 4-2-3-1 каби асосий ўйин схемаларидан фойдаланар эдингиз. Лекин сўнгги икки ўйинда қаторасига учта марказий ҳимоячи билан ҳаракат қилганингиз кўзга ташланди ва бу майдонда айрим тушунмовчиликларни келтириб чиқараётгандек. Схема масаласига қандай изоҳ берасиз?

– Ўйин давомида тактик ўзгаришлар бўлиши табиий ҳолат. Баъзи вазиятларда 3 та ҳимоячи билан, баъзида эса 2 та марказий ҳимоячи билан қолмоқдамиз. Бу ерда ҳеч қандай муаммо йўқ. Рақиб жамоанинг қандай ҳимояланиши ёки ҳужумга ўтишига қараб ўзгаришлар киритяпмиз ва футболчиларимиз бунга тайёр. Керак бўлганда 3 талик, зарур бўлганда 4 талик ҳимоя тизимига ўтяпмиз.

Агар бу жараёнлар ғалаба билан бирга кечганида, албатта, ёқимлироқ бўларди. Афсуски, ўтган турда ғалаба қозониб туриб, якунда уни қўлдан чиқардик. Бугун ҳам, ўзингиз гувоҳ бўлганингиздек, ҳужумларимиз ва зарбаларимиз ўхшамади.

– Ўткир Юсупов Ўзбекистон терма жамоасининг жаҳон чемпионатига йўл олишида катта ҳисса қўшганди. Аммо мундиални инобатга олмаган тақдиримизда ҳам унинг "Навбаҳор" сафидаги турнирга қадар ва турнирдан кейинги ўйинлари бироз эътирозли саволлар ҳосил қилди. Бу унинг ёши билан боғлиқми ёки жисмоний ҳолати биланми?

– Футболда ҳамма жойда хатолар бўлиб туради. Ўткир – терма жамоа даражасидаги дарвозабон ва у ўз имкониятларини жуда яхши тушунади. Қаердадир техник камчиликлар, қаердадир руҳият билан боғлиқ ҳолатлар кузатилиши мумкин. Лекин у юқори савиядаги дарвозабон. Бундай синовли даврлар ҳар бир футболчининг фаолиятида учрайди. Ишончим комилки, бундан барчамиз тўғри хулоса чиқарамиз ва фақат меҳнат қилиш орқали буни енгиб ўтамиз.

– Бугунги учрашув қайдномасида Муҳаммадали Усмонов кўринмади. Бу нима билан боғлиқ?

– Агар қайдномага 23 тадан кўпроқ ўйинчини киритиш мумкин бўлганида, уни ҳам албатта қўшар эдик. Бугунги тактик режаларимиздан келиб чиқиб, шундай хулосага келдик. Навбатдаги учрашувларда насиб этса, у ҳам қайдномадан жой олади. Муҳаммадали ўз устида ишламоқда, у яхши даражадаги футболчи ва биз барчага бирдек имконият берамиз.

Ўхшаш янгиликлар


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: Championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›