Вадим Абрамов: "Агар келишув амалга ошса Ўрозов кетади, йўқса ўзимизда қолади"

23 июл 2026, 23:50
Суперлига 13-туридан ўрин олган "Сурхон" – "Динамо" (1:2) учрашувидан кейин "Динамо" бош мураббийи Вадим Абрамов матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?

- "Сурхон" яхши жамоа эканини ва эътиборни тўп назоратига қаратишини билардик. Тезкор гол бизга фойда келтирди. Биринчи тайм охирларида ҳам қарши ҳужумдан гол уришимиз мумкин эди. Иккинчи таймда майдонда бир киши кам бўлиб қолдик, ўйинчимиз четлатилди, шундан сўнг рақиб кўпроқ босим ўтказа бошлади. Биз эса охиригача туриб бера олдик ва сафарда муҳим уч очкони қўлга киритдик. Бунинг учун йигитларга раҳмат, ҳаммани ғалаба билан табриклайман.

- Бугун Рауль Жепаров бизнингча яхши ўйнади. Бу борада сизнинг фикрингиз қандай?

- Менимча ҳам яхши ҳаракат қилди. Бу ёшдаги ўйинидан келиб чиқсак яхши. Фақат бироз толиқиб қолди.

- Ғалабали серия давом этмоқда. Жамоа ўз ўйинини топиб олди деб айтса бўладими?

- Аниқ бир нима дейишим қийин. Ҳали олдинда учрашувлар кўп. Бизда эса жароҳатлар бор. Қолаверса бугун тушунарсиз вазиятда футболчимиз қизил карточка олди. Унга нечта ўйин берилишини билмайман. Йўқотилган очколарни қайтаришга ҳаракат қиламиз.

- Азиз Амоновнинг йўқли ҳақида

- У жароҳати сабаб ўйнай олмади, менимча Азиз бир ой майдонга туша олмайди.

- Агар "Динамо" кейинги турда "Қўқон-1912"ни мағлуб этса анча юқорига кўтарилиб олади.

- Ҳали олдинда ўйинлар кўп. Ҳамма ўйинларни ютсак чемпион ҳам бўлиб кетамиз. Биз ўйиндан ўйинга ҳаракат қиляпмиз. Бугун об-ҳаво яхши бўлди, анча салқин тушди. Мухлислар кўпроқ келсин деймиз, ўз навбатида биз ҳам уларни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз.

- Жаҳонгир Ўрозовнинг трансфери борасида янгилик борми?

- Тўп ҳозирча "Рубин" томонда ва улар вазиятни ўрганиб чиқишяпти. Агар келишув амалга ошса футболчи кетади, йўқса ўзимизда қолади. Клубимиздаги молиявий ҳолатга келадиган бўлсак, ҳамон янгилик йўқ, ҳаммаси эскилигича қоляпти.

- Жамоа сардори Анвар Ҳожимирзаев бу мавсумни яхши ўтказяпти. Ҳозирча унинг ҳисобида 11та гол бор.

- Йил бошидаги йиғин пайти адашмасам биздан беш ё олти нафар футболчи терма жамоа билан биргаликда эди. Лекин кейинчалик Анвар Жаҳон чемпионатига бора олмади ва бу ҳам унга таъсир қилди. Аммо у ишлашдан тўхтаб қолгани йўқ, машғулотларда астойдил меҳнат қиляпти, бир сўз билан айтганда профессионал.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›