

– Бугунги ўйин ҳақида фикрларингиз қандай?
– Аввало, ютуқ учун йигитларга каттакон раҳмат. Айтилган кўрсатмаларни тўлиқ бажаришди. Умуман олганда, бизда тайёргарлик учун етарлича вақт бўлди. Бир ҳафталик режа бўйича ишладик. "БухДУ"нинг кучли ва кучсиз тарафларини ўрганиб чиқиб, бўш нуқталарини билардик, қаердан ҳужум қилишни келишиб олгандик. Шунинг учун йигитларга раҳмат, ҳамма айтилган нарсаларни бажаришди. Ўйин назоратимиз остида ўтди. Иккинчи бўлимда захирадан тушган ўйинчилар ўйинни яна кучайтиришди. Асосий режаларимиз шундан иборат эди.
– "Лочин" жамоасининг тўплар нисбатига қарайдиган бўлсак, 10–9. Дарвозабонлар масаласи қандай? Рақобат ёки қандайдир тажриба етишмаслиги борми ёхуд ҳимояда муаммолар борми?
– Бизда тўплар нисбати 10 га 9 эмас, адашмасам, статистика бўйича 5 та гол ўтказиб юборганмиз. Адашмаяпманми? Бешта гол ўтказиб юборган бўлсак, шунинг 4 тасини стандарт вазиятдан ўтказиб юборганмиз. Дарвозабонлар бўйича айтадиган бўлсам, иккала дарвозабонимизга ҳам 100 фоиз ишонамиз. Ҳимоя чизиғимиз ҳам, дарвозабонларимиз ҳам яхши ўйин кўрсатяпти. Бизда гол уришда муаммолар бор эди, кам гол ураётган эдик, бугун шуни бартараф этдик.
– Айнан ўзингиз таъкидлаб ўтганингиздек, иккинчи тайм бошида бир-иккита хавфли вазиятлар бўлди, аммо гол бўлмади. Ўзгаришни биринчи бўлиб амалга оширганингиздан кейин хавфли вазиятлар кетма-кет голга айлана бошлади. "БухДУ" жамоаси жисмонан чарчади деб ҳисобладингизми ёки ўзингизнинг алоҳида режангиз бормиди?
– Режаларимиз бўйича жисмоний бақувват футболчиларни майдонга туширдик. Қолаверса, билардикки, "БухДУ" жамоасининг йил бошидаги тайёргарлиги режа бўйича ўтмаган. Кеч йиғилишгани сабабли 70-дақиқадан кейин чарчаб қолишларини тахмин қилгандик. Шу омил ҳам бизга ёрдам берди дейишимиз мумкин.
– Бугунги беллашувда қайдномада фақатгина, адашмасам, бир нафар дарвозабон ўрин олганди. Қолган дарвозабонлар ҳақида маълумот берсангиз.
– Бизда иккита дарвозабон бор. Ўтган турнир доирасида "Динамо" билан бўлган ўйинда асосий дарвозабонимиз қизил карточка олганди. Шу сабабли қайдномага фақат бир дарвозабонимизни киритишга мажбур бўлдик.
– Бугунги дим об-ҳаво ўйин сифатига қандай таъсир кўрсатди?
– Ёз фасли келяпти, ҳар доим шунақа дим бўлади. Хоҳлардикки, ўйинлар сал кечроқ вақтда ўтса, янада чиройли ўйин кўрсатишга имкон бўларди. Албатта, бунақа иссиқ ҳавода юқори сифатли даражадаги футбол намойиш этиш қийин. Бундай об-ҳаво иккала жамоага ҳам қийинчилик туғдирди, деб ўйлайман.
– "Лочин" жамоаси бизга ўтган йилги кубок баҳсларида амалдаги чемпионни мусобақадан чиқариб юбориши билан яхши таниш эди. "Лочин"нинг бу йилги режалари қандай? Кучли учталикка ҳаракат қиладими?
– Бизга ҳар доим шу савол бериляпти. Ректор Дилмурод Набиевга раҳмат, шунақа жамоа ташкил қилиб бердилар. Асосий мақсадимиз – омади келмаган футболчиларга иккинчи имконият бериш. Уларга шу имкониятни яратиб, ўзларини кўрсатса, Суперлига даражасидаги футболчилар қилиб тайёрлаш. Ва албатта, ҳар бир ўйинда чиройли ҳаракатлар билан мухлисларни хурсанд қилиш – энг асосий мақсадимиздир.



