

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Афсус, мағлубиятга учрадик. Асосан руҳий жиҳатдан жамоани тайёрлай олмадик деб ўйлайман. Босим футболчиларимизни босиб қўйди. Шу боис ўз ўйинимизни кўрсата олмадик. Руҳан муаммоларга дуч келдик.
- Иккинчи бўлимда майдон маркази деярли "Сурхон" жамоасига ўтди.
- Нафақат бу, умуман кўп томонлама ютқаздик. Ўйинимизни такрор кўриб таҳлил қиламиз. Биринчи таймда кўпроқ ўртани бериб қўйганга ўхшадик. Иккинчи таймда янги кучлар ўзларини кўрсатишга ҳаракат қилди.
- Асосий ўйинчилар Холдорхонов ва Ашортиа захирага олинишининг сабаби нимада?
- Бу жисмоний ҳолат билан боғлиқ эмас. Биз бошқаларга имкон бериб ўйинга куч қўшишни мақсад қилдик. Гол ўтказдик ва тенглаштирдик, сўнгра яна ўтказдик.
- Қанот ҳимоячиларида ҳам пасайиш кузатилди. Улар аввалги ўйинлардаги каби яхши ҳаракат қила олишмади.
- Бу ҳам руҳият билан боғлиқ деб ўйлайман. Барибир анча муддатдан кейин старт олиш осон кечмайди. Мухлисларимизни хурсанд қиламиз деган мақсад бор эди, афсус шошилиш орқали хатодан кетидан хатога йўл қўйдик. Мағлубият кўпроқ руҳият билан боғлиқ деб ўйлайман.
- Трансфер ойнаси пайтида негадир "Андижон"дан янгиликларни эшитмадик.
- Баъзи чизиқларни кучайтиришимиз, рақобатни юзага келтиришимиз зарур. Биласиз, клубга ФИФА томонидан трансфер тақиқи қўйилганди, лекин раҳбариятимиз бу масалани ижобий ҳал қилди. Тез орада ФИФАдан рухсат хати юборилиши кутиляпти. Шундан сўнг трансферларни расман маълум қиламиз. Кўз остимизга ҳужумчиларни олиб қўйганмиз, лекин уларнинг ўз клуби билан шартномаси бор, шу боис жалб қилиш қийин бўляпти.
- Шерзод Эсанов билан Рустам Турдимуродовга "Андижон" томонидан қизиқиш бўлгани ростми?
- Бу ўйинчилар билан гаплашдик, фақат шартномаси борлиги сабаб иш тўхтаб қолди.
- Қисқа муддатдан кейин "Локомотив"га қарши баҳс бўлиб ўтади. Бу ўйингача жамоани тиклаш ва тайёрлаш қандай давом этади?
- Тикланишни ўйин тугаши билан бошладик. Эртага тушдан кейин йиғилиб майдонда ҳозирлик кўришни бошлаймиз.



