Элдор Мойлиев: "Ғазалкент" "Динамо"ни ютди, биз "Ғазалкентни ютгандик. "Локомотив"ни ҳам мағлуб этдик"

16 май 2026, 00:55
Ўзбекистон Кубоги 2-туридан ўрин олган "Ғазалкент" - "Лочин" (1:0) баҳсидан сўнг меҳмонлар устози Элдор Мойлиев ўйиндан кейинги матбуот анжуманида иштирок этди.

"Биринчи бўлим тенг курашлар остида ўтди. Иккинчи тайм эса тенг курашлар остида кечди. Вазиятлар ярата олдик. Афсуски, диққатни йўқотиб, гол ўтказиб юбордик. Футболчиларда чарчоқ аломатлари ҳам сезилди. Сўнгги вақтларда ҳар 4-5 кунда ўйин ўтказяпмиз. Биринчи бўлиб гол урадиган жамоа ютиб кетадиган ўйин бўлди. Иккинчи бўлимдаги вазиятларимиздан фойдалана олмадик", - деди Элдор Мойлиев.

- "Лочин" Кубок баҳсларида ўз олдига қандай мақсад қўйган?
- Йигитлар иштиёқ билан ўйнади. Бугун бироз куч етишмагандек. Агар жамоамиздаги футболчилар Суперлига клубларида тўп тепишни истаса, Кубок баҳсларида ўзини кўрсатишлари керак. Кубокда қанча узоқроққа борсак, шунча кўп кўзга ташланамиз. Мақсад гуруҳдан чиқиш, ҳали имкониятимиз бор-ку.

- Про Лигадаги ўйинда "Лочин" анча дадил ўйин намойиш этганди. Бугун нега бундай футбол кўрмадик? Чарчоқ ягона сабабми?
- Чарчоқ сезилди. Футболчиларимиз оғир ҳаракат қилди.

- Ёзги танаффусда жамоа таркиби кучайтириладими?
- Кузатиб бораётган иккита ўйинчимиз бор. Бўш нуқталарни кучайтирамиз.

- Учинчи турда яна Суперлига аъзосига қарши ўйнайсизлар...
- Имконият бор. Ҳар қандай рақибга қарши ўйнаса бўлади. "Ғазалкент" "Динамо"ни ютди. Биз Про Лигада "Ғазалкент"ни ютгандик. Ўтган турда "Локомотив"ни таслим этдик. Агар хоҳиш бўлса, ўйнаса бўлади. Ғалаба қозониб, гуруҳдан чиқишни кўзлаяпмиз.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia