

Ўйиндан кейин "Олимпик Мобиуз" бош мураббийи Фарҳод Нишонов матбуот анжуманида иштирок этди.
- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Рақиб жамоани ғалаба билан табриклайман ва кейинги ўйинларида омад тилайман. Учрашувга яхши ҳозирлик кўргандик, лекин негадир хатолар кўп бўлди. Ишлашда давом этамиз, олдинда ўйинлар кўп, ўз устимизда ишлаб ўсишда давом этишимиз керак.
- Далер Тухсанов "Нефтчи" ўринбосарларидан келди. Жамоадан кетганидан бери ўйини анча орқага кетибди.
- Бунга табиий ҳолат сифатида қараш керак, чунки узоқ вақт амалиётсиз қолди. Далер асосий таркибда ўйнаш учун Фарғонага кетганди, унинг даражаси ўринбосарлар даражасидан юқори деб ўйлайман. Рақобатда ютқазгани сабабли захирада қолиб кетди. Албатта, бу футболчи ҳам лойиҳамизнинг бир бўлаги бўлгани учун яна қайтариб олдик. Буёғи кўп жиҳатдан футболчининг ўзига боғлиқ, агар яхши фаолиятни хоҳласа янада қўшиши, бир қадам орқага - икки қадам олдинга ташлаши керак бўлади. Бизнинг ишимиз ёшларга кўмак бериш, тўғри йўналиш кўрсатиш ҳисобланади.
- Асосий дарвозабон Самандар Муратбаев "Насаф"га кетганидан кейин муаммолар кузатила бошланди. Ўтказиб юборилаётган кўп голлар дарвозабон хатоси билан рўй бермоқда.
- Тўғри, дарвозабонлар борасида муаммолар бор. Бекорга дарвозабон - ярим жамоа дейишмайди. Ҳозирги дарвозабонимизга бироз вақт керак. Одатда дарвозабонлар кеч ўйнаб кетади. Шу кетишда ҳозирги дарвозабонимиз албатта ўз ўрнини топади. Рустамжоновни таклиф этмоқчи бўлдик, лекин унинг ўз клуби билан шартномаси борлиги сабаб индамай қўя қолдик.




