Анвар Ғофуров: "Балки ўйинимиз зўр чиқмагандир, лекин муҳими ғалаба қозондик"

19 июл 2026, 00:07
Суперлига 12-туридан ўрин олган "Андижон" – "Сурхон" (1:2) учрашувидан кейин "Сурхон" бош мураббийи Анвар Ғофуров матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?

- Осон ўйин бўлмаслигини билгандик. "Андижон"да мураббий ўзгарганидан сўнг жамоада ўсиш бўлди ва биз ҳам шунга қараб ҳозирлик кўрдик. Ўзимиз хоҳлаган ўйин услубимиз бор ва рақибга шу услубни таклиф қилдик. Балки ўйинимиз зўр чиқмагандир, лекин муҳими ғалаба қозондик. Албатта, хато ва камчиликлар бор, ўзгартиришимиз керак бўлган жиҳатлар кўп. Футболда хатосиз ҳеч нарса бўлмайди.

- Асосий дарвозабон Мергановнинг ҳолати қандай?

- Унда мия чайқалиши бор. Шифокорлар ташхисидан кейин нима бўлгани аниқ кўринади.

- Танаффус пайтида "Сурхон" етакчилари жамоани тарк этишига нима асосий сабаб бўлди?

- Бу саволга тўлиқ жавоб бера олмайман. Чунки жамоамиздан кетган ҳар бир футболчининг бу борада ўз фикри бор. Улар ўз хоҳишига кўра кетишди. Кимдир кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиш, кимдир молиявий томонни кўзлаб кетди. Вазият ҳаммада турлича. Менинг ишим жамоани шуғуллантириш ва ўйинга тайёрлаш. Сафимизда ёшлар бор, шулар билан ишлаймиз. Нима рўй бермасин, "Сурхон" барибир бўлади ва ўз фаолиятини давом эттиради.

- Беҳруз Каримов хатто қайдномада йўқ эди.

- Беҳрузга Жаҳон чемпионатидан кейин дам бердик. У қишдан бери умуман дам олгани йўқ. Бир неча бор терма жамоаларга чақирилди, кейин миллий жамоа билан ЖЧга йўл олди. Ўзини тиклаб олиши учун унга дам беришни лозим топдик. Балки тез орада бошқа чемпионатга йўл олиши ҳам мумкин. Биз эса бошқа футболчилар билан ишлашда давом этяпмиз.

- Бугун "Сурхон" сафида бир нечта ёшлар майдонга тушди. Уларнинг ўйини борасида фикрингиз?

- Ёшлар борасида ҳам ўз режаларимиз бор. Кимдир дебют қилди, кимдир ўзини кўрсатишга интилди.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia