

Sport24 мухбирлари Борис Королёв ва Сергей Козлов Танташевдан унинг автоустахонадан ҳакамликкача бўлган йўли, танқидлар, янги қоидалар, Милорад Мажич билан ишлаши ва Сергей Карасёвнинг салоҳияти ҳақида батафсил сўраб билишди.
"Америкада одамлар футбол билан яшади. Муҳит сезилмади, деган фикрга қўшилмайман"
– ЖЧга боришингизни эшитганингизда нималарни ҳис қилдингиз?
– Таърифлаб бўлмайдиган қувонч. Охирги лаҳзагача ҳеч ким ҳеч нарсани билмасди. Биз Ўзбекистондаги ўйинда ишлашимиз керак эди, бошланишига 10 дақиқа қолганда ёрдамчимга ҳамкасби қўнғироқ қилиб, расмий тайинлов чиққанини айтди. Кийиниш хонасига киришимиз билан кўзимизга ёш келди. Бу орзуга 20 йил бўлганди ва у ушалди.
– Сиз АҚШга учиб келдингиз. У ерда ҳакамлар учун шароитлар қандай эди?
– Ажойиб! ФИФА қулайлик учун ҳамма нарсани қилди: жойлашув, машғулотлар, овқатланиш, тикланиш. Бу айниқса муҳим эди: Майамида жазирама иссиқ эди, ҳамма тинмай терларди, шунинг учун микроэлементлар ўрнини тўлдириш керак эди. Меҳмонхона – беш юлдузли, ҳаммаси кўнгилдагидек.
– Штатларга кўчиб ўтиш истаги туғилмадими?
– Биласизми, мен 45 та давлатда бўлдим, лекин мен учун Ердаги энг яхши жой – Тошкент!
– Кўпчилик АҚШда футбол байрами шукуҳи сезилмаганини айтди.
– Бундай фикрдан ҳайратдаман. Ва унга қўшилмайман. Ҳар бир ўйинда – аншлаг. Жуда катта қизиқиш, турли давлатлардан келган мухлислар сайр қилиб, ҳордиқ чиқаришди. Муҳит ажойиб эди. Қатар ёки Россияда ичкаридан қандай бўлганини билмайман-у, лекин Америкада одамлар футбол билан яшади.
– Зиддиятлар келиб чиқмадими? Ҳар ҳолда ҳакамсизлар – кимдир ишингиздан норози бўлиши мумкин. Айтайлик, сизни таниб қолиб, нималарнидир гапиришни бошлади.
– Ҳаммаси тинч ўтди. Биз бетараф кийинардик ва оммага камроқ кўринишга ҳаракат қилардик.
"Совуқ ҳудудларда сув ичиш танаффуси ортиқча эди"
– ЖЧда бирваракайига қоидалардаги бир нечта янгиликлар синовдан ўтказилди. Қайси бирига ўрганиш энг қийини бўлди?
– Жараҳатлар билан боғлиқ бўлганига. Одам ҳақиқатдан ҳам жароҳат олганми ёки йўқми, шуни тушунишингиз керак. Эҳтимол, сиз унга нисбатан ишлатилган қўполликни ўтказиб юборгандирсиз. Агар бошдан жароҳат олган бўлса, қопқонга тушиб қолиш ва шифокорларни чақириш хавфи катта – ваҳоланки ўйинчига аслида ёрдам керак эмасдир. Шу тариқа сиз унинг жамоасини бир муддат озчиликда қолдирасиз.
– Тўпни ўйинга киритишдаги беш сониялик қоида ҳақида қандай фикрдасиз? Вақт чўзилишининг олдини олиш учун ҳакамлар энди тескари саноқни олиб боришмоқда.
– Бу футбол фойдасига ишлайди. Ўйинчилар шошилишни бошлайди, тўпни тезроқ ўйинга киритади. Вақтни чўзганлик учун сариқ карточка кўрсатиш керак бўлганда бошқа босим ҳис қилмайсиз – ҳаммаси аниқ.
– Оғизни қўл билан тўсиб гапирганлик учун бериладиган қизил карточка ҳақидаги фикрингиз ҳам қизиқ.
– Бунда ҳам мантиқ бор. Агар оғизни тўсиш зиддиятни келтириб чиқарса, қоида ишлайди. Оғизни тўсган ҳолда муштлашувга олиб келиши мумкин бўлган ҳақоратли гапларни айтиш мумкин. Тўғри, ҳакам баъзан буни ВАРсиз кўра олмайди.
– Бу ЖЧда сув ичиш учун танаффуслар турлича реакцияларга сабаб бўлди. Бу ҳақиқатан ҳам ҳар доим зарурмиди?
– Ҳаммаси об-ҳавога боғлиқ. Менинг Парагвай – Франция ўйиним +39 даража иссиқда ўтди – бу чидаб бўлмас иссиқ. Уч дақиқалик танаффус футболчиларни ҳам, ҳакамларни ҳам қутқариб қолди. Совуқ иқлимли ҳудудларда бу ортиқча эди, аммо ФИФА ягона стандарт жорий қилди.
"Ҳа, мен қандайдир иғволарни кўрмадим – лекин Парагвай шунинг учун ютқаздими?"
– Парагвай – Франция, эҳтимол плей-оффдаги энг можароли ўйин бўлди. Якунда юз берган қирғинбаротга тайёргарлик кўрганмидингиз?
– Бутун турнир давомида барча жамоаларни кузатдик. Бу терма жамоалар ўзидан нимани тақдим этишини, аниқ ўйинчилар нимага қодирлигини тушуниб турардик. Шунингдек, ўйиндан олдин таҳлилчилар билан ҳам ишладик – улар тактикани ва стандарт вазиятлардаги ўзига хос жиҳатларни тушунтириб беришди.
– Ўйиндан олдин сизга қандай тавсиялар берилган эди?
– Тушуниб турардим: Франция барча жиҳатлар бўйича кучлироқ эди. Парагвайда фақат битта йўл бор – рақибга футбол ўйнашга йўл қўймаслик. Акс ҳолда ҳисоб йирик кўриниш олади. Шундай бўлди ҳам: дарҳол провокациялар бошланди.
– Нега парагвайликларни жазоламадингиз?
– Вазифа антипровокацияларга илиниб қолмаслик эди: ўйинчи бирор ҳаракат қилганида, рақиб эса реакцияни бўрттиришни бошлаганда. Сариқ карточка ҳеч кимда савол туғдирмайдиган даражада муқаррар бўлиши керак. Агар шубҳали карточка берсангиз, беш дақиқадан сўнг, эҳтимол, иккинчиси учун четлатишга тўғри келади. Ўйиндан кейин четлатиш ёки сариқ карточкалар кўплиги сабабли ютқаздик, деб айтмасликлари учун.
– Вақт ўтиб ўша ўйиндаги ишингизни қандай баҳолайсиз?
– Баъзи вазиятларда тафсилотларни кўра олмасдим – улар мендан яширинган эди. Фақатгина ҳис-туйғуларга таяниб қарор қабул қилиш эса мумкин эмас.
– Ўйиндан кейин сиз кўплаб танқидларга учрадингиз.
– Бунга мутлақо нормал муносабатдаман. Бизнинг ишимизда бу одатий ҳол. Бироқ, бу сўнгги пайтларда менга нисбатан қилинган энг кучли хейт (нафрат) бўлди.
– Буни қандай енгиб ўтдингиз?
– Нормал ҳолатда. Хейт ҳар бир ўйиндан кейин бўлади. Агар Парагвай менинг айбим билан ютқазганида фожиа бўларди. Лекин Франция кейинги босқичга натижага таъсир қилган ҳакамлик хатоларисиз ўтди. Ҳа, мен парагвайликларга сариқ карточкалар бермадим, қандайдир провокацияларни кўрмадим. Лекин улар шунинг учун ютқазишдими? Ёки қаердадир назорат қилмаганим учун кимдир оғир жароҳат олиб, уни касалхонага олиб кетишдими? Ундай бўлмади. Қачонки сенинг айбинг билан жамоа мағлуб бўлиб, Жаҳон чемпионатини тарк этса – бу муаммо. Буниси эса нима бўпти?
– Собиқ ҳакам Шапрон сизнинг ҳакамлигингиз ҳақида шундай деди: "Танташев бутун ўйинни бузган парагвайликларни ҳимоя қилди, ВАРсиз пенальти ҳам бермас эди. Гўёки мен ҳаваскор ҳакамга қараб тургандек эдим".
– У ўз фикрини билдирди. Лекин ҳаваскор ҳакам Жаҳон чемпионатига бориб қолмайди. Бунинг учун улкан ва машаққатли йўлни босиб ўтиш керак.
– Бу ўйин учун сиз "L'Equipe" нашридан ЖЧ тарихидаги энг паст баҳони олдингиз.
– Биринчидан, бу қандай рейтинг ўзи? Бу баҳоларни қандай мезонларга асосланиб қўйишади? Иккинчидан, бу баҳони қўяётган одамлар ким ўзи? Учинчидан, бизнинг ишимизни баҳолайдиган расмий ташкилотимиз бор. Умуман олганда эса ҳар қандай давлат, бир гуруҳ журналистлар ёки собиқ ҳакамлар, экспертлар ўз баҳоларини бериши мумкин. Лекин бу ўша баҳо ҳақиқатан ҳам ушбу ҳакамнинг ишига мос келади дегани эмас.
– Раҳбарият қандай баҳо берди?
– Брифингда карточкалар ўтказиб юборилган эпизодлар таҳлил қилинди. Қайси вазиятларда сариқ бериш кераклигини айтишди.
– Парагвай ўйинидан сўнг сизни ЖЧдан норасмий равишда четлатишгани ҳақида миш-мишлар тарқалди.
– Агар четлатишганида – мени биринчи рейс билан уйга жўнатиб юборишган бўларди. Мен Америкада қолдим, ҳамма билан бирга машғулот ўтказдим. Ҳаммаси одатий тартибда давом этди.
– Яъни чорак финал ва ярим финалда ишлаш имконияти бормиди?
– Эҳтимол, захира ҳаками сифатида ёки ҳатто майдонда ҳам. Умумий ҳисобда мен учта ўйинда ишладим. Баъзи ҳакамларда иккита, баъзиларида битта бўлди, кимдир умуман бошқармади. Бундай вазиятда ЖЧдаги учта ўйинни яхши натижа деб ҳисоблайман.
Олимпиададаги иш ҳақида: "Анрини тушуниш мумкин. Ҳатто мен ҳам ғазаблангандим"
– ЖЧгача сиз Франциянинг ўйинини, ўзида бўлиб ўтган Олимпия ўйинларида бошқаргансиз ва у ерда ҳам можаро келиб чиққан – ВАР жуда узоқ текширгани сабабли. Ўшанда нима бўлган эди?
– Франция Сенегал билан ўйнади. Вазият ўйиндан ташқари ҳолатни аниқлаш билан боғлиқ эди. Ёрдамчим голни ҳисобга олди ва ВАР жуда узоқ текширишни бошлади. Мен ўзим ҳам асабийлаша бошладим. Замонавий технологиялар бўла туриб, офсайд билан боғлиқ қандайдир вазиятни қарийб 3 дақиқалаб текшириш...
Охирида маълум бўлдики, ВАР тизими шунчаки қотиб қолган. Улар ҳаммасини бошқатдан ёқиб, чизиқларни тортишди. Якунда биз бу голни бекор қилдик, чунки барибир офсайд бор эди. У ерда фақат Анри эмас, мен ҳам, бутун стадион ҳам асабийлашди. Лекин нима ҳам қила олардик?
– Францияни ўшанда Тьерри Анри бошқарарди. У билан гаплашдингизми?
– У узоқ текширув сабабли норозилик билдиришни бошлади, лекин ҳаддидан ошмади. Тьеррини тушуниш мумкин. Ҳатто мен ҳам ғазаблангандим.
– ЖЧда сиз яна Австрия – Жазоир ўйинида ишладигиз. Ушбу ўйинда жамоаларга гуруҳдан чиқиш учун дуранг кифоя қиларди. Иккала жамоа ҳам ғалаба қозонишни хоҳлаётгани йўқлиги сезилдими?
– Ҳаммаси жойида эди. Фақат охирида дуранг ҳаммани қониқтиришини ҳис қилдим: бирлари тўпни шунчаки думалатиб юрди, бошқалари прессингдан воз кечди. Шу пайтда қандайдир шубҳа туғилди, лекин бу узоқ давом этмади.
– Чунки Жазоир гол урдими?
– Ҳа. Бу сюрприз бўлди ва ўйин қийинлашади, деб ўйладим. Барибир австрияликлар ҳисобни тенглаштиришлари керак эди ва улар буни уддалашди.
– Бўлаётган воқеаларни футболчилардан бирортаси билан муҳокама қилдингизми?
– Йўқ, мени бундай нарсалар камдан-кам ташвишга солади. Жамоалар қандай ўйнаётгани ва нимани хоҳлаётгани менинг муаммом эмас.
– ЖЧдаги ишингизга умумий қандай хулоса бера оласиз?
– Учта ўйинда ишладим – яхши натижа. Ҳамма ҳакамларга ҳам бунча ўйин тегмади. Албатта, финал босқичларигача қолишни хоҳлагандим, лекин ўхшамади. Демак, шундай бўлиши керак экан.
– Буни шунчалик хотиржам қабул қилдингизми?
– Бу менга олдинга ҳаракат қилишим учун куч, мотивация ва спортча жаҳл берди. Мен ҳали ўз сўзимни айтганим йўқ ва бу мени янада илҳомлантиради. Ҳамма мақсадларга эришилгани йўқ.
"РПЛда ишлай олардим, эҳтимол. Ҳар қандай босимга кўникканман"
– ЖЧда Россия Футбол Иттифоқининг ҳакамлик ва назорат департаменти раҳбари Милорад Мажич инструктор бўлди. У билан ишлаш насиб қилдими?
– Шундай ҳолатлар бўлди. Милорад русчани яхши гапиради, бу эса қулай. Шотландия – Марокаш ўйинидан кейин у бир нечта кўрсатмалар берди: вазиятлардан узилиб қолмаслик, прессинг пайтида эътиборли бўлиш ва вазиятларга яқинроқ жойлашиш. Ҳакамларда шундай тенденция бор: дарвозабон тўпни тепиб юборишини тушунганингиздан сўнг, жамоанинг юқори прессингини унутиб, орқага қайтишни бошлайсиз. Оқибатда эпизоддан узилиб қолишингиз мумкин. Мажич доимо масофадаги мувозанатни сақлашни таъкидлар эди.
– Россияда Мажични кўпчилик, жумладан клублар ҳам танқид қилишади. У кучли мутахассисми?
– Менинг назаримда, бу дунёдаги энг кучли инструкторлардан бири. Унинг тажрибаси ва билимлари жуда қадрли. Бундай инсон билан суҳбатлашиш – катта имтиёз (a big privilege. — Sport24). Милорадда амалий тажриба бор. У тушунади, ҳакамларни ва умуман футболни ҳис қилади. У билан сизнинг омадингиз келган!
– Россиялик ҳакамлардан бирортаси билан алоқада бўлиб турасизми?
– Афсуски, яқин алоқа йўқ. Лекин кўпчилик йигитларни сиртдан биламан. Мен Россияга ўртоқлик ўйинларини бошқариш учун борганман. Ўшанда РПЛдаги йигитлар захира ҳаками бўлишган. Яна эсимда, уч йилча олдин бизга, Ўзбекистонга Кирилл Левников келганди.
– Айнан уни ўтган мавсум якунларига кўра энг яхши ҳакам деб топишди.
– Чин юракдан табриклайман!
– Россиялик ҳакамларни мунтазам равишда танқид қилишади.
– Ҳамма ҳакамларни танқид қилишади. Бизнинг ишимиз шунақа, уни ўзимиз танлаганмиз. Ҳакам 89 дақиқа эшакдек меҳнат қилади, бир дақиқада эса ниманидир ўтказиб юборади – бўлди, у антиқаҳрамон ва футбол занжиридаги энг ёмон ҳалқа. Лекин бу йўлни ўзимиз танлаганмиз. Демакки, тушунишимиз керак: жамоатчилик айнан шундай муносабатда бўлади. Агар буни енгишга куч ва характер бўлса, унда марҳамат. Агар йўқ бўлса – бошқа иш билан шуғуллан.
– Босим нуқтаи назаридан сиз РПЛда ишлай олармидингиз?
– Эҳтимол. Мен ҳар қандай босимга кўникканман – мен учун бу нормал ҳолат. Ҳеч қандай муаммо йўқ. Тушунаман: агар қайғуриб, ўзимни қийнасам – ҳеч нима ютмайман. Мен 2005 йилдан бери ҳакамлик қиламан ва кўп нарсани кўрдим. Менинг терим қалин.
– Россия футболи ҳақида сўнгги савол. Жаҳон чемпионатларида ишлашга Сергей Карасёв жуда интилганди – ва агар Россия четлатилмаганида, бунга албатта эришган бўларди. Карасёвнинг ЖЧда ишлаш истиқболларини қандай баҳолайсиз?
– Бу жуда кучли, саводли ҳакам. Биз Қатарда учрашганмиз. Футболни яхши тушунади.
Ишончим комил, агар у ЖЧга борганида, топ ўйинларни бошқарган бўларди. Ҳатто финалга тайинлов олганида ҳам ҳайрон қолмасдим. Лекин, афсуски, маълум шароитлар сабабли бундай имконият йўқ. Алам қилади. Унинг ҳис-туйғулари ва ҳолатини тушунаман.
"Лутфуллиннинг машинасида мой алмаштираётганимда у футболни тугатдингми, деб сўради"
– Келинг, фаолиятингиз ҳақида гаплашамиз. Сиз 20 ёшингизда автоустахонада ишлагансиз.
– Ҳа, узоқ ўтмишда шундай бўлган.
– Бунга қандай келинди?
– Мен 7 ёшдан 16 ёшгача футбол билан шуғулланганман, кейин жароҳат олдим – айнан болаларни катталар жамоасига олишни бошлашган пайтда. Мени эса ҳеч қаерга олишмади. Бу жиддий инқироз эди. Нима қилишни ўйладим ва институтга киришга қарор қилдим. Ўз олийгоҳим терма жамоасида ўйнадим, лекин бу мутлақо бошқа даража эди. Охиригача ишондим: тикланаман. Зарба беришни фақат чап оёққа қайта ўрганишимга тўғри келди. Якунда мени ҳеч қаерга олишмади. Институтдан кейин эса ҳақиқатан ҳам автоустахонада қўшимча иш сифатида ишлай бошладим. Менинг ҳакамликка кириб келишим айнан шу билан боғлиқ.
– Қизиқ.
– Тасодифан бизникига таъмирлаш учун Ўзбекистонда таниқли ФИФА арбитри – Ноил Лутфуллин келиб қолди. Мен унинг машинаси мойини алмаштираётгандим, Ноил футболни тугатган-тугатмаганимни сўради. Мен эса ростдан ҳам тугатаётган эдим. Лутфуллин ўша пайтда амалдаги, Ўзбекистондаги жуда таниқли топ-даражадаги ҳакам эди. У менга ўзимни ҳакамликда синаб кўришни таклиф қилди. Бошида ҳафтада бир марта болалар ўйинини бошқаришни айтди. Рози бўлдим.
– Янги чорловни қандай қабул қилдингиз?
– Бирдан тушундим: мен ўзимга мос муҳитдаман. Роҳатланардим. Автоустахонада болтларни бураётганимда, ҳеч қандай роҳат йўқ эди.
Кейин Лутфуллин вилоят бўйича турнирларга бориб, қанотда ёрдамчи бўлиб ишлашни таклиф қилди. Бу мени янада кўпроқ жалб қилди. Вақти-вақти билан майдонда ҳам ишладим. Лекин 2010 йилда менга бир қарорга келишни таклиф қилишди ва мен бош ҳакам бўлишни танладим. Шу тариқа Ўзбекистон Суперлигасига кириб келдим. Умуман олганда, Ўзбекистон ҳакамлик мактаби жуда кучли, ўрнак олса бўладиган мисоллар кўп. Худди ўша Равшан Эрматовни олсак, унга захира ҳаками бўлиб тушиш менга насиб қилганди. Ўрганадиган одамлар бор эди.
– Лекин ўша пайтда ЖЧга бораман деб ҳатто хаёл ҳам қилмаган бўлсангиз керак?
– Худди шундай, йўқ. 2005 йилни ҳеч қачон унутмайман. Эндигина ҳакамликни бошлагандим ва уйимнинг ёнидаги бетон майдончада машғулот қилардим. Айлана бўйлаб югуриб, "Эҳ, Жаҳон чемпионатига бориб қолсайдим", деб ўйлардим. Ҳеч бўлмаса битта ўйинга! Балки шунчаки захира ҳаками қилиб қўйишар. Беш йил ўша бетон майдончада югурдим ва фақат орзу қилдим. Ва кўриб турганингиздек – ушалди! Қодир Эгам менинг дуоларимни эшитди, бунинг учун ундан чексиз миннатдорман.
– Ҳакамликни тугатишингиз мумкин бўлган вазиятлар ҳам бўлганми?
– Фаолиятим давомида қандайдир пайтларда чидаш қийин бўлган катта танқид ва босимларга дуч келганман. Айниқса, шаклланиш босқичида, ёш бўлганим ва кўп нарсани тушунмаганимда. Шундай пайтларда ҳаммасини ташлаб, қаергадир кетиш фикрлари келарди. Лекин етук ёшда ҳаммасига онгли равишда ва тушунган ҳолда қарайсиз: ҳамма жойда тўсиқлар бор, агар характер бўлмаса – ҳеч қаерда ҳеч нимага эриша олмайсиз. Ҳакамликда характер, сабр ва совуққонлик жуда муҳим. Ҳар бир омадсизлик ортидан омад келади ва аксинча.
– Бутун фаолиятингиз давомида уят ҳис қилган ўйинларингиз бўлганми?
– Очиқ айтаман: бўлган. Асосан бу ВАР тизими жорий этилишидан олдинги ўйинлар эди. Ҳақиқий ҳалокат – жамоа мағлуб бўлишига сабаб бўладиган хатога йўл қўясиз ва буни тўғирлаб бўлмайди. Футболчилар натижага эришиш учун майдонга тушиб, борларини бериб ўйнашади. Ва қандайдир одам сенга ҳаммасини бузиб қўйса... Ахир мен ўзим ҳам ўйнаганман ва ҳаммасини тушунаман. Бошқа томони шундаки, футболчилар ҳакамни бошқача ракурсда кўришади.
– Қандай?
– Уларга ҳаммаси атайлаб ва онгли равишда қилинаётгандек туюлади. Ҳакам хато қилиши мумкинлигини тушунишмайди. Футболчилар учун ҳамма вазиятлар яққол кўриниб туради. Аслида уларни ҳакамнинг хатоси эмас, мағлубият ташвишга солади. Буни ҳакам пенальти белгилагани ёки белгиламагани, ёки кимнидир четлатгани билан қабул қилиш осонроқ. Бу психология.
– Сиз фаолиятингиздаги биринчи Жаҳон чемпионатида ҳакамлик қилдингиз. Кейин-чи?
– Нимадир глобал нарса ҳақида ўйлаётганим йўқ. Албатта, яна бир марта Жаҳон чемпионатига бориш учун ҳаракат қиламан ва ҳамма нарсани қиламан, лекин вақт кўрсатади. Миямда 2030 йилда аниқ турнирга бораман деган фикр йўқ. Боришни хоҳлардим... Яна бир марта боришни ким ҳам хоҳламайди дейсиз? Сўзда эмас, майдонда исботлаш керак. Агар исботласам ва яхши формада ҳамда эмоционал ҳолатда эканимни кўрсатсам, одамлар буни баҳолашса, унда нимадир ўхшаши мумкин.



