“Биз ўзимизнинг энг юқори даражамизни кўрсатишимизга тўғри келади” — Горан Томич

24 ноя 2026, 21:57
ОФК Чемпионлар лигаси-2 доирасидаги “Насаф” — “Ал-Холидия” учрашуви олдидан ўтказилган матбуот анжуманида меҳмонлар бош мураббийи Горан Томич ва футболчи Сейдина Дабо журналистлар саволларига жавоб берди.

— Горан Томич, бўлажак учрашув ҳақидаги дастлабки фикрларингиз…

 — Барчага хайрли кеч. Ўйлашимча, бу ҳар икки жамоа учун жуда муҳим ўйин. Ҳозир босқичнинг ҳал қилувчи палласи келди ва иккала жамоа ҳам ғалаба учун ҳаракат қилади ҳамда ўйинда ғалабани излашга интилади. Биз ушбу жамоа билан Баҳрайнда тўқнаш келдик ва уларга қарши ўйнадик. Кўриниб турибдики, “Насаф”да яхши жамоа бор, яхши индивидуал футболчилар жамланган. Ғалабага эришиш учун биз ўзимизнинг энг юқори даражамизни кўрсатишимизга тўғри келади. Биз тайёрмиз ва эртанги учрашувни интиқлик билан кутяпмиз.

— Сейдина Дабо, сизнинг фикрингиз қандай?

 — Барчага хайрли кеч. Аввало, шу ерда бўлганингиз учун раҳмат. Бу ўйинни интизорлик билан кутяпмиз, осон синов бўлмаслигини биламиз. Албатта, биз жуда яхши тайёргарлик кўрдик ва астойдил ишладик, чунки рақиб жамоа нималарга қодир эканлигини биламиз. Эътиборимиз бирлашган ҳолда ҳаракат қилишга қаратилган, нима қилишимиз кераклигини яхши биламиз. Раҳмат.

— “Насаф” билан биринчи учрашувдан кейин жамоани қанчалик даражада ўргандингиз? Сизга энг кўп ташвиш туғдираётган жиҳатлар — “Насаф”нинг қайси нуқталари ҳисобланади? 

— “Насаф”га қарши илк ўйинда уларнинг ўйин услубига аниқ тайёргарлик кўрган эдик. Бу жанговар руҳга эга, жипслашган жамоа. Яхши жамоавий ўйинни кўряпман, бош мураббийнинг меҳнатини қадрлайман — улар нима қилишни хоҳлашларини билишади ва жисмоний жиҳатдан ҳам жуда яхши ҳолатда. Шу сабабли футболчиларимдан ушбу ўйинда бор кучини ишга солишни сўрадим. Яна бир бор таъкидлайман: уларни мағлуб этиш учун энг юқори савиямизни намойиш этишимиз керак.

— Жамоа таркибида йўқотишлар борми? Жамоа тўлиқ таркибда ўйинга олиб келиндими? 

— Жамоанинг барчаси шу ерда, барча футболчилар сафда. Эртанги учрашув олдидан асосий таркибга кирадиган 11 нафар футболчини аниқлаймиз, барча тайёр.

— Эртанги ўйин гуруҳдаги тақдирни ҳал қиладиган баҳс, устига-устак сафарда ўйнаяпсизлар. Бундай ҳолат жамоадошларингизга босим ўтказадими? 

— Менимча, ҳеч қандай босим йўқ, чунки ўз кучимизни биламиз. Ҳар бир футболчининг ўзига хос жиҳатлари бор, ҳали ошкор қилинмаган жиҳатларимиз ҳам кўп. Мен учун энг муҳими — жамоадаги муҳит аъло даражада, ҳамма ўз ишини яхши бажаряпти. Диққатимиз ўйин режасига содиқ қолиш ва бор кучимизни беришга қаратилган. Майдонда нима юз беришидан қатъи назар, бунга тайёрмиз. Раҳмат.

Эслатиб ўтамиз, “Насаф” — “Ал-Холидия” баҳси 25 ноябрь куни 18:45да бошланади.

Ўхшаш янгиликлар

Манба: championat.asia