Марокаш федерацияси CAS'нинг Сенегални Африка Кубоги ғолиби деб тан олиш ҳақидаги қарори устидан шикоят қилади

24 ноя 2026, 23:00
Марокаш Қироллик футбол федерацияси (FRMF) Спорт арбитраж судининг (CAS) Африка Миллатлар Кубоги ғолиби борасидаги қарори юзасидан апелляция беради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Африка футбол конфедерацияси (CAF) Марокашнинг шикоятини қаноатлантирган ва 98-дақиқада Браим Диасга нисбатан ишлатилган қўполлик учун белгиланган пенальтидан сўнг майдонни тарк этгани сабабли турнир финалида Сенегал терма жамоасига 0:3 ҳисобидаги техник мағлубият ёзган эди. Сенегал ушбу қарор устидан шикоят киритди ва бугун CAS Марокашдан учралган техник мағлубиятни бекор қилиб, Сенегал терма жамоасини мусобақа ғолиби деб тан олди.

"Марокаш Қироллик футбол федерацияси (FRMF) бугун, 2026 йил 24 ноябрь, сешанба куни Лозанна (Швейцария) шаҳрида Спорт арбитраж суди (CAS) томонидан чиқарилган қарорни маълумот учун қабул қилди. Қарор Сенегал футбол федерацияси томонидан Африка футбол конфедерацияси (CAF) Апелляция қўмитасининг 2025 йилги Африка Миллатлар Кубоги финал учрашуви юзасидан чиқарган қарорига нисбатан берилган шикоятга тааллуқлидир.

Шу муносабат билан FRMF ўз талаби эътиборсиз қолдирилганидан ҳайратда эканини билдиради ва расмий норозилик эълон қилади — хусусан, арбитраж жараёнининг яхлитлиги ва ишончлилигига путур етказувчи ҳаракатларга нисбатан тегишли ҳуқуқий оқибатларни қўллаш талаби инобатга олинмаган.

Бу ҳолат қарор чиқарилишидан 48 соат олдин германиялик арбитр Ульрих Хаас ва Сенегал футбол федерацияси президенти ўртасида алоқалар бўлгани тасдиқланганидан сўнг юз берди.

Бундан ташқари, FRMF қарорда Халқаро футбол ассоциациялари кенгаши (IFAB) ва ФИФА томонидан футболчиларнинг ҳакам рухсатисиз майдонни тарк этиши, шунингдек, тегишли мажбуриятлар ва интизомий санкциялар борасида яқинда шакллантирилган позиция ҳисобга олинмаганини қайд этади.

Шу боис, Марокаш Қироллик футбол федерацияси Спорт арбитраж суди қарорига эътироз билдириш учун барча мавжуд ҳуқуқий механизмлардан фойдаланиш ниятини тасдиқлайди", — дейилади FRMF баёнотида.

Ўхшаш янгиликлар

Манба: FRMF

Сўнгги янгиликлар

Барча ›