Ильгиз Танташев: "Жаҳон чемпионатида иштирок этиш — энг катта орзуларимдан бирининг ушалишидир"

Iskandarov Abdulaziz
23 июн 2026, 13:40
Бу йилги Жаҳон чемпионати нафақат футбол терма жамоамиз балки ҳакамлар жамоамиз фаолиятида ҳам янги саҳифа очмоқда.

Ильгиз Танташев фаолиятида биринчи маротаба мундиалда ишлаш бахтига муяссар бўлди. Ўзбекистонлик ФИФА рефериси иккинчи турда Марокаш - Шотландия беллашувида фаолият олиб борди. Илгиз Танташев ЎФА матбуот хизматига берган интервьюсида илк қадамлари ва Жаҳон чемпионатигача босиб ўтилган йўл ҳақида сўзлаб берди.

Футболдан ҳакамликкача бўлган йўл
"1984 йили Бухорода туғилганман. Етти ёшимдан бери футбол ичидаман, аммо ўзимни юқори даражадаги футболчи деб ҳисобламаганим учун асосий жамоагача етиб бора олмадим. Истиқболли фаолиятимни 15–16 ёшгача давом эттириб, сўнг олийгоҳга ҳужжат топширдим ва у ерда ҳам талабалар жамоасида тўп тепдим.
Ўша кезларда машҳур ҳакам Ноил Лутфуллин мен таҳсил олган мактабда фаолият юритарди. Кунларнинг бирида Ноил Решатович менда ҳакамлик қобилияти борлигини пайқаб, ўзимни шу соҳада синаб кўришни таклиф қилди. Мен рози бўлдим. Дастлаб ҳар якшанба куни болалар ўртасидаги баҳсларни бошқардим. Секин-аста тажрибам ортиб, Иккинчи лига ва Республика чемпионатларига ёрдамчи ҳакам сифатида жалб этила бошладим. 2010 йилга келиб, фаолиятимда жиддий танлов қаршисида қолдим: ё бош ҳакам, ёки ёрдамчи ҳакам бўлишим керак эди. Якунда асосий ҳакамлик йўлини танладим ва 2013 йилда ФИФА ҳаками мақомига эришдим.

photo_2026-06-23_13-27-22.jpg


Тил тўсиғи ва энг қийин имтиҳон
Исталган футболчи ёки ҳакам майдонга мукаммал тайёргарлик билан тушиши шарт. Фаолиятимдаги энг мураккаб учрашув ўтган йили Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати доирасидаги "Бока Хуниорс" — "Интер" баҳси бўлди. Аргентина жамоаси футболчилари фақат испан тилида гаплашишарди, мен эса бу тилни билмасдим. Тил тўсиғи ўйинни бошқаришни анча қийинлаштирган.


Ўзбекистон ҳакамлик мактаби ҳақида
Ўзбек ҳакамларини дунёда энг кучлиси деб айта олмасам-да, улар бемалол рақобатга кириша олишига ишонаман. Кўплаб Осиёлик ҳамкасбларимни кузатганман ва айта оламанки, Тимур Тўхтасинов, Шавкат Насибуллаев каби ҳакамларимиз юқори савияли ҳамда сифатли кадрлардир.


Жаҳон чемпионати — ушалган орзу
Бу йилги Жаҳон чемпионатида иштирок этиш — энг катта орзуларимдан бирининг ушалишидир. Албатта, бундай нуфузли турнирга лойиқ кўрилишнинг ўз талаблари бор. Ҳакам ўз мамлакатида юқори даражали мусобақаларни барқарор бошқариши, тинимсиз жисмоний машғулотлар билан шуғулланиши ва энг муҳими — майдонда футболчиларни тушуниши лозим. Инсон борки, хато қилади, бироқ бизнинг вазифамиз ушбу хатоларни максимал даражада камайтиришдир.
Руҳий босим билан ўйиндан олдин курашиш лозим. Майдонга тушдингизми, фақат ўз билимингиз ва кўрганингизга ишонишингиз шарт. ВАР (VAR) тизими футболга фақат ижобий янгилик олиб кирди, деб ҳисоблайман. Илгари ҳакамда йўл қўйган хатосини тўғрилаш имкони йўқ эди. Ўйиндан кейин ноҳақ пенальти қўйганини билган ҳакам нималарни ҳис қилишини тасаввур қилинг — бундай ҳис-туйғу билан яшаш жуда оғир. ВАР эса бизга иккинчи имкониятни тақдим этади, ўйинга адолат ва шаффофлик олиб киради".

Ўхшаш янгиликлар


Iskandarov AbdulazizМуаллиф
Манба: ЎФА матбуот хизмати

Сўнгги янгиликлар

Барча ›