

Унинг таъкидлашича, электр таъминоти 4 сентябрь куни кундузи соат 11:00 атрофида тўхтатилган бўлиб, мана учинчи кундирки ҳолат ўзгаришсиз қолмоқда.
Чироқ ўчирилиши оқибатида ўйингоҳ ҳудудида жойлашган барча ташкилотлар – логистика фирмалари, Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси (ЎзПФЛ), "Бунёдкор" клуби, стадион маъмурияти ва бошқа ижарачиларнинг фаолияти тўхтаб қолган. Матбуот котиби ушбу вазиятни электр тўлови учун юзага келган қарздорлик билан изоҳлаб, тўловчининг нафақат бунга, балки ойлик маошларни беришга ҳам қурби етмаётганини билдирган. Бундай оғир ҳолатга йил аввалида қабул қилинган тушунарсиз қарор сабаб бўлгани айтилмоқда.
Ўз постида Фурқатбек Нишонов Ўзбекистон миллий терма жамоасининг яқин орада "Бунёдкор" стадионида ўйини бор-йўқлиги ҳақида киноя билан савол берган. Унинг фикрича, фақатгина терма жамоа ўйини баҳонаси билангина стадионга қайта электр берилиши ва майдон чими янгиланиб, клуб яна ўз уйида майдонга тушиши мумкин. Шунингдек, у муассиснинг бу инқироздан хабари бор-йўқлиги номаълумлигини, раҳбариятнинг асосий эътибори куни кеча Осиё чемпионати йўлланмасини қўлга киритган ёшларга қаратилган бўлиши мумкинлигини қўшимча қилган.




