Иван Бошкович: "Бунёдкор" олдин ҳам қийин вазиятларда оёққа туришда ўзида куч топа олган"

4 сен 2026, 22:41
Суперлиганинг 20-тури доирасида "Бунёдкор" - "Сурхон" учрашувидан кейинги матбуот анжуманида мезбонлар бош мураббийи Иван Бошкович ўз фикрларини билдирди.

- Футболни ва Ўзбекистонни соғинибман. Ўйин ҳақида нима дейишим мумкин? Кеча учрашувга пухта тайёргарлик кўрдик, рақибни яхши таҳлил қилдик. Йигитлар бугун майдонда муносиб ҳаракат қилишди. "Бунёдкор" илгари кўрсатган ўйин услубига хос ҳаракатланди. Мен талаб қилган нарса — тартиб ва интизомга риоя этишди, ўз имкониятларини кутишди. Тўпни олиб қўйгандан сўнг ҳужумга ўтиш фазаси бўйича аниқ вазифа берилганди. Ўйлайманки, бу тактика бир неча бор иш берди, фақат гол уриш учун бироз аниқлик етишмади.

​Энг муҳими, майдонда ҳақиқий жамоани кўрдим. Йигитлар таслим бўлишмади, охиригача курашишди. Бугун мағлубиятга учрамаслик биз учун жуда муҳим эди. Қизил карточка ўйинга бироз таъсир қилди, албатта. Биласиз, майдонда бир киши кам бўлиб қолиш ҳимояланишни қийинлаштиради. Шунга қарамай, футболчиларга эътирозим йўқ. Улар сифатли футбол кўрсатишди. Ишлашда давом этамиз, тушкунликка тушмаймиз. Олдинда яна 10 та ўйин бор — бу 30 очко дегани. Ҳар бир баҳсда ўз очколаримиз учун охиригача курашамиз. Вазиятни ўнглашнинг имкони бор. Мен бунга ишонаман, шу боис бу ерга кайтдим.

​— Хайрли кеч. Умид қиламизки, матбуот анжуманларини сиз ҳам соғингансиз. Ўйиндан олдин ОАВда "Бунёдкор" бир неча кун машғулот ўтказмагани, Тошкентга яқиндагина учиб келиб, кеча бир мартагина шуғуллангани ҳақида хабарлар тарқалди. Тайёргарлик жараёни қандай кечди? Клуб раҳбарияти билан нималарни муҳокама қилдингиз? Жамоа 10-ўринга тушиб кетган бўлса-да, олдинда 10 та ўйин бор. Жорий мавсумдаги асосий мақсад нимадан иборат?

​— Асосий мақсад — Суперлигада ўз ўрнимизни сақлаб қолиш. Қандай йўл билан бўлмасин, плей-оффсиз вазифани уддалаймиз, деб ўйлайман. Бу — биринчи галдаги вазифа. Кейингисини вақт кўрсатади. Кучимизга ишонаман. Охиригача курашамиз, таслим бўлиш йўқ. "Бунёдкор" аввал ҳам мураккаб вазиятларни бошдан кечирган ва ҳар сафар оёққа туриш учун ўзида куч топган. Бу сафар ҳам шундай бўлади.

​Тайёргарликка келсак, майдонда кўп нарсани синаб кўришга вақт етмади. Лекин рақибни атрофлича таҳлил қилиб, ўзимизнинг кучли томонларимизга таяндик, уларнинг заиф нуқталаридан ва тезлигимиздан фойдаланмоқчи эдик. Бу тактика бир неча бор ўхшади, аммо якуний натижани бермади. Энг муҳими, футболчилар кўрсатмаларимни тўлиқ бажаришди. Мураббий сифатида бундан қониқдим. Бу таркиб бундан-да яхшироқ натижаларга лойиқ. Ҳозир айрим футболчиларимиз жароҳат олишган, тажрибали ўйинчилар сафга қайтгач, ўйин сифати янада яхшиланади.

​— Жамоада пасайиш кузатилган вақтда янги мураббийнинг келиши футболчилар учун қўшимча мотивация беради. Бу улар учун ўз имкониятларини кўрсатишга янги имкониятдир. Бугун майдонда ана шундай руҳий кўтарилишни сездингизми?

​— Бугун майдонда тартибли ва бор эътиборини ўйинга қаратган жамоани кўрдим. Спортда ҳам, ҳаётда ҳам машаққатлар инсонни тоблайди. Мураккаб вазиятни ёш футболчилар учун ўсиш ва тажриба орттириш имконияти деб биламан. Якуний мақсадимиз — "Бунёдкор"ни элитада сақлаб қолиш. Олдимизда уч ой вақт бор, вазиятни ўнглаш учун жуда кўп ишлашимиз керак.

IMG_20260904_201923.jpg

​— Одатда янги мураббий келгач, жамоада руҳий кўтарилиш юз бериб, натижалар тез орада яхшиланади. Футболчиларингизда шу каби ижобий ўзгаришни пайқадингизми?

​— Ижобий жиҳатлар жуда кўп бўлди. Очиғи, майдонда ҳаяжон юқорироқ бўлишини кутгандим, аммо йигитлар совуққонлик билан ҳаракат қилишди. Қалбида ўт билан, лекин ақл билан ўйнашгани учун уларга раҳмат айтаман. Жамоа таркибига реал баҳо берсак, маҳоратли вакиллар билан бир қаторда жуда ёш футболчилар ҳам кўп. Шу боис психологик ҳолат натижага бевосита таъсир кўрсатади. Ҳозирги вазифамиз — кайфиятни кўтариш ва тўғри мотивация бериш. Бу вазият кўплаб ёшлар учун ўзларини кўрсатишга катта имкониятдир. "Бунёдкор" илгари ҳам шундай оғир дамларда янги номларни кашф этган.

​— "Бунёдкор" академиясида узоқ йиллар ишлагансиз. Кўпчилик клубларда маблағ етарли бўлганида ёшлар четда қолиб, қимматбаҳо легионерлар таклиф этилади. Пул камайгач эса яна академия тарбияланувчиларига мурожаат қилинади. Сизнингча, Ўзбекистон футболида нега бундай тизимли муаммо сақланиб қолмоқда?

​— Ҳар бир клубда аниқ ва узоқ муддатли стратегик режа бўлиши керак. Жамоаларнинг молиявий имкониятлари ва олдига қўйган вазифалари турлича. "Бунёдкор"да бошқа баъзи клублардагидек катта бюджет йўқлиги ва кучли академия мавжудлигини инобатга олсак, асосий эътиборни маҳаллий ёшларга қаратишимиз табиий ҳол. Бошқа клубларнинг сиёсати бўйича эса ўша клублар раҳбарияти жавоб беради. Биз — мураббийлар, мавжуд имкониятдан келиб чиқиб, раҳбарият талабини бажаришимиз керак. Мен учун футболчининг ёши ёки туғилган йили муҳим эмас. Ким ҳозирги вазиятда жамоага ёрдам бера олса, ўша майдонга тушади.

​— Сизнинг "Бунёдкор"га қайтишингизда мураббийлар штабидаги ёрдамчингизнинг отаси — клуб директори Мурод Алиевнинг алоқаси борлиги ҳақида тахминлар билдирилмоқда. Бу омил қарорингизга қанчалик таъсир қилди?

​— Одамлар турли гап-сўзларни айтишлари мумкин, бу табиий. Мен ўз ишимни қиламан. Мураббийни ҳар доим натижа ушлаб туради. Натижа бўлмаса, истеъфога чиқасиз. Буни жуда яхши тушунаман. Энг муҳими — ўз кучимга ва бу вазиятдан чиқиб кета олишимизга ишонаман. Шу боис миш-мишлар менга таъсир қилмайди.

​— Яъни, мураббийлар штабида клуб раҳбарининг фарзанди ишлаётгани сизга ноқулайлик туғдирмайдими?

​— У — ўз ишининг устаси. Биз биргаликда олти йил давомида муваффақиятли фаолият олиб борганмиз. Унинг инсоний ва профессионал фазилатларига тўлиқ ишонганим учун ҳамкорликни давом эттиряпмиз. Илгари ҳам биргаликда яхши натижаларга эришганмиз, бу сафар ҳам шундай бўлишига ишонаман.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia