Ҳумоюн Шербўтаев: "Нефтчи" билан учрашувда ҳам ижобий натижа қайд этишга ҳаракат қиламиз"

Оқил Абдубарноев
5 сен 2026, 12:00
"Сурхон" ярим ҳимоячиси Ҳумоюн Шербўтаев Суперлига 20-туридан ўрин олган "Бунёдкор"га қарши ўйин ҳақида фикрлари билан ўртоқлашди.

– Ғалаба билан табриклайман. Ўйин ҳақидаги таассуротларингиз билан ўртоқлашсангиз.

– Учрашув оғир кечишини олдиндан билар эдик. Яратганга шукур, якунда ғалабага эришдик. "Бунёдкор" ҳам кучли жамоа ҳисобланади. Рақибнинг заиф томонларини синчковлик билан ўрганиб чиқдик ва мақсадимизга эришиб, муҳим ғалабани қўлга киритдик.

– Жамоа ушбу баҳсга қандай руҳиятда етиб келди? Боиси, аввалги учрашувда – Ўзбекистон кубоги доирасида жамоа Биринчи лига вакили "Гулистон"га имкониятни бой бериб қўйган эди. Бунга нима сабаб бўлди? Рақибга нисбатан етарлича баҳо берилмадими?

– Ҳар қандай ҳолатда ҳам мағлубиятда фақат ўзимиз айбдормиз. Демак, қайсидир жиҳатларда тайёргарлик етарли даражада бўлмаган. Ўша муваффақиятсизликдан сўнг бугунги учрашувга барча футболчилар юқори руҳий тайёргарлик билан тушди. Бугунги баҳсда ғалаба қозонишимиз шарт эди. Мусобақа жадвалидаги ўрнимизни яхшилаш учун ҳам иложи борича юқори поғоналарга кўтарилишимиз лозим.

– Бугун қимматли уч очко қўлга киритилди. Бироқ умумий олиб қараганда, "Сурхон" ҳамон турнир жадвалининг қуйи қисмида, хавфли ҳудудда қолмоқда. Бу ҳолат жамоа руҳиятига қанчалик таъсир ўтказмоқда? Хавотир уйғотмаяптими?

– Албатта, бу ҳолат маълум маънода хавотирга солади. Бироқ бу борада жиддий хавотирга ўрин йўқ деб ҳисоблайман, чунки олдинда ҳали баҳслар кўп. Яна 9–10 та тур бор. Очколарни кўпайтириб олиш учун имконият етарли. Худо хоҳласа, бор куч-ғайратимизни ишга солиб, турнир жадвалида юқорига кўтарилишга ҳаракат қиламиз.

– Навбатдаги турда "Нефтчи"га қарши майдонга тушасизлар. Хабарингиз бор, ҳозирда "Нефтчи" биринчи бўлим якунига кўра "Насаф"га 0:4 ҳисобида имкониятни бой бермоқда. Бўлажак рақиб ва бўлажак учрашув ҳақидаги фикрингиз?

– Футболда турли натижалар бўлади: кимдир ғалаба қозонади, кимдир мағлубиятга учрайди. "Насаф" кучли жамоа, улар оддий рақиб эмас. Кейинги баҳсимиз эса "Нефтчи"га қарши бўлади. Ушбу ўйинни интиқлик билан кутяпмиз. Ҳар қандай ҳолатда ҳам стадион, мухлислар ва кучли рақиб бизни кутмоқда, жуда қизиқарли учрашув бўлади. Майдонга ўзгача шижоат билан тушамиз. Худо хоҳласа, "Нефтчи" билан учрашувда ҳам ижобий натижа қайд этишга ҳаракат қиламиз.

Ўхшаш янгиликлар


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: Championat.asia