

Унда тижорат, ТВ трансляция ва иқтисодий жиҳатларга эътибор қаратилган.
“Сўнгги пайтларда ўзбек футболи атрофида энг кўп муҳокама қилинаётган мавзулардан бири — "клублар ўзини ўзи молиялаштириши керак" деган талабдир. Бу борада кўпинча Европа, хусусан, Англия клублари мисол қилиб келтирилади. Аммо футбол осмондаги алоҳида сайёра эмас, балки давлат иқтисодиётининг тўғридан-тўғри кўзгусидир.
Келинг, Англиянинг топ-грандлари билан эмас, балки оддий ўртамиёна жамоаларининг даромад манбаларини кўриб чиқамиз ва уни ўзимизнинг реаллик билан солиштириб, бу талаб бугунги кунда қанчалик мантиқли эканлигини таҳлил қиламиз.
Англия ўртамиёналари қандай пул топади?
Агар "Астон Вилла" мисолига қарайдиган бўлсак, уларнинг асосий даромад манбаи — 60-65 фоиз улуш билан телетрансляциялардир.

Тижорат ва ҳомийликдан тушадиган фойда 20-25 фоизни ташкил қилса, стадиондаги ўйин кунидан (Matchday) топиладиган даромад 15 фоиз атрофида.
Ёки "Кристалл Пэлас"ни олайлик:
* ТВ трансляция — 75 фоиз
* Тижорат ва савдо — 16 фоиз
* Ўйин куни даромадлари — 9 фоиз атрофида.

Кўриб турганингиздек, асосий юк ТВ ҳуқуқларига тушяпти. Агар клуб қуйи лигага, яъни Чемпионшипга тушиб кетса, айнан мана шу энг катта даромад манбаидан (деярли 75 фоиздан) айрилади.
Чемпионшипда ҳам ТВдан даромад бор, лекин фарқ ер билан осмончалик — 10-15 баробар кам.
Шунинг учун АПЛ Чемпионшипга тушиб кетган жамоа йўқ бўлиб кетмаслиги учун "Парашют тўловлари" (Parachute payments) орқали 3 йил давомида ёрдам пули бериб туради. Ундан ташқари, ҳомийлик орқали келадиган пуллар ҳам Чемпионшипга тушиб кетган жамоада кескин тушиб кетади.
Қолган даромадлар ҳам чакана эмас. АПЛ клубларининг битта формаси сифатига қараб $95 дан $170 гача сотилади. Ўйинга кириш учун оддий чипталар $50–$105, ВИП чипталар эса $195–$390 атрофида туради.
Ўзбекистон реаллиги: Иллюзия ва Тўсиқлар
Энди шу рақамларни ўзимизнинг шароит билан солиштирсак.
Телетрансляциялар.
Англияда Чемпионшипга тушган жамоани АПЛ боқади, бизда эса ТВ ҳуқуқини миллионларга сотиш уёқда турсин, баъзан каналларга (масалан, Sport TV) трансляцияни ташкил қилиши учун клубларнинг ўзи ёки ПФЛ ёрдамлашишига тўғри келади.
Бизнинг лига ТВдан фойда олиб, клубларни боқадиган даражага етиб бориши учун ҳали қанча вақт кераклиги номаълум.
Эски Ўзбекистон даврида бирор бир тадбиркорга ҳомийлик ҳақида оғиз очсангиз, "Ока, қўйинг. Тинчлик керак. У-бу жойда номимиз чиқиб қолса, югуриб келишади, муаммо керакмас" деган жавобни эшитардик. Ҳозир вазият бироз яхшироқ, лекин қилинадиган ишлар ҳали кўп.
Масалан, клублар стадион номини (Naming rights) сота олмайди, чунки стадионлар ҳокимиятга тегишли.
Қолаверса, ПФЛнинг ҳомийси бўлган ташкилотнинг рақобатчиси бўлган компания билан ишлай олмаймиз. Яъни ПФЛ "Пепси" билан ишласа клублар "Кока Кола" билан ишлай олмайди. Маркетинг этикаси бўйича ПФЛни тўғри тушунса бўлади. Уларнинг ҳомийлари бунинг аксига рози бўлмайди ҳеч қачон.
Ўйин куни ва Тижорат (Matchday).
Бошқа давлатларда стадионлар қандай ишлашини билмадим-у, аммо бизда Тошкентда тузукроқ "кейтеринг" хизматларини йўлга қўйиш ҳам бир масала. Ташкилот номларини айтиб ўтирмайман. Лекин, ҳар гал ҳар хил ташкилотлардан рухсат олишинг керак. Буни эса ҳеч қайси кейтерингчининг қилгиси йўқ. Лекин, бу ҳал қилса бўладиган масала.
Формалар савдоси ҳам ўзига яраша мураккаб: мухлислар маҳаллий футболчининг оригинал формасини 100 долларга олмайди ҳеч қачон. Ундан кўра бозордан ясама формани олиб қўя қолади. Унинг устига маҳаллий ўйинчининг формасини кийгандан кўра, Роналду ёки Мессининг футболкасини кийиб юришни афзал кўради.

Чипталар масаласига келсак, Англияда энг арзон чипта 50 доллар туради. Бизда эса яқиндагина кириш билетини 50 000 сўм қилиб қўйсак, одамлар "намунча қиммат" дейишди. Бундаги вазиятни ҳам билиб олаверинг. Тўғри водийда вазият сал яхшироқ.
Иқтисодиёт кўзгуси: ЯИМ ва Маошлар
Футболни солиштиргандан кейин, мамлакатларнинг харид қобилиятини ҳам солиштириш адолатдан бўлади.
Аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ бўйича Буюк Британия Ўзбекистондан тахминан 14.5 баробар олдинда (йилига ~$57,600 га қарши ~$4,000).
Ўртача ойлик иш ҳақидаги фарқ ҳам шунга яраша — 7-8 баробар. Инглиз ходими барча солиқлардан кейин қўлига ўртача $3,055 олса, Ўзбекистонда бу кўрсаткич ўртача $440 (тахминан 6,3 млн сўмлик маошдан солиқлар ушлангач, 5,6 млн сўм атрофида) тегади.
Иқтисодиётда "эркин даромад" тушунчаси бор. Одамлар аввал базавий эҳтиёжларини қондирмагунча, футбол клублари тижорий жиҳатдан ривожлана олмайди. Футбол ўзини ўзи боқиши учун давлат ҳам шунга яраша ривожланган бўлиши, бизнес эркин бўлиши, монополия ва коррупция бўлмаслиги керак.
Президентимиз бу ишларни амалга оширишга ҳаракат қиляпти. Лекин уларнинг келганига энди 9 йил ўтди. 9 йил ичида Англия ёки Япония даражасига чиқиб қола олмаймиз.
Одамлар кўп пул топиб, шунга яраша футболга пул ишлатишни бошлагандагина, клублар ҳам табиий равишда пул қилишга ўтади. Бўлмасам, маҳалламдаги амакиларга ўхшаб "Футболга тушсангиз-чи?" дейилса, "Қўйсанг-чи, ундан кўра тирикчилигимни қиламан, ҳисобни радиодан ҳам билиб оламан" деб юраверади.
Яқинда Қаҳрамон Асланов бир мақоласида "лицензиялаш бўйича баҳолаш клубларнинг ишлаб топган пулига қараб бўлиши керак" деган мазмунда ёзган эди. Аммо реалликка тик қарайдиган бўлсак, бундай кескин талаб ҳатто Европа футболининг чўққиси бўлган УЕФАда ҳам йўқ. Қолаверса, ОФК ҳам бутун Осиёда футболни ўлдирадиган даражада аҳмоқ эмас. Агар бу талаб бўйича ишланса, Осиё футболида фақат Япония қолади ва улар ўзи билан ўзи ўйнаб юришга мажбур бўлади.
Лекин шу Япония ҳам бугунги даражасига осмондан тушиб қолмаган, уларни ҳам шу даражага чиққунга қадар давлат кучли қўллаб-қувватлаган. Вақтида давлат пулига ёши ўтиб қолган бўлса-да, жаҳон даражасидаги юлдузлар олиб келинган ва шу орқали одамлар стадионга қайтарилган. Давлат томонидан клубларга стадионлар қуриб берилган.
Унинг устига, японлар шундай халқки, улар ҳар қандай вазиятда биринчи ўринга ўзиникини қўяди. Масалан, "Реал Мадрид" ўйнаб турган бир вақтда маҳаллий жамоасининг ўйини бўлса, япон мухлиси ҳеч қачон "Реал"ни биринчи, ўзиникини эса охирги ўринга қўймайди. Шунинг учун ҳам уларда ҳатто 3-лигада ҳам стадионлар тўлади.

Бизда эса вазият бошқачароқ. Яқиндагина Тошкент шаҳар собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев замонавий стадион қуриб, унинг атрофида кўнгилочар парк ва аттракционлар барпо этиш орқали клубни маълум маънода ўзини ўзи боқадиган лойиҳага айлантириш ташаббуси билан чиққан эди. Бироқ, ўша пайтда кўпчилик фаоллар ва блогерлар бу лойиҳага кескин қарши чиқишди ва оқибатда бу иш тўхтаб қолди.
Энг қизиғи, бугунга келиб айнан ўша блогерларнинг ўзлари "клублар ўзини ўзи боқиши керак" дейишмоқда.
Ахир клуб ўзини ўзи боқиши учун унга биринчи галда пул ишлайдиган тижоратлашган восита — инфратузилма ва стадион керак эмасми?!
Токи бизнинг жамият шундай иқтисодий даражага ва миллий футболга бўлган содиқлик маданиятига етгунига қадар, давлат футболни қўллаб-қувватлаб туриши яхши.
Сабаби, бизнинг футбол ўз пулига яраша эмас, балки ундан анча баланд савияда. Давлат бу нарсани тўхтатар экан Ўзбекистонда футбол ўлади”, – дейилади мақолада.



