Ислом Исмоилов: "Футболчиларимиз билан фахрланаман, улар "Ал Ҳилол"ни янчиб ташлади"

Оқил Абдубарноев
23 ноя 2026, 22:20
Элит ОЧЛ 5-туридан жой олган "Нефтчи" – "Ал Ҳилол" (2:2) ўйинидан сўнг мезбонлар бош мураббийи Ислом Исмоилов матбуот анжуманида иштирок этди.

– Ўйин ҳақида фикрингиз...

– Рухсатингиз билан, футболчиларимиздан фахрланган ҳолда ишонч билан таъкидлайманки, бугун "Нефтчи" жамоаси аъзолари майдонда "Ал Ҳилол"ни янчиб ташлашди ва рақибга ҳеч қандай имконият қолдиришмади. Бунинг учун уларга ўз ташаккуримни билдираман, улар билан фахрланаман. Ўйлайманки, бугун бутун Фарғона, бутун Ўзбекистон улар билан фахрланди, деб бемалол айта оламиз. Шунингдек, шундай совуқ об-ҳавога қарамай, стадионга ташриф буюриб, бизни қўллаб-қувватлаган барча-барча мухлисларимизга миннатдорлик билдираман.

– Очиғи, биринчи бўлимдан сўнг менда бироз хавотир пайдо бўлган эди – "Пахтакор" – "Ал Насср" учрашуви сценарийси такрорланиши мумкин, деган ўйга бордим. Бироқ майдонда ҳақиқий мўъжиза юз берди. Танаффус пайтида кийиниш хонасида қандай муҳит ҳукм сурди? Биз турли видеолавҳаларда Гвардиола, Алекс Фергюсон ёки бошқа машҳур мураббийларнинг танаффусда айтган "Мағлубиятдан эмас, ғалаба учун ҳеч нарса қилмасликдан қўрқинг!", "Йигитлар, бу шунчаки "Тоттенхэм" каби даъватларини кўрамиз. Сизда вазият қандай кечди ва ўйинни тубдан ўзгартириб юборган қандай ҳал қилувчи сўзларни айтдингиз?

– Аввало, биринчи бўлимга тўхталадиган бўлсак, биз ёмон ўйин намойиш этмаётган эдик. Биринчи бўлимни ҳам яхши ўтказдик, бироқ оддий техник хатоларга йўл қўйдик. Рақиб бундан унумли фойдаланди. Бу табиий ҳолат, зеро таркибида юқори савияли ижрочилар жамланган жамоа бундай хатолардан албатта фойдаланади. Шунга қарамай, бизда ҳам кўплаб имкониятлар юзага келди.

Танаффусга келсак, вазият шундай эдики, футболчиларни меъёрдан ортиқ руҳлантириб юбориш ҳам нотўғри бўларди. Чунки бор эътиборимизни тўлақонли ҳужумга қаратганимизда, ҳисоб йириклашиб кетиши мумкин эди. Шу омилларни инобатга олган ҳолда, футболчиларга зарур кўрсатмаларни бердик ва шошилмаслик лозимлигини таъкидладик. Ўз голимизни барибир уришимизни айтдик, бироқ асосий эътибор ҳимоядаги зичликни сақлаб қолиш ҳамда рақибнинг қарши ҳужумларини ўтказиб юбормасликка қаратилди.

Футболчилар майдонга чиқиб кетаётганда ҳам уларга ишонч билдирдик, зеро улар биринчи бўлимда яхши ўйин ўтказишди. иккинчи бўлимда янада юқори концентрация билан тўп суриш зарурлигини уқтирдик. Бунинг учун футболчиларга раҳмат – иккинчи бўлимда ажойиб ўйин намойиш этишди.

– Кеча ўйиндан олдинги матбуот анжуманида шундай савол берган эдим: ушбу гранд жамоа устидан ғалаба қозониш мумкинлигини, майдонда пул ёки номдор ўйинчилар ҳал қилувчи аҳамиятга эга эмаслигини футболчиларга сингдира олдингизми? Бугун бунинг исботини майдонда кўрдик – ҳақиқатан ҳам буни уларга сингдира олгансиз. Энди "Истиқлол"га қарши учрашув олдидан ҳолат қандай? Аброр Исмоиловнинг жароҳати борлиги ҳақида эшитдик. Унинг жароҳати жиддийми ёки йўқми? Аброр "Истиқлол" билан баҳсда майдонга туша оладими?

– Биринчи саволга тўхталадиган бўлсак, кеча ҳам таъкидлаган эдим – гарчи буни кўпчилик турлича талқин қилган бўлса-да: "Ал-Ҳилол" жамоасининг қандай салоҳиятга эга эканини барча билади, эртага эса майдонда "Ал-Ҳилол" ҳам "Нефтчи" қандай жамоа эканини билиб олади, дегандим. Бугун бу сўзларимизни майдонда амалда исботлаб бердик.

Аброр Исмоиловга келсак, унинг жароҳати даражасини ҳозир аниқлаймиз. Ўйлайманки, Худо хоҳласа, "Истиқлол"га қарши ўйингача тезроқ тикланиб, сафга қайтади.

– "Нефтчи" ўз имкониятларини сақлаб қолди. Кеча ҳам кайфиятингиз йўқ эди, бугунги натижа ҳам бироз таъсир кўрсатгани сезилмоқда. Бошланғич таркибларни кўздан кечирганимда, "Ал Ҳилол" билан жамоамиз ўртасидаги трансфер қиймати 23 баробар фарқ қилишига эътибор қаратдим. Саволим эса бироз бошқачароқ: "Нефтчи" Суперлигада чемпионликка яқин турибди ва катта эҳтимол билан келгуси мавсумда ҳам Чемпионлар лигасида иштирок этади. Жорий мавсумдаги Чемпионлар лигаси натижалари клуб раҳбариятининг қарорларига – хусусан, таркибни кучайтириш ёки бошқа йўналишлар борасидаги режаларига таъсир кўрсатиши ёки уларни ўзгартириши мумкинми?

– Кайфият масаласига келсак, сўнгги пайтларда кайфиятим юрак кардиограммаси каби ўзгариб турибди, чунки учрашувлар жуда кўп. Ўзингиз гувоҳи бўлиб турибсиз, ҳеч бир ўйин осон кечаётгани йўқ: баъзи учрашувларда ғалаба қозоняпмиз, баъзиларида сўнгги дақиқаларда гол уряпмиз, баъзида мағлуб бўлиб, баъзида дуранг қайд этяпмиз. Табиийки, бундай ҳолатлар мураббийни руҳан толиқтиради.

Иккинчи саволингизга жавоб берадиган бўлсам, жамоа ҳамиша ўз олдига юқори мақсадларни қўяди ва қандай натижа қайд этилишидан қатъи назар, йилдан-йилга ўсишга интилади. "Нефтчи"нинг амбициялари юқори бўлиб, бу йўналишда клуб раҳбарияти томонидан катта ишлар амалга оширилмоқда. Худо хоҳласа, келгуси йилда жамоа бу йилгидан янада кучлироқ бўлади ва унинг олдига янада улкан мақсадлар қўйилади.

– Кеча "Динамо" иштирокидаги ўйиндан сўнг Вадим Абрамовдан сўрашганида, у: "Нефтчи"нинг муаммоси ўзиники, агар байрам қилмоқчи бўлса, қилаверсин, бизнинг ўз муаммоларимиз бор", дея фикр билдирди. Кейинги учрашувда байрам бўладими, нималар кутилмоқда? Айтмоқчи бўлганим, бугун футболчилар жуда кўп куч сарфлашди ва майдонда бор имкониятларини ишга солишди. "Динамо"га қарши чемпионлик баҳси олдидан улар бор кучларини йўқотиб қўйишмадими?

– Навбатдаги учрашувгача ихтиёримизда беш кун вақт бор ва бу муддат ичида жамоа бемалол тикланиб олади. Бунинг учун махсус дастуримиз мавжуд бўлиб, айнан шу дастур асосида ҳаракатланамиз.

Албатта, бу – футбол. "Динамо" ҳам яхши жамоа: исталган рақибга муносиб қаршилик кўрсата олади ва зарур пайтда исталган жамоани мағлуб этишга қодир. Вадим Абрамовни ҳам тажрибали мураббийлардан бири сифатида яхши биламиз. Шу боис бизни осон баҳс кутмаяпти. Бироқ бу биз учун, таъбир жоиз бўлса, жон олиб, жон берадиган учрашувдир. Ўз майдонимизда тўп сурамиз. Ўйлайманки, мазкур баҳсда бугунгидан ҳам юқори иштиёқ билан, янада яхшироқ ўйин кўрсатишга интиламиз ва мухлисларимиз кўз ўнгида жамоанинг еттинчи чемпионлигини нишонлаш учун бор кучимизни сафарбар этамиз. Бу борада мураббийлар ва футболчилар билан гаплашиб олдик – зарурат туғилса, суткасига 24 соат ишлаймиз. Бор эътиборимизни ҳозирдан бошлаб "Динамо"га қарши баҳсга қаратамиз.

Ўхшаш янгиликлар

Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: Championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›