

Ислом Исмоилов: Эртага бизни, шубҳасиз, мураккаб баҳс кутиб турибди. "Ал-Ҳилол" – Осиёнинг энг кучли жамоаларидан бири. Рақиб таркиби, футболчиларининг индивидуал маҳорати ҳамда жамоанинг қўлга киритган ютуқлари хусусида ортиқча тўхталишга ҳожат йўқ. Бироқ биз ҳам мазкур мусобақада шунчаки қатнашмаяпмиз: "Нефтчи" ўз олдига аниқ мақсадлар қўйган, ўзига хос характер ва юксак амбицияларга эга жамоа. Эртага шогирдларимдан майдонда жасорат намойиш этиб, сўнгги дақиқаларгача курашишларини ҳамда фарғоналик мухлисларни хушнуд этишларини кутамиз. Бунинг учун жамоамизнинг салоҳияти етарли. Ўйлайманки, эртанги учрашувга тўлиқ шай ҳолатдамиз.
Ботирали Эргашев: Жамоамиз билан биргаликда ушбу учрашувга пухта тайёргарлик кўрдик. Насиб этса, муносиб иштирок этиб, мазмунли ўйин намойиш қилиш орқали мухлисларимизни хурсанд этамиз. Бош мураббийимиз таъкидлаганларидек, олдимизга муайян мақсадлар қўйилган. Ишончни оқлаб, муносиб ўйин кўрсатиш ва ишқибозларимизга қувонч улашиш умидидамиз.

"Ал-Ҳилол" сафида кўплаб етакчи футболчилар тўп суришини яхши биламиз, қолаверса, бу жамоа ўзбек клубларига ҳам яхши таниш. Айни пайтда рақибнинг айнан қайси жиҳатлари сизни кўпроқ хавотирга солмоқда?
Ислом Исмоилов: Рақиб хусусида юқорида ҳам таъкидлаб ўтдим – "Ал-Ҳилол" кучли жамоа ва буни эътироф этиш лозим. Бироқ рақиб ким бўлишидан қатъи назар, биз ҳар қандай, жумладан, кучли жамоаларга қарши баҳсларда ҳам фақат ҳимояланиш билан чекланмасдан, ўзимизга хос юқори прессинг ва вертикал футбол услубини қўллашга интиламиз. Ҳар бир жамоанинг кучли ва ожиз томонлари, ҳар бир учрашувнинг эса ўзига яраша масъулияти мавжуд. Хоҳлаймизми-йўқми, исталган рақиб майдонда муайян қийинчиликлар туғдиради. Шу нуқтаи назардан ўйин олдидан муайян ҳиссиётларни бошдан кечириш – табиий ҳолат. Аммо на жамоада, на менда ҳеч қачон қўрқув бўлмайди. Биз рақибга доимо ҳурмат билан ёндашамиз, бироқ майдонга ўзимизга бўлган ишонч билан чиқамиз. Шу боис ҳозирги вазиятда "Ал-Ҳилол"нинг айнан қайсидир бир жиҳати мени хавотирга солмоқда, дея олмайман.

Бугунги кунда ўзбек медиа маконидаги футболга ихтисослашган асосий блогерлар томонидан "Ал-Ҳилол" ҳаддан ташқари юқори баҳоланиб, таркибидаги юлдузлар алоҳида таъкидланмоқда. Дарҳақиқат, уларда номдор футболчилар бор ва клубнинг молиявий имкониятлари ҳам "Нефтчи"никидан юқори бўлиши мумкин. Сиз "Нефтчи" футболчилари онгига "ушбу рақибни мағлуб эта оламиз" деган ишончни сингдира олдингизми? Яна бир жиҳат: айнан "Нефтчи" жамоаси "Ан-Наср"га қарши ўз майдонида бир киши кам бўлиб қолганига қарамай, Криштиану Роналдуга қандай кучга эга эканини амалда исботлаб қўйган эди.
Ислом Исмоилов: Майдонда футболчиларнинг трансфер қиймати, клубнинг аввалги натижалари ёки мақоми эмас, балки жамоанинг ўзи курашади ва учрашув бошлангач, бу омиллар ўз аҳамиятини йўқотади. Зеро, футбол – жамоавий ўйин. "Ал-Ҳилол"нинг қандай жамоа экани барчамизга маълум, эртага эса улар ҳам "Нефтчи"нинг қандай жамоа эканини майдонда кўришади. Футболчиларимиз баҳсга жисмонан ва руҳан тўлиқ тайёр бўлиб, учрашувни катта интиқлик билан кутишмоқда. Насиб этса, эртага энг сара ўйинларимиздан бирини намойиш этамиз. Ҳар бир беллашувдаги бош мақсадимиз – ғалаба қозониш. Юқорида таъкидлаганимдек, рақиб ким бўлишидан қатъи назар, ҳеч кимдан чўчимаймиз, барчани ҳурмат қиламиз, аммо майдонга фақат ғалаба учун чиқамиз. Шу сабабли эртанги учрашувда ҳам ягона мақсадимиз – ғалаба қозониш.
Миллий чемпионатда "Нефтчи" чемпионлик масаласини деярли ҳал этди ва катта эҳтимол билан келгуси мавсумда ҳам Элит Чемпионлар лигасида иштирок этиши деярли аниқ. Футболчиларнинг эртанги ўйинга руҳий тайёргарлиги қай даражада? Ушбу вазият уларга "Ал-Ҳилол"га қарши учрашувда қўшимча мотивация берадими ёки аксинча, маълум даражада хотиржамликка сабаб бўладими?
Ислом Исмоилов: Сиз "деярли" сўзини ишлатдингиз – биз ҳали расман чемпион эмасмиз ва келаси мавсумдаги иштирокимиз ҳам ҳозирча аниқ эмас. Шу боис кейинги йил ҳақида фикр билдиришга ҳали эрта. Беш тур аввал ҳам бизни чемпион деб аташган эди, бироқ чемпионлик ҳали қўлга киритилгани йўқ. Расмий натижа эълон қилинмагунича бундай гапларга ишонмаймиз. Эртанги беллашувга келсак, бу расмий учрашув, боз устига, Осиё Элит Чемпионлар лигаси доирасидаги баҳсдир. Мазкур мусобақада оддий ўйиннинг ўзи бўлмайди. Унинг масъулиятини, жавобгарлигини ва майдонда кечадиган барча жараёнларни тўлиқ англаб турибмиз. Истаймизми-йўқми, футбол – жонли ўйин. Жонли ўйин эса ҳиссиётларга бой бўлади; ҳиссиёт бор жойда ҳаяжон кузатилади ва бу – футболнинг ажралмас қисми бўлган табиий ҳолат. Ҳар бир баҳснинг – хоҳ у расмий учрашув бўлсин, хоҳ ўртоқлик ўйини – ўзига хос туйғулари бўлади. Шу жиҳатдан эртанги ўйин олдидан муайян ҳаяжон ёки ҳиссиёт мавжудлигини меъёрий ҳолат деб баҳолайман.

Мавсумнинг иккинчи ярмида "Нефтчи"даги дарвозабон позицияси, хусусан, сизнинг терма жамоага жалб этилмаётганингиз ва ўйинлардаги ҳаракатларингиз кўп бора танқид қилинмоқда. Эртанги баҳсга руҳий ва жисмоний жиҳатдан қанчалик тайёрсиз? Қиёслаб айтганда, уч йил аввал Ўткир Юсупов ҳам кескин танқидлар остида қолган бир паллада "Ал-Ҳилол"га қарши жуда ишончли ўйин намойиш этган эди. Дарвозабон позицияси ва эртанги баҳсга тайёргарлик хусусида нима дея оласиз?
Ботирали Эргашев: Шубҳасиз, эртага катта ва мазмунли учрашув бўлиб ўтади. Насиб этса, мазкур баҳсга тайёрман. Танқидларга келсак, ўринли фикрларга тўғри ёндашамиз ва муносиб муносабат билдирамиз, асоссиз танқидларга эса эътибор қаратмаймиз. Тўғрисини айтганда, бундай савиядаги учрашувлар орқали қимматли тажриба орттиряпмиз. Эртанги баҳсда ҳам муносиб ўйин кўрсатиб, бизга ишонч билдираётган мухлисларимиз ҳамда жамоадошларимизнинг умидларини оқлашга ҳаракат қиламиз.

Маълумки, Саудия Арабистонининг исталган клубида юксак индивидуал маҳоратга эга, айниқса стандарт вазиятлардан самарали фойдалана оладиган футболчилар талайгина ва бунга ўзаро ўйинларда ҳам гувоҳ бўлгансиз. Эртанги рақиб "Ал-Ҳилол" таркибида ҳам Рубен Невеш каби иқтидорли ижрочилар мавжуд. Рақибни ўрганиш жараёнида уларнинг ҳаракатлари алоҳида таҳлил қилиндими? Ушбу омил шахсан сизни хавотирга солмаяптими?
Ботирали Эргашев: Очиғини айтганда, бу ҳолат хавотир эмас, аксинча, биз учун тажриба тўплаш имкониятидир. Ҳар бир учрашув – ўзига хос сабоқ. Насиб этса, муносиб ўйин намойиш этиб, охиригача курашиш орқали эртанги баҳсда мухлисларимизни хурсанд қиламиз деган умиддаман.




