Сергей Лебедевнинг вафоти муносабати билан Пролига плей-офф учрашуви қолдирилди

Sherzod Nurmatov
24 ноя 2026, 18:33
Эртага, 25 ноябрь куни Пролига плей-офф учрашуви доирасида “ФарДУ” клуби Бекободда “Металлург” меҳмони бўлиши белгиланганди.

Бир неча дақиқа олдин афсонавий футболчи, миллий терма жамоа сафидаги ўйинлари орқали ўзбекистонликлар қалбидан жой олган Сергей Лебедев вафот этди. Мутахассис айни вақтда “ФарДУ” клуби бош мураббийи сифатида фаолият олиб бораётган бўлиб, у “Металлург” билан ўйинда иштирок этиш учун Тошкентда ўз шогирдлари билан машғулот йиғини олиб бораётганди. Аммо кутилмаганда ўзини ноҳуш ҳис қилган мутахассис зудлик билан пойтахтдаги клиникалардан бирига етказилган. Бироқ унинг ҳаётини сақлаб қолиш имконияти бўлмаган.

Лига мазкур ҳолат юзасидан ўз қайғусини билдиради ҳамда “ФарДУ” футболчиларининг айни вақтдаги руҳий ҳолатини жуда яхши тушунади. Сергей Элефертовичнинг кутилмаган эрта вафоти унинг шогирдлари ва жамоанинг бошқа расмийларини карахт ҳолатга солиб қўйгани шубҳасиз.

Шундан келиб чиқиб, эртанги кунга режалаштирилган “Металлург” – “ФарДУ” учрашуви қолдирилди. Лига мазкур ҳолатни тўғри тушунган “Металлург” футбол клубига миннатдорлик билдирди ҳамда учрашувни ташкил этиш билан боғлиқ бўлган барча тадбирларни бекор қилди. Учрашувнинг аниқ санаси кейинроқ очиқланади.

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси мамлакатимиз футболи афсонасининг миллионлар ўйини ривожига қўшган ҳиссасини эътироф этади ҳамда унинг яқинларига сабр-тоқат тилайди. Мутахассисни сўнгги манзилга кузатишда “ФарДУ” клуби аъзолари ҳам иштирок этади. Шунингдек, бир неча дақиқадан сўнг старт оладиган Ўзбекистон Кубогининг ярим финал беллашувлари Сергей Лебедевга ҳурмат юзасидан бир дақиқалик сукут билан бошланади.

Ўхшаш янгиликлар

Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: pfl.uz