

✅ "Сўғдиёна" – "Андижон"
Ҳакамнинг ўйинни давом эттириш қарори тўғри. Ҳужум қилаётган томондан ҳам, ҳимояланаётган томондан ҳам қоида бузилишини кўрмаяпмиз. Одатий ўйин ҳолатидаги яккакураш содир бўлган, бу ерда чалиб йиқитиш ҳам, оёққа зарба бериш ҳам йўқ.
✅❌ "Сурхон" – "Навбаҳор"
"Сурхон" ҳимоячиси тўпга ўйнашга улгурмайди ва гол уриш учун яққол имкониятга эга бўлган рақибининг оёғига ортдан зарба беради. Бош ҳакам дастлаб бурчак тўпи белгилашга қарор қилди, бироқ ёрдамчисининг кўрсатмасидан сўнг пенальти белгилади. Бизнинг фикримизча, тўғри қарор – пенальти ва тўп учун курашда рақибни яққол гол уриш имкониятидан маҳрум қилгани учун сариқ карточка.
P.S. Ҳакам "Сурхон" ҳимоячисига сариқ карточка кўрсатмади.
❌ "Сурхон" – "Навбаҳор"
Назаримизда, ҳакам жарима тўпи белгилаб хатога йўл қўйди. Ушбу вазиятда "Сурхон" дарвозабони ва "Навбаҳор" ўйинчиси ўртасида одатий яккакураш юз берди, шундан сўнг дарвозабон тўпга қўл билан ўйнаб, рақибни яққол гол уриш имкониятидан маҳрум қилди. Бунинг учун унга қизил карточка кўрсатилиши керак эди.
✅ "Пахтакор" – "Бухоро"
Бош ҳакам ва ВАР билан тўлиқ ҳамфикрмиз. Рақиблар ўртасида қоида бузилиши сифатида баҳолаб бўлмайдиган арзимас тўқнашув юз берган. Фикримизча, "Бухоро"нинг голи тўғри ҳисобга олинган.
✅ "Локомотив" – "Динамо"
ВАР ўринли аралашди ва ҳакамни вазиятни кўриш учун чақирди. "Динамо" ўйинчиси ҳужумнинг якуний фазасида танадан узоқлашган ва уни ғайритабиий равишда катталаштириб турган қўли билан ўйнади. Тўғри қарор – ҳимояланаётган жамоа фойдасига жарима тўпи ва "Динамо" голини бекор қилиш.
✅ "Хоразм" – "Машъал"
Ҳакам тўғри қарор қабул қилди ва "Хоразм" фойдасига пенальти белгилади. "Машъал" ҳимоячиси рақибини ушлаб қолиб, унинг тўп томон ҳаракатланишига тўсқинлик қилди. Тўғри, бу вазиятда ҳужумчининг тўпга етиб бориши даргумон эди, аммо фол юз фоизлик бўлгани сабабли, бу фақат карточканинг рангига таъсир қилади, холос. Вазият баҳсли, ҳакам қоидабузарга сариқ карточка кўрсатди.
✅ "Нефтчи" – "Қизилқум"
Тақдим этилган такрорий лавҳалар асосида ишонч билан айтишимиз мумкинки, "Нефтчи" дарвозабони тўпга ўйнамоқда ва бу ҳолат ҳакам тўғри қарор қабул қилиб, ўйинни давом эттирганини англатади.
✅ "Нефтчи" – "Қизилқум"
Тўғри, гол урган "Нефтчи" ўйинчиси қасддан рақибига урилди, лекин биз буни тажовузкор хулқ-атвор ва қизил карточка деб айта олмаймиз, чунки аниқ йўналтирилган зарба йўқ эди. Бизнинг фикримизча, ҳакам тўғри қарор қабул қилди ва спортга хос бўлмаган хатти-ҳаракати учун ўйинчига сариқ карточка кўрсатди.
✅ "Насаф" – "Қўқон-1912"
Ҳакамнинг "Насаф" голини бекор қилиш ҳақидаги қарори билан тўлиқ ҳамфикрмиз. Агар майдондаги бошқа позиция ўйинчисига қарши шундай тарзда яккакураш олиб борилганида, бу контактни қоидабузарлик учун етарли эмас деб ҳисоблаган бўлардик. Назаримизда, дарвозабон билан бундай тарзда яккакураш олиб бориш мумкин эмас. Рақиб тўпни илиб олишга ҳаракат қилаётган посбонни қўли билан итариб юборяпти. Тўғри қарор – ҳимояланаётган жамоа фойдасига жарима тўпи белгилаш.
✅ "Бунёдкор" – ОКМК
Майдондаги ҳакамнинг ажойиб қарори. "Бунёдкор" ўйинчиси тирсаги билан рақибининг юзига зарба бермоқда. Бизнинг фикримизча, тўғри қарор – қўпол ўйин учун пенальти ва сариқ карточка.
P.S. Сариқ карточка кўрсатилмаган.
❓ "Бунёдкор" – ОКМК
“Бунёдкор” футболчиси томонидан ўнг оёққа яққол зарба берилганини кўришимиз мумкин. Бироқ, учрашув шарҳидаги такрорий лавҳаларга қараб, бу ҳолат ҳужумнинг қайси палласида юз берганини аниқлаш имконсиз. Агар бу ҳужумнинг якуний палласида содир бўлган бўлса, ВАР вазиятга тўғри аралашган ва гол бекор қилиниши лозим эди.
❌ "Бунёдкор" – ОКМК
Бизнингча, ҳакам ОКМК ҳимоячисининг оёғига нисбатан ишлатилган қўполликни эътиборсиз қолдириб, хато қилди. ВАР вазиятга аралашмади, чунки такрорий лавҳалардан қоидабузарлик, катта эҳтимол билан, жарима майдончаси ташқарисида содир бўлгани кўринади. Тўғри қарор – жарима зарбаси ва қизил карточка.
Шу тариқа, Суперлиганинг 16-тури учрашувларида ҳакамлар учта хатога йўл қўйишди.



