

✅ "Хоразм" – "Пахтакор"
Ҳакам ёрдамчиси тўғри қарор қабул қилди ва "Пахтакор"нинг голини ҳисобга олди. Офсайд чизиғидан ўтиб кетган ҳужумчи "Хоразм" дарвозабонининг кўриш майдонини тўсиб қўймаган ва вазиятга ҳеч қандай таъсир кўрсатмаган эди. ВАР эса вазиятга нотўғри аралашди. Бош ҳакам такрорий лавҳани кўрганидан сўнг, дастлабки қарорни ўз кучида қолдириб, тўғри йўл тутди.
✅ "Хоразм" – "Пахтакор"
Мавжуд такрорий лавҳаларга асосланиб, оммавий можарони келтириб чиқарган икки футболчини спортга хос бўлмаган хатти-ҳаракати учун сариқ карточка билан жазолаган, шунингдек, тажовузкор ҳаракати учун "Пахтакор"нинг 4-рақамли ўйинчисини майдондан четлатган ҳакам тўғри қарор қабул қилган, деб ҳисоблаймиз.
✅ "Хоразм" – "Пахтакор"
Офсайдни аниқлаш учун энг мақбул ракурслар тақдим этилмаган. Офсайд чизиғини "Хоразм" ҳужумчисининг елкаси бўйлаб тортишга тўғри келди. Катта эҳтимол билан унинг оёғи дарвозага янада яқинроқ жойлашган эди, бироқ буни 100 фоиз ишонч билан тасдиқлаб бўлмайди. Шундай бўлса-да, чизиқ елка бўйлаб тортилган тақдирда ҳам, бу барибир офсайд ҳисобланади. Гол тўғри бекор қилинган.
✅ "Сўғдиёна" – "Бухоро"
Ҳакамнинг қарорига қўшиламиз: "Сўғдиёна" ўйинчиси яккакурашга ҳаддан ташқари куч ишлатиб киришган ва рақибнинг тўпиғидан юқори қисмига бутсасининг тишлари билан зарба берган. Бундан ташқари, рақибни "босиб кетиш" ҳолати ҳам мавжуд. Бу ерда биз жиддий жароҳат етказиш хавфини кўрмоқдамиз. Тўғри қарор – ўйин қоидаларини жиддий бузганлиги учун қизил карточка кўрсатилишидир.
✅ "Қўқон-1912" – "Қизилқум"
Иккиланишли "чегарадаги" баҳсли вазият. Паст интенсивлиги ва ҳаддан ташқари куч ишлатилмагани сабабли сариқ карточка кўрсатиш учун ҳам мезонлар мавжуд. Бироқ қизил карточка учун мезонлар барибир кўпроқ – бутса тишлари билан зарба бериш, юқори контакт ва жароҳат етказиш нияти. Ҳакамлар бригадасининг қарорига қўшиламиз.
❌ "Қўқон-1912" – "Қизилқум"
"Қўқон-1912" ўйинчиси томонидан очиқчасига симуляция ишлатилган. У ҳеч қандай контактсиз, ўз ташаббуси билан йиқилди. Ҳакам бу карточкани "ўтказиб юборди", аслида симуляция учун огоҳлантириш берилиши лозим эди.
✅ "Қўқон-1912" – "Қизилқум"
"Қўқон-1912" ҳужумчисининг қўлига тўп тегишини қоидабузарлик, деб ҳисоблаймиз. Гол тўғри бекор қилинди, ВАР вазиятга тўғри аралашди.
✅ "Сурхон" – "Насаф"
Агар "Сурхон" бу вазиятда гол уролмаганида, "Насаф" дарвозасига пенальти белгиланиши лозим эди. Ҳимоячи жарима майдончаси чизиғи устида қўли билан ўйнади. Бироқ "Сурхон" вазиятни охиригача етказди ва ҳакам ўйинни давом эттиришга рухсат берди.
✅ "Сурхон" – "Насаф"
Рефери вазиятни тўғри баҳолади ва "Насаф" ўйинчисига ўйламасдан қилган қўполлиги учун иккинчи сариқ карточкани кўрсатди. У рақиб учун юзага келиши мумкин бўлган оқибатларни ҳисобга олмай, унинг оёғига қасддан босган.
✅ "Навбаҳор" – "Андижон"
Бизнингча, ҳакам ўйинни давом эттириб тўғри қарор қабул қилди ва мос равишда, ВАР ҳам аралашмай тўғри йўл тутди. Тўғри, "Навбаҳор" ҳимоячиси томонидан бироз ушлаб қолиш ҳолати кузатилди, аммо фикримизча, бу "Андижон" ҳужумчисининг олдинга интилишига таъсир қилмади. Ҳар бир ўйинда бундай контактлар етарлича топилади, пенальти белгилаш учун эса вазиятга таъсир қилувчи янада жиддийроқ ушлаб қолиш каби асосли сабаблар бўлиши керак.
❓ "Локомотив" – ОКМК
ОКМКнинг ушбу ҳужумида тўп икки марта майдонни тарк этиши мумкин эди. Трансляция режиссёрлари эътиборни биринчи вазиятга қаратдилар, аслида бу ерда тўп ён чизиқни тўлиқ кесиб ўтмагани яққол кўринган. Бироқ иккинчи вазиятда тўп ҳавода бўлган пайтда унинг майдонни тарк этгани ёки йўқлигини аниқлаш анча қийинроқ. Биз буни тасдиқлайдиган такрорий лавҳаларни кўрмадик. Агар ҳакамлар томонидан хато қилинганига далиллар бўлмаса, биз уларнинг қарорини қўллаб-қувватлаймиз.
✅ "Локомотив" – ОКМК
Такрорий лавҳалардан бирида ОКМК ўйинчиси тўпга ўйнагани, дастлаб рақибга тўп билан теггани ва шундан сўнграгина контакт содир бўлгани яхши кўринган. Агар ҳужумчи тўпни олдинга ташлаб, сўнг оёғига зарба еган ёки чалинган бўлганида, биз пенальти ҳақида гапиришимиз мумкин эди. Аммо бу вазиятда биз ўйинни давом эттириш қарорини қабул қилган ҳакам билан ҳамфикрмиз.
Шу тариқа, Суперлиганинг 26-тури доирасидаги ўйинларда ҳакамлар битта қўпол хатога йўл қўйди.



