

✅ "Нефтчи" – "Хоразм"
Мутлақо одатий ҳаводаги кураш. Икки футболчи ҳам юқорига сакраган, тирсаклар ишлатилмаган. Тўғри қарор – ўйинни давом эттириш ва "Нефтчи"нинг голини ҳисобга олиш.
❌ "Қўқон-1912" – "Машъал"
Фикримизча, дастлаб футболчилар қоидалар доирасида позиция учун кураш олиб боришган. Итариб юбориш ёки ушлаб қолиш ҳолатларини кўрмаяпмиз. Сўнгра "Машъал" ҳужумчиси позицияни ютади, "Қўқон-1912" ҳимоячиси эса уни очиқчасига икки қўли билан ушлаб, майсазорга қулатади. Бизнинг фикримизча, тўғри қарор – ҳужумкор жамоа фойдасига жарима зарбаси белгилаш ва ҳимоячига истиқболли ҳужумни узиб қўйгани учун сариқ карточка кўрсатиш, чунки қоидабузарлик вақтида тўп тўлиқ ҳужумчининг назоратида эмас эди.
✅ "Қўқон-1912" – "Машъал"
Бу ерда ҳимояланувчи жамоа ("Машъал") фойдасига жарима зарбаси белгилаган ҳакамнинг қарорига қўшиламиз. "Қўқон-1912" футболчиси қўли билан тўп томон ҳаракат қилган, шундан сўнграгина ҳимоячи қўли билан ўйнаган.
✅ "Бухоро" – "Андижон"
Амалда "Қўқон-1912" – "Машъал" учрашувидаги ҳолатга ўхшаш вазият. Тўп "Андижон" ҳужумчисининг назоратида эмас эди. Қизил карточка кўрсатилиши учун вазият яққол бўлиши керак, бироқ бу ерда ҳужумчи тўпни эгаллаб олишга улгурарди, деб таъкидлай олмаймиз. Ҳакам ва ВАР қарорига қўшиламиз. Сариқ карточка.
✅ "Бухоро" – "Андижон"
"Бухоро" ҳимоячиси, фикримизча, қўл билан ўйнамаган. Қўл мазкур ҳаракат учун табиий ҳолатда бўлган, танадан узоқлашмаган ва тўп томон қўшимча қўл ҳаракати амалга оширилмаган. Тўғри қарор – ўйинни давом эттириш.
✅ "Насаф" – "Динамо"
Ушбу вазиятда биз "Динамо" ҳужумчиси ва "Насаф" ҳимоячисининг оёқлари ўртасидаги контактни кўрмаяпмиз. Ҳакамнинг хатосини тасдиқлаш учун инкор этиб бўлмайдиган далиллар бўлиши керак, ушбу ракурслардан эса бизда бундай далиллар мавжуд эмас. Ўйин давом эттирилиши керак.
✅ "Насаф" – "Динамо"
"Ўзимиздан – ўзимизга" қабилидаги классик вазият. Ҳимоячи яққол тўпга ўйнамоқда ва тўп клубдошининг қўлига тегмоқда, у эса қўли билан тўп томон қўшимча ҳаракат қилмаган. Ҳакам тўғри йўл тутди ва ўйинни давом эттирди.
✅ "Насаф" – "Динамо"
Тақдим этилган барча такрорий лавҳаларни бир неча бор кўриб чиқиб, биз ҳимоя ва ҳужум вакиллари томонидан ҳеч қандай қоидабузарликни кўрмадик. Ҳакам ўйинни тўғри давом эттирган, деб ҳисоблаймиз.
❌ ОКМК – "Навбаҳор"
Бизнингча, бош ҳакам жарима зарбаси белгиламай ва "Навбаҳор" футболчисига қўпол ўйини учун сариқ карточка кўрсатмай хатога йўл қўйди. У курашга киришаётганда рақиб учун юзага келиши мумкин бўлган оқибатларни ҳисобга олмади ва ўйламасдан бутса тишлари билан рақибнинг тўпиғига зарба берди.
✅ ОКМК – "Навбаҳор"
Мураккаб вазият, чунки ҳакам фол бўлган-бўлмаганлигини ва у айнан қаерда содир этилганлигини тушуниб олиши керак эди. Фикримизча, ҳакам якуний тўғри қарорни қабул қилган. ОКМК ҳимоячиси том маънода рақиб устига сакраб, уни майсазорга қулатган. Такрорий лавҳаларнинг бирида бу ҳолат жарима майдончаси ташқарисида содир бўлганлигини кўряпмиз. Тўғри қарор – жарима зарбаси ва рақибни яққол гол уриш имкониятидан маҳрум қилганлиги учун қизил карточка.
✅ ОКМК – "Навбаҳор"
ОКМК ҳимоячиси тўпга ўйнашга ҳаракат қилиб, унга ета олмайди ва рақибини йиқитади. Бу ерда биз ҳакам билан ҳамфикрмиз. Сўнгра "Навбаҳор"нинг 5-рақамли футболчиси, шериги пенальти тепаётган вақтда, зарбага қадар жарима майдончаси ичида бўлган, сўнг эса ўйинга аралашиб, вазиятга ўз таъсирини ўтказган. Ҳакам футбол ўйини қоидаларига мувофиқ тарзда эркин зарбани тўғри белгилаган.
✅ ОКМК – "Навбаҳор"
ОКМК ҳимоячиси очиқчасига рақибига чалма бериб, уни йиқитади. Тўғри қарор – пенальти ва тўп учун кураш мавжуд бўлган ҳолатда рақибни яққол гол уриш имкониятидан маҳрум қилгани учун сариқ карточка.



