Вадим Абрамов: "Футболчилар декабрдан бери маош олишмаяпти. Қандай режа ҳақида гапириш мумкин?"

Aslanov Jasurbek
20 май 2026, 22:21
"Динамо" ҳамда "Лочин" ўртасидаги Ўзбекистон Кубоги 3-тур баҳсидан (4:2) сўнг мезбонлар устози Вадим Абрамов иштирок этди.

Вадим Абрамов: “Афсуски, ҳар доимгидек гол уриб, дарвозамиздан тўп олиб чиқяпмиз. 4:0 ҳисоби пайтида кўплаб голли вазиятларга эга бўлдик. Футбол ҳайратланарли нарса, 4:0ни ҳисоби 4:2га айланиб кетди. Кубок билан хайрлашдик, энди бор эътибор чемпионатга қаратилади”.

- “Динамо” аввалги баҳсларда бугунгидек яхши ўйнай олмади. Олдинги учрашувларда футболчилар бугунгидек мотивацияга эга эмасдек кўринганди. Қайси ўйин ҳал қилувчи бўлди деб ўйлайсиз?

- “Ғазалкент”га қарши баҳсдаги об-ҳавони эсласангиз керак. Ўша шароитда кимнинг нияти кучлироқ бўлса ўша ютарди. Тушунарсиз 3 та гол ўтказиб юбордик. Нимаям дердик…

- “Локомотив” “Динамо” каби кетма-кет голлар урди. Тошкентдаги баҳс шундай кўриниш олишини кутганмидингиз?

- Бундай вазиятга тушиб қолганимизга ўзимиз айбдормиз. Тошкентда ҳам ғалаба учун интилдик, аммо сўнгги дақиқаларда дарвозамиз ишғол қилинди. Куч етмаяпти эмас, тўғри ўйнай олмаяпмиз.

- Жалолиддин Жумабоев йўқлиги ҳақида нима дея оласиз?

- У “Машъал” билан баҳсда жароҳат олганди, “Ғазалкент”га қарши учрашувда жароҳатни оғирлаштириб олди. Энди тикланиш учун кўпроқ вақт керак бўлади.

- 4:0 вақтида ҳаммаси “Динамо”ни қониқтирарди. Нега тўпни кўпроқ ушлаш ҳақида кўрсатма бермадингиз?

- Мен шу ҳақида роса бақирдим. Дембелега керак эмас дея айтдим. Бир-икки имкониятдан фойдалана олмаганимиздан сўнг футболчиларимизда азарт пайдо бўлди ва бундай вақтда бош ишламайди.

- Мавсум муваффақиятсиз ўтяпти дейиш мумкинми?

- Албатта, бу қачонгача эканлигини билмайман. Самарқандга футбол керак эмасдек.

- Охирги дақиқаларда рақиб посбони четлатилди ва унинг ўрнига футболчи дарвозани қўриқлай бошлади. Нега зарба бериш ўрнига пас берилди?

- Чунки у ердан гол уришнинг иложи йўқ. Бу кулгили бўларди. Қанотдаги футболчи очилиб, тўпни қабул қилиб, жарима майдончасига кириши ва дарвозабон билан бирга-бир чиқиши керак эди.

- Салбий янгиликлардан ташқари ижобий хабарлар ҳам бор. “Динамо”нинг икки футболчиси терма жамоа билан ЖЧ-2026га йўл олиши мумкин. Бу футболчиларга қўшимча мотивация берадими?

- Бу ҳар бир футболчининг орзуси. Ўтган йили терма жамоага номзодлар кўпроқ эди.

- Мавсумнинг биринчи қисми якунига етди. Режалар ҳақида айтиб бера оласизми?

- Футболчилар декабрдан бери маош олишмаяпти. Қандай режа ҳақида гапириш мумкин? 3 нафар хорижликлар кетишди. Бундай вазиятда режалар ҳақида гапириш қийин.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›