Платини Инфантино ҳақида: "Жанни кетиши керак — у футбол қоидаларининг кафили бўла туриб, уларга риоя қилмади"

Aslanov Jasurbek
31 авг 2026, 22:24
УЕФА собиқ президенти Мишель Платини Джанни Инфантинони ФИФАдаги лавозимини тарк этишга чақирди.

Аввалроқ ФИФА президенти Жаҳон чемпионати ҳуқуқларининг бир қисмини сотиш лойиҳаси фонида танқидга учраган эди. У УЕФА бойкоти ва бошқа ташкилотларнинг танқидлари ортидан ушбу ғоядан воз кечди.

"Иқтисодий масалалар — бу бир томони, лекин менинг фикримча, Инфантино футбол қоидаларининг кафили бўла туриб, уларга риоя қилмагани учун муваффақиятсизликка учради.

[Жаҳон чемпионатидаги] реклама танаффуслари регламентда кўрсатилмаган, финалдаги 30 дақиқалик танаффус регламентда кўрсатилмаган, [Балогун]нинг қизил карточкаси эса — энг ёмонидир. У [қоидалар] кафили, аммо уларга риоя қилмаяпти, у кетиши керак.

Бу спорт органлари орқали ҳал бўлмайди, уни лавозимидан олишмайди. Фикримча, агар УЕФА Инфантинони ағдармоқчи бўлса, бу суд орқали амалга ошади.

Мен унинг пул ва ҳокимиятни яхши кўришини ҳамиша билардим. У менинг ҳафсаламни пир қилгани йўқ, аммо вазиятдан фойдаланиб қолди. Лекин энди, бутун дунё бўйлаб унга нисбатан кўплаб суриштирувлар ўтказилаётган бир пайтда, унинг баъзи нарсалардан хабардор бўлгани ҳақида миш-мишлар юрибди. Давоми бор", – деди Платини.

Июнь ойида Франция терма жамоасининг собиқ ўйинчиси Инфантинога қарши "туҳмат" ва "таъсир савдоси" бўйича даъво аризаси киритган эди. Платини илгари ФИФА президентлиги лавозимига даъвогарлик қилган, аммо фирибгарликда айбланиб четлатилган эди. Бу иш бўйича якуний оқлов ҳукми 2025 йилнинг августида Швейцарияда чиқарилган.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: France 24