Вадим Абрамов: "83-дақиқада "Локомотив" футболчиси ўз жарима майдончасида қўл билан ўйнаганини ВАР кўрмади"

7 авг 2026, 23:29
Суперлиганинг 16-тури доирасида "Локомотив" - "Динамо" учрашувидан кейинги матбуот анжуманида меҳмонлар бош мураббийи Вадим Абрамов ўз фикрларини билдирди.

- "Локомотив"ни ғалаба билан табриклайман. Афсуски бизда жисмоний ҳолат унчалик яхши эмас. Бу ўйинолди машғулотда ҳам кўринди. Ўйин бобида нима ҳам дейиш мумкин, голни бизга рақиб дарвозабони совға қилди, бироқ кейин ўз вазифасини яхши бажарди. Кейинчалик ўзимизнинг қўпол хатоларимиз сабабли голлар қўйиб юбордик. Умуман олганда ҳужум қилиш учун куч топа олдик. Гол ургандик, бироқ ҳисоблашмади. Қизиқиб кўрсам, аввалига ҳакамлар дарвозабонга нисбатан қўполликни кўришди, бироқ бундай ҳаракат бўлмаган экан ва улар футболчимизнинг қаердадир қўли билан ўйнаган ҳаракатини топишибди. 83-дақиқада "Локомотив" футболчиси ўз жарима майдончасида қўл билан ўйнаганини ВАР кўрмади. Бу ажабланарли ҳолат. Баъзида ВАР ёрдам берса, айрим ҳолатларда бизга қарши бўлади. Шу сабабли "Локо"ни ғалаба билан табриклайман. Уларда тикланиб олиш учун 2 кун кўпроқ вақт бўлди. Энди кейинги ўйинга тайёрланамиз.

- Кетма-кет яхши натижалардан кейин мағлуб бўлиш алам қилади. Анвар Хожимирзаев ва Азизбек Амоновларнинг сафдан чиқиши қанчалик ёмон ҳолат?
- Албатта, биз учун оғир зарба. Захира ўриндиғимиз торайди. Футболчилар кетма-кет ўйинларда ўйнаётгани учун икки карра кўпроқ юкламалар олишмоқда. Шунингдек, ўтган ўйинда катта миқдордаги ҳиссиётларни ишлатдик. Тикланиш қийин бўлди, яна йўл азоби ҳам бор. Мағлуб бўлмайдиган жамоанинг ўзи йўқ. Икки ўйинда 4 очко йўқотиш алам қилди. Энди футболчиларни тезроқ тиклаш керак. Кейинги ўйинимиз бир ҳафтадан сўнг бўлади. Бир-икки кун дам олиб, кейинги ўйинга тайёрланамиз.

- Ўтган ўйинда "Локомотив"нинг асосий дарвозабонининг қизил карточкани олганига қараб режа туздингизми? Чунки "Локо"нинг асосий посбони олдинроқда, марказий ҳимоячилар позициясида ҳам ўйнай оларди.
- "Локомотив"нинг асосий дарвозабони диспетчерлик вазифасини ҳам бажараётганди. Қизил карточка ва бошқа дарвозабон бўлганидан кейин улар бошқачароқ ўйин услубида ўйнаши тушунарли. Шу боисдан биз узоқдан кўпроқ зарбалар бериш талабини қўйгандик, аммо ўйин давомида узоқдан икки марта дарвозага зарба бердик. Бу футболчиларга катта эътироз: зарба бериладиган позицияларда ҳам улар пас бериш учун шерикларни қидиришди.

- "Динамо"нинг молиявий томондан ҳолати қандай? Жамоа Хожимирзаев ва Амоновсиз юқори даражадаги жамоалар билан ҳам тенгма-тенг курашмоқда.
- Раҳбариятга раҳмат айтаман. Улар бор имкониятларини ишга солиб, барча қарзларни узишди. Энди айрим муаммолар бошланди: баъзи футболчилар кетди, кимлардир жароҳат олди ва захира ўриндиғи торайди. Олдимизда 3 кун вақт бор ва айрим позицияларни ёпиш учун футболчилар излаяпмиз. Аслида бу режада йўқ эди ва энди кимлар орқали жамоани кучайтириш ҳақида ўйлаяпмиз.

- Жамоангиз яхши ўйин кўрсатди. Жамоавий ҳужумлар кўп бўлди. Лекин айрим вазиятларда эътибор йўқолиб қолмоқда.
- Тўғри пайқабсиз. Чарчаганда мия ҳам ўйлашдан тўхтаб қолади. Бунинг барчаси чарчоқ билан боғлиқ. Ўйин олдидан бўлаётган машғулотда футболчиларда куч кўрмадим. Ҳар бир жамоа рақиб қанчалик имконият беришига қараб ўйнайди, иккинчи бўлимда биз кўпроқ ҳужум қилгандирмиз, бироқ ютаётган жамоа ҳисобни ушлашга, иккинчиси эса ҳужумга ўтиши табиий ҳол. Бу ўйинга жисмонан тайёр бўлганмиз, дея олмайман. "Локомотив" ҳисобни ушлаб қолиш учун ўйнади, бизда эса ташаббус бўлди. Бизга куч етишмаётгани кўриниб турибди.

1000140922.jpeg

- Матбуотда Рустам Турдимуродовнинг "Динамо"га ўтаётгани ҳақида маълумотлар чиқди. Иккинчи саволим: "Динамо"да имконият берилмаган Улуғбек Хошимов "Хоразм"да иккита гол урди. Жамоага эса ҳужумчилар етишмаяпти.
- Хошимов билан учрашиб, гаплашиб олганмиз. Бунгача бизда у билан муаммолар бўлмаган. Бизда унга имконият берилмасди. Сизда шундай футболчи бўлса, унга ёрдам сифатида жамоасини ўзгартиришингиз мумкин. У бизга келганида барчасини зўр бошлаганди. Кейин эса йўқ бўлиб қолди. Нафақат футболчиларда, балки, исталган касбда амалиёт бўлмаса, тажриба йўқолади. Унга зарар бермасдан бошқа жамоага ўтишини истадик. Бироқ у кетишидан олдин бизда Хожимирзаев, Амонов каби футболчиларнинг жароҳати режада эмасди. Агарда улар сафда бўлса, Хошимовда барибир имконият бўлмасди. Ҳали бизда жамоага ёрдам бера оладиган ёш футболчилар ҳам бор. Ҳозир қўл остимиздаги футболчиларга таянамиз.

Рустам Турдимуродов бўйича "Пахтакор" билан гаплашдик. Менимча барча бир-бири билан келишиб бўлган.

- "Динамо"га биринчи даврада келган футболчилар молиявий ҳолат сабабли жамоадан кетишди. "Динамо"ни "Андижон" каби ФИФА тақиқи кутмаяптими? Ўз навбатида янги легионерлар ҳам биринчи даврадаги каби кетиб қолишмайдими?
- Легионерлар билан келишиб олдик, уларга кетишидан олдин барча масаласини ҳал қилиб бердик. Бизга келиши мумкин бўлган барча шикоятларни бартараф қилдик. Олдимизда бизни бундай муаммолар кутмаслиги керак.

- Ёзги трансферлар ойнасида марказий ҳимоячи позициясини кучайтириш режаси борми?
- Иккинчи давра олдидан бизда марказий ҳимояга унчалик эътирозлар йўқ. Менимча бундай қўпол хатолар қилинган биринчи ўйинимиз бўлса керак. Ўйинлар кўп бўлгани учун майдонда ўйлаш учун куч етишмай қоляпти. Қўшимчасига ярим ҳимоячилар ҳам нотўғри ўйнашди. Мавсумни қўл остимиздаги футболчилар билан якунлаймиз. Олдимизда бизни ҳужумда муаммолар турибди. Билишимча яқинда Олимпия термаси йиғилади ва икки футболчимиз - Абдураҳмонов ва Ўрмонжонов ихтиёримизда бўлмайди. Агар улар бўлмаса, энди бошқа футболчиларни қўйишга мажбур бўламиз.

- Анвар Хожимирзаев "Динамо"нинг етакчиси, бироқ у клубида зўр, термада эса кўринмай қолади. Бунга нима сабаб деб ўйлайсиз?
- Менимча бу саволни терма мураббийларига бериш керак. Барчаси унинг қарашларига боғлиқ. Лекин у бизда ҳақиқатдан ҳам етакчи ва борини бериб ўйнайди.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia