Вадим Абрамов: "Йўқотилган очкони қаердадир оламиз"

Administrator
25 авг 2026, 23:38
Суперлига 19-турдан ўрин олган "Динамо" – "Пахтакор" учрашувидан сўнг "Динамо" бош мураббийи Вадим Абрамов матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Аввало барчани байрам билан табриклайман. Байрамда ҳамма яхши кайфиятда бўлиши керак, биз ҳам шунга ҳаракат қиляпмиз. Ўйинга келадиган бўлсак, дурангга мос баҳс кечди. Лекин уйда очко йўқотганимиз хафа қилди, энди сафарда йўқотилган очкони топишга тўғри келади.

- Аввалига "Нефтчи", сўнгра "Пахтакор" билан дуранг қайд этилди.

- Бу қайси томондан қарашга боғлиқ. Тўғри, етакчилар билан ютқазмадик, лекин иккинчи томондан уйдаги ўйинларни ютишимиз керак.

- Анвар Ҳожимирзаевнинг ҳолати ҳақида.
- Унинг жароҳати ҳамон ўз таъсирини билинтиряпти, шу боис таваккал қилишни хоҳламаймиз. Ҳожимирзаев сабр қилиб даволангани маъқул, ундан кейин нима бўлишини кўрамиз.

- "Пахтакор"дек миллион долларгача маош оладиган ўйинчиси бор жамоага қарши ўйнаш осон эмас. Жамоангизнинг етакчиси йўқ бўлишига қарамай, бошқаларни қандай руҳлантирдингиз?
- Кучли жамоаларга қарши нима деб руҳлантириш мумкин? Бундай пайтда футболчилар ўзларини ўзлари руҳлантиради. Ўзингиз айтдингиз қанча маош олишини, бизникилар ҳам улардан кам эмаслигини исботлашга ҳаракат қилади. Лекин кўролмаслик ёмон нарса, буни умуман ўйламасдан майдонга чиқиб ўйнаш керак.

- Абдуғафур Ҳайдаров ҳақида фикрингиз?
- У шундай футболчики, ўйинни ўз қўлига олишга ва доим зарба беришга ҳаракат қилади. У менга Кержаковни эслатиб юборяпти: урдим, уряпман ва ураман. Ҳайдаров ҳам шунақа футболчи. У яқинда келди ва жамоамизга мослашиб бормоқда. Тактикамизга тўлиқ тушиб олишини кутяпмиз.

- Эдем Неманов негадир сиз томон тез-тез қараб қўйди. Унга нимадир дедингизми?
- У тезроқ тўпни ўйинга киритишини хоҳладим, чунки кўп ҳолларда секин ҳаракат қиляпти. Аммо майдон ташқарисида гапириш осон, майдонда эса футболчилар қарор қабул қилади.

Ўхшаш янгиликлар


AdministratorМуаллиф
Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›