Туркия федерацияси раҳбари адлия вазиридан терма жамоани меъёрдан ортиқ танқид қилганларни жазолашни сўради

Aslanov Jasurbek
23 июн 2026, 03:05
Туркия футбол федерацияси президенти Иброҳим Ҳожиусмонўғли миллий терма жамоага нисбатан билдирилган танқидларни "ноҳақлик" деб атади.

Шу муносабат билан мансабдор адлия вазири Акин Гюрлекни бунга қарши курашиш учун "қонун" қабул қилишга чақирди.

Аввалроқ Туркия терма жамоаси ЖЧ-2026 мусобақасидан чиқиб кетган эди. Жамоа Австралия (0:2) ва Парагвай (0:1)га қарши ўйинларда мағлуб бўлиб, бирорта ҳам очко тўплай олмади.

"Мен ҳурматли вазиримиз бу ишга дарҳол киришишига ишонаман. У президентимизнинг розилиги билан адлия вазири этиб тайинланган ва мен у бу мамлакатга улкан хизматлар қилишига ишонаман.

Албатта, биз терма жамоа ҳақида изоҳ беришимиз, ёзишимиз ва чизишимиз мумкин, лекин ахлоқ чегарасидан чиқмаслигимиз керак. Унга менинг алоҳида илтимосим шундан иборатки, у бутун дунёдаги мисолларга назар солсин: дунёнинг қайси мамлакатида бундай шармандалик бор?

Агар биз жамиятнинг маънавий тушкунлигини олдини олишни ва футболни ривожлантиришни истасак, бу ўта муҳим аҳамият касб этади. Дунёнинг ҳеч қаерида ахлоқ чегарасидан чиқадиган одамлар ҳамжамияти йўқ. Мен ҳурматли вазиримиз бу ишга дарҳол киришишига ишонаман", – деди Ҳожиусмонўғли.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: Т24

Сўнгги янгиликлар

Барча ›