Нури Шаҳин Шомуродовнинг ўйинига баҳо берди ва Файзуллаевнинг қачон сафга қайтишини айтди

Sherzod Nurmatov
24 ноя 2026, 12:16
Туркиянинг "Истанбул Башакшеҳир" клуби бош мураббийи Нури Шаҳин "Чорум"га қарши учрашувдан (4:2) сўнг ўзбекистонлик футболчилар Элдор Шомуродов ва Аббосбек Файзуллаев ҳақида фикр билдирди.

Туркия Суперлигасининг 12-турида Истанбул клуби ўз майдонида "Чорум"ни қабул қилиб, икки тўп фарқи билан ортда бораётганига қарамай, 4:2 ҳисобида ғалаба қозонди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Элдор Шомуродов 78-дақиқада ҳисобдаги фарқни қисқартириб, жамоасининг ғалабага қайтишига туртки берди. Кейинчалик Бертўғ Йилдирим учта гол уриб, мезбонларга ғалаба келтирди.

Нури Шаҳин учрашувдан кейинги матбуот анжуманида Шомуродовнинг биринчи бўлимдаги ҳаракатлари ва танаффусда унга берган кўрсатмалари ҳақида гапирди.

"Шомуродов биринчи бўлимда жуда кўп ҳаракатланди, кераксиз жойларга чиқиб кетди. Одатда, биз ундан майдон бўйлаб фаол ҳаракатланишни талаб қиламиз, аммо бугун бунга эҳтиёж йўқ эди. Жарима майдончасига кўпроқ футболчи билан киришимиз керак эди.

Кейинчалик Бертўғ ва Умут Бозокни майдонга туширганимиздан сўнг қанотлардан аниқроқ узатмалар ва хавфлироқ вазиятлар юзага келди. Бугун тактик қарорларимиз ўзини оқлади, деб айтишим мумкин", – деди Шаҳин.

Мутахассиснинг таъкидлашича, рақиб ҳимояси марказдан ҳужум қилиш имкониятини чеклагани сабаб жамоа асосан қанотлардан узатмалар орқали вазият яратишга ҳаракат қилган.

Шунингдек, Нури Шаҳин жароҳат олган футболчиларнинг ҳолати ҳақида маълумот берди. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ярим ҳимоячиси Аббосбек Файзуллаев тахминан 6 ҳафта давомида майдонга туша олмайди.

Бундан ташқари, "Чорум"га қарши учрашувда жароҳат олган ҳимоячи Эмин Байрам 6–8 ойга сафдан чиққан ва жарроҳлик амалиётини ўтказиши керак.

Шаҳин жамоасининг иродали ғалабасини юқори баҳолади.

"Ҳисоб 0:2 бўлганида ҳам ғалабага биз муносиброқ эдик, деб ўйлайман. Бугун бу масалада камтарлик қилолмайман. Чунки майдонда футбол учун зарур бўлган барча ишни бажарган "Башакшеҳир"ни кўрдик", – деди мутахассис.

Ўхшаш янгиликлар

Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: Buzz Spor

Сўнгги янгиликлар

Барча ›