Умарали Раҳмоналиев "Барселона"га қарши ўйин ва "Краснодар"нинг қизиқиши ҳақида гапирди

Оқил Абдубарноев
24 ноя 2026, 18:55
Озарбайжоннинг "Сабаҳ" клуби ярим ҳимоячиси Умарали Раҳмоналиев УЕФА Чемпионлар Лигасининг 5-туридан ўрин олган "Барселона"га қарши учрашув олдидан фикрларини билдирди.

Ўзбекистонлик футболчи “Azerisport” нашрига берган интервьюсида Каталония клубига қарши баҳс, жамоасининг тайёргарлиги ва Россиянинг "Краснодар" клуби томонидан билдирилаётган қизиқиш ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.

"Сабаҳ" Озарбайжон чемпионатининг 12-турида "Сумгаит"ни 5:1 ҳисобида мағлуб этиб, ғалабасиз ўйинлар сериясига барҳам берди. Раҳмоналиевнинг таъкидлашича, мазкур натижа "Барселона" билан учрашув олдидан жамоанинг руҳий ҳолатига ижобий таъсир кўрсатган.

"Ўйлайманки, бу бизга яхши таъсир қилади. Узоқ вақт ғалаба қозонолмасангиз, хавотирлана бошлайсиз. Ҳозир яхши кайфиятда тайёргарлик кўряпмиз. Умид қиламанки, бу ўйинда ҳаммаси яхши бўлади", – деди Раҳмоналиев.

Ўзбекистонлик ярим ҳимоячи "Барселона"га қарши баҳсда кичик ҳисобдаги мағлубият ҳам ёмон натижа бўлмаслиги ҳақидаги саволга қуйидагича жавоб берди:

"Йўқ. Натижа қандай бўлишини билмайман, аммо майдонда қўлимиздан келган барча ишни қилишга ҳаракат қиламиз. Умид қиламанки, ўйинимиз мухлисларга ёқади. Бунинг учун 100 эмас, 200 фоиз куч сарфлашимиз, бор имкониятимизни ишга солишимиз керак".

Раҳмоналиев фаолияти давомида Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси сафида Испанияга қарши ўйнаганини, бироқ "Барселона" ўзи тўқнаш келадиган энг номдор клуб бўлишини таъкидлади.

Футболчи учрашув Бокуда ўтказилишидан хурсанд эканини ҳам билдирди.

"Ҳатто ўйин Бокуда ўтаётганидан хурсандман. Мухлислар биз томонда бўлади, ўз майдонимиздаги трибуналар бизни қўллаб-қувватлайди. Менинг ҳам, "Сабаҳ"нинг ҳам олдида ҳали кўп имкониятлар бор. Балки келажакда "Камп Ноу"да ҳам ўйнармиз", – деди у.

Шунингдек, Раҳмоналиев "Краснодар" клуби унга қизиқиш билдираётгани ҳақидаги хабарларга ҳам муносабат билдирди.

"Бу ҳақда ҳеч нарса билмайман ва бундай хабарларни кузатиб ҳам бормаяпман. Буни муҳокама қилишни ҳам истамайман, чунки мен "Сабаҳ" футболчисиман. Трансфер ойнасигача ҳали анча вақт бор. Ҳозир ўз клубим ҳақида ўйлашни хоҳлайман", – деди 23 ёшли футболчи.

Эслатиб ўтамиз, "Сабаҳ" – "Барселона" учрашуви 25 ноябрь куни Боку Олимпия стадионида бўлиб ўтади. Баҳс Тошкент вақти билан соат 22:45 да бошланади.

Ўхшаш янгиликлар

Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: Azerisport