Тарихда илк бор ЖЧ ғолибларига чемпионлик узуклари топширилади

Sherzod Nurmatov
17 июл 2026, 17:55
2026 йилги Жаҳон чемпионати ғолиблари футбол тарихида биринчи марта ноёб мукофотга эга бўлишади.

Бу ҳақда Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) матбуот хизмати маълум қилди.

ФИФА шафелигидаги турнирлар тарихида илк бор чемпионлик узуклари топширилади. Ушбу анъана Америка спорт лигаларига (NBA, NFL) хос бўлиб, ЖЧ-2026 АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлигида ўтаётгани сабабли жорий этилмоқда.

2.jpg

Ҳар бир узук чекланган миқдорда турнир ўтказилаётган йилга рамзий ишора сифатида атиги 2026 дона индивидуал рақам билан ишлаб чиқарилади. Улардан 30 таси ғолиб жамоа футболчилари ва мураббийларига топширилади, қолган 1996 таси эса ФИФАнинг расмий лицензияланган маҳсулоти сифатида бутун дунё бўйлаб сотувга чиқарилади.

Узукнинг бир томонида футбол бўйича Жаҳон чемпионати кубоги, иккинчи томонида эса ғолиб жамоанинг логотипи акс эттирилади. Ҳар бир узук рақамланади, эгасининг бармоқ ўлчамига мосланади ва ҳақиқийлик сертификати билан таъминланади.

Финал учрашуви якунланиши билан ғолиб жамоа сардори ва бош мураббийига тақдирлаш маросими учун вақтинчалик узуклар топширилади. Шундан сўнг барча 30 та чемпионлик узуги индивидуал буюртма асосида тайёрланади ва тайёр бўлиши билан расмий топшириш маросими ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, ЖЧ-2026 финалида Испания ва Аргентина терма жамоалари ўзаро тўқнашади. Учрашув 20 июлга ўтар кечаси Нью-Жерсидаги аренада бўлиб ўтади.

Ўхшаш янгиликлар


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: fifa.com