Риоло ЧЛни 16 та "элита" жамоасигача қисқартиришни таклиф қилди: "Слован" – ПСЖ баҳси кимгадир қизиқ эканлигига бизни ишонтиришдан тўхтанг"

Aslanov Jasurbek
4 ноя 2026, 19:32
Журналист Даниэль Риоло ЧЛнинг жорий форматини кескин танқид қилди ва турнирни 16 та жамоагача қисқартириш ташаббуси билан чиқди.

"Бу ЧЛнинг мазкур форматдаги учинчи мавсуми. Келинг, буни унутмайлик, чунки ушбу тизим томошабинбопликни ошириш мақсадида ижодкор инсонлар томонидан ўйлаб топилган деб ҳисоблайдиган содда одамлар бор. Йўқ, у биринчи навбатда пул учун, шунингдек, Суперлига лойиҳасига қарши яратилган. Улар бу пулларни қўлдан чиқара олмасдилар. Агар сиз ҳалигача бу форматни қизиқарли деб ўйлаётган бўлсангиз, мунофиқликни ва эскича фикрлашни бас қилинг. Келинг, 16 та жамоа иштирокидаги турнир ўтказамиз, сентябрдан майгача фақат элита клублари ва ажойиб ўйинлар бўлсин... Чунки бу формат ва ундаги барча ҳисоб-китоблар жонимга тегди. Бемаъниликни йиғиштириш керак! Фақат ажойиб ўйинлар бўлади, сабаби ҳар бир учрашув катта аҳамият касб этади", — деди Риоло RMC Sport каналининг After Foot дастури эфирида.

Журналистдан "элита" жамоасига мисол келтириш сўралганида, Даниэль: "Астон Вилла". Ҳозир улар кучли саккизликда", дея жавоб берди.

"Сешанба кунги ўйин менга қизиқ бўлмади, чунки у ҳеч қандай аҳамиятга эга эмасди. Фақат битта ечим бор: 16 та жамоа, элита иштирок этиши шарт. "Слован" – "ПСЖ" учрашуви кимгадир қизиқ эканлигига бизни ишонтиришга уринишни бас қилинг... Бу шунчаки сафсата", — дея қўшимча қилди мутахассис.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: RMC Sport

Сўнгги янгиликлар

Барча ›