

Орадан маълум вақт ўтди, табиийки эндиликда футболчида Суперлига, янги жамоаси ҳақида таассуротлар бўлиши аниқ. Петар Мичин клуб инфратузилмаси, Ўзбекистон Суперлигасининг савияси, легионерлар учун яратилган шароитлар ҳамда жамоа бош мураббийи Улуғбек Бакаев ҳақида сайтимизга интервью берди.
— Петар, "Удинезе" каби таниқли ва замонавий базага эга клубда ўйнагансиз. "Сўғдиёна" шароитлари ҳақида нима дея оласиз? Умуман, жамоадаги инфратузилма қандай таассурот қолдирмоқда?
— Ҳа, "Удинезе" Италияда инфратузилма ва тузилма жиҳатидан энг яхши клублардан бири ҳисобланади. Бироқ мен у ердан тўғридан-тўғри келганим йўқ, шунинг учун "Сўғдиёна"га келганимда ҳеч қандай ҳайратга тушганим йўқ. Бу ердаги барча нарса яхши ва муносиб даражада. Бизда — футболчилар учун зарур бўлган барча шароитлар мавжуд: қароргоҳ, майдон, тренажёр зали, сауна, бассейн ва ҳоказо.
— "Сўғдиёна"га келиш жараёни қандай кечган эди? Ўзбекистон чемпионатига кўчиб ўтишингизга нима туртки бўлди? Кўпчилик бу қарорни фақат молиявий томон билан боғлайди, бунга муносабатингиз қандай?
— Менинг агентим клуб билан яхши алоқада бўлиб, Ўзбекистонда ўйнашни хоҳлайсанми, деб сўради. У менга клуб ва лига ҳақида батафсил маълумот берди, шундан сўнг жуда тезкорлик билан келишувга эришдик. Фикримча, сўнгги йилларда Ўзбекистон чемпионати сезиларли даражада ўсди ва бутун дунёдан легионерлар оқими кўпайиши ҳисобига ҳар йили янада кучайиб бормоқда. Шунинг учун бу ерга фақат пул учун келинган, деб ўйламайман. Гап фақат молияда эмас, балки футбол савияси юксалиб бораётгани ва бу ерда ўйнагандан кейин катта имкониятлар очилишида ҳам.
— Янги мамлакат ва чемпионатга мослашиш қандай кечди? Оила аъзоларингизнинг бу ердаги ҳаётингизга муносабати қандай?
— Оилам ҳам бироз ҳайрон қолган эди, чунки мен бу ерга келгунимга қадар улар Ўзбекистон ҳақида кўп ҳам маълумотга эга эмасдилар. Бироқ бу ерга келганимдан кейин уларга ҳаммасини тушунтириб бердим. Ҳозир улар ҳам бу ерда эканимдан ва ўзимни яхши ҳис қилаётганимдан хурсандлар.
— Ўзбекистон Суперлигасининг умумий савияси ва рақобатбардошлигини қандай баҳолайсиз? Европа чемпионатлари билан таққослаганда фарқ сезиларлими?
— Мен фақат ўзим тўп сурган лигалар ҳақида гапира оламан ва шуни айта оламанки, Ўзбекистон чемпионати Европадаги айрим лигалардан ҳеч ҳам қолишмайди. Албатта, ҳар доим ривожланиш учун жой бор ва агар клублар янада олдинга силжишни хоҳласа, энг аввало ўз инфратузилмасига сармоя киритишлари керак. Лекин ҳозирнинг ўзида ҳам савия етарлича яхши даражада.
— Футболдаги шахсий қарашларингизга тўхталсак. Итальянча ҳимоявий услуб ва испанча ҳужумкор футболни таққослаганда қай бирини афзал кўрасиз?
— Ҳа-ҳа, албатта, мен ҳар доим испанча ўйин услубини афзал кўрганман. Чунки мен майдонда тўп билан доимий равишда муомала қилишни ва футболдан завқ олишни яхши кўрадиган футболчилар тоифасига кираман. Мен итальянча ҳимоявий услубни у қадар хуш кўрмайман, лекин ҳар бир услубнинг ўз ижобий жиҳатлари бор ва барибир бу шахсий фикрларга боғлиқ.
— Жамоа бош мураббийи Улуғбек Бакаевнинг иши ва ўйинга ёндашуви ҳақида қандай фикрдасиз?
— Мураббийнинг доимий равишда ўйинчилар билан маслаҳатлашиб бориши ва барча ишимизни енгиллаштиришга ҳаракат қилиши менга жуда ёқади. У прагматик мураббий бўлиб, ҳар доим ғалаба қозонишни мақсад қилади.
— Айрим легионерлар ўзбек жамоаларида тактик рангбаранглик йўқлигини, бу борада кам ишланишини айтади…
— Агар буни европача футбол мактабининг тактик чуқурлиги билан солиштирсак, ҳақиқатан ҳам шундай. Чунки у ерда бундай нозик жиҳатлар ёш болаликдан ўргатилади, футболчилар илк қадамлариданоқ энг илғор шароитлар ва юқори малакали мураббийлар кўмагидан баҳраманд бўлишади. Шу боис, бу ҳолатни табиий қабул қилиш керак. Бироқ ўйиннинг техник жиҳатига келсак, ўзбек футболчилари улардан ҳеч бир жиҳатдан ортда қолмайди.



