"Олтин тўп" соҳиби: "Роналду Ўзбекистон билан ўйинда хет-трик қайд этса, ажабланмайман"

22 июн 2026, 11:48
Англия терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси, "Олтин тўп" соҳиби Майкл Оуэн Португалия терма жамоасининг 41 ёшли сардори Криштиану Роналдуни қўллаб-қувватлади.

Роналду ЖЧ-2026 стартувчи баҳсида ДР Конго билан дурангдан (1:1) сўнг кескин танқидларга учраган эди.

"Португалия ўйинидан бир кун олдин Лионель Мессининг хет-трик қилгани Криштиану Роналдуга ортиқча босим ўтказди. Аммо мен унинг шаънига айтилаётган танқидларни қабул қилмайман.

Португалия ДР Конгога қарши учрашувда у қадар яхши ўйин кўрсатмади ва баҳсдан сўнг барча айбни Роналдуга ағдариб, уни жамоа учун муаммога айлангани ҳақида гапира бошлашди.

Бироқ у маълум маънода доим шундай ўйнамаганми? У, айниқса сўнгги йилларда, ўйин давомида доимо кўриниб турадиган футболчи бўлмаган. Бунинг эвазига у катта ўйинларда, ҳал қилувчи вазиятларда ўзини кўрсатади. Агар у гол урмаса, ҳамма айбни Роналдуга ағдариш жуда осон. Криш 41 ёшида, табиийки, шубҳалар остида қолади.

Аммо шундай гап-сўзлардан кейин у кейинги ўйиндаёқ ҳаммани жим бўлишга мажбур қилган вазиятлар неча бор кузатилган? Агар сиз Роналдуни майдонга тушираётган экансиз, унинг нима учун у ердалигини тушунишингиз керак. Ва агар у Ўзбекистонга қарши учрашувда ўз хет-трики билан жавоб қайтарса, мен бундан асло ҳайратланмайман", — деди Оуэн Daily Mail нашрига берган интервьюсида.

Эслатиб ўтамиз, Португалия — Ўзбекистон учрашуви 23 июнь куни бўлиб ўтади.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: Daily Mail

Сўнгги янгиликлар

Барча ›