

Гап шундаки, футболчининг бир неча ой олдин берган интервьюсидаги нияти ушалди.
Мавсум бошида "лочинлар" сафига келиб қўшилган Конго Демократик Республикаси вакили Катулонди Кати Championat.asia сайтига берган интервьюсида икки мамлакат беллашувини кутаётганини айтганди. Ўша пайтда Конго ДР терма жамоаси мундиал йўлланмаси учун саралашнинг плей-офф босқичида қатнашаётган эди. Журналистнинг "Агар мундиалда Ўзбекистон ва Конго ДР терма жамоалари битта гуруҳдан жой олишса, бунга қандай муносабат билдирган бўлардингиз?" деган саволига ҳужумчи француз тилида қуйидагича жавоб берган:
– "Конголик биродарларимга омад тилайман. Умид қиламанки, Ўзбекистон билан жаҳон чемпионатида учрашамиз".
Дарҳақиқат, Конго ДР плей-офф босқичида дастлаб Камерунни 1:0 ҳисобида, сўнгра Нигерияни асосий вақтдаги 1:1 ҳисобидан кейин пенальтилар сериясида 4:3 ҳисобида мағлуб этиб, қитъалараро плей-офф ўйинларига йўлланма олди.
Мексиканинг Гвадалахара шаҳрида ташкил этилган қитъалараро плей-оффнинг ҳал қилувчи баҳсида улар КОНКАКАФ вакили Ямайка билан куч синашиб, 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Ўзбекистон ва Конго ДР терма жамоалари ЖЧ–2026 мусобақасида "K" гуруҳидан жой олишди. Эндиликда улар Португалия ва Колумбия терма жамоаларидан сўнг кейинги босқич йўлланмаси учун кураш олиб боришади.
Бироқ Катулонди Катининг ўзи бу тарихий тўқнашувни Ўзбекистонда туриб кузата олмайди. Июнь ойида ҳужумчи "Навбаҳор" жамоаси билан дўстона хайрлашди. У наманганликлар сафида қисқа вақт давомида тўп суриб, умумий ҳисобда 10 та ўйинда майдонга тушди ва 550 дақиқа ҳаракат қилиб, ўз ҳисобига 1 та гол ёздириб қўйишга муваффақ бўлди.
Нима бўлган тақдирда ҳам, собиқ "лочин" эндиликда мундиалда нафақат ўз ватани, балки фаолиятининг бир қисми ўтган Ўзбекистон терма жамоасининг ўйинларини ҳам катта қизиқиш билан кузатиши шубҳасиз.



