«Ливерпуль» Салоҳнинг ўрнига 130 миллион фунтга футболчи олиб келмоқчи

Narzulla Saydullayev
16 июл 2026, 19:50
«Ливерпуль» клуби «Борнмут» вингери Райанга жиддий қизиқиш билдирмоқда.

Мерсисайдликлар Муҳаммад Салоҳга узоқ муддатли истиқболда ўринбосар сифатида қаралаётган 19 ёшли бразилиялик футболчи бўйича аллақачон маълумот тўплашни бошлаб юборишди, дея хабар бермоқда TEAMtalk.

«Ливерпуль»нинг янги бош мураббийи Андони Ираола (аввал «Борнмут»да Райан билан бирга ишлаган) футболчига ижобий баҳо берди ва унинг салоҳиятини жуда юқори деб ҳисоблайди. «Қизиллар» футболчи жорий йилнинг январь ойида «Васко да Гама»дан Англияга кўчиб ўтишидан олдин ҳам унга қизиқиш билдиришганди, бироқ «Борнмут» тезроқ ҳаракат қилиб қолган. Мавсумнинг иккинчи ярмида Райан Премьер-лиганинг 13 та учрашувида 5 та гол ва 2 та голли узатмани амалга ошириб, чемпионатга жуда тез мослашиб кетди ҳамда Бразилия терма жамоасининг ЖЧ-2026 учун қайдномасидан жой олди.

Манбанинг берган маълумотларига кўра, футболчининг шартномасида 130 миллион фунт (153 миллион евро) миқдорида товон пули (товон пулини тўлаб сотиб олиш банди) кўрсатилган, бироқ бу банд энг камида 2027 йилдан бошлаб кучга киради. Айни дамда «Борнмут» вазиятни тўлиқ назорат қилмоқда ва ўз трансферидан атиги ярим йил ўтган энг истиқболли ўйинчиларидан бирини қўйиб юбормоқчи эмас. «Ливерпуль»дан ташқари, Райаннинг вазиятини «Барселона», «Бавария» ва «Пари Сен-Жермен» клублари ҳам кузатиб бормоқда. Шунингдек, мерсисайдликлар муқобил вариантларни, жумладан, «Брайтон»дан Янкуба Минте ва Крисенсио Саммервилл номзодларини ҳам кўриб чиқишда давом этмоқда.

gettyimages-2275358488-2048x2048.jpg

Ўхшаш янгиликлар


Narzulla SaydullayevМуаллиф
Манба: TEAMtalk