

"Тезкор студия" кўрсатувининг навбатдаги сонида Аргентина терма жамоасининг Англия устидан қозонган ғалабаси ва ярим финалнинг бошқа муҳим жиҳатлари атрофлича таҳлил қилинди. Студия меҳмонлари — таниқли экспертлар Нарзулла Сайдуллаев, Санат Шихов ва Толибжон Қосимов ўйин борасидаги ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашишди.

Санат Шихов: "30 дақиқа давомида жарима майдончаси ичида ҳимояланиш — ярим финал учун кулгили ҳолат"
Умумий ўйин манзарасига эътибор қаратсак, Аргентина баҳс давомида тўлиқ устунлик қилди. Англия гол урганидан кейин бу устунлик янада яққол кўзга ташлана бошлади.
Назаримда, бу ерда мураббий хатосига йўл қўйилди — голдан сўнг инглизлар умуман олдинга ўтишмади ва 10 киши бўлиб фақат ҳимояланиш билан банд бўлишди.
Агар қандайдир мўъжиза юз бермаганида, бундай ҳисобни ушлаб қолиш имконсиз эди. Аргентинанинг тинимсиз ҳужумлар ёмғири фонида Англия барибир гол ўтказиб юбориши аниқ эди.
Энг қизиғи, ҳисоб 1:1 бўлганидан кейин ҳам инглизлар ўйинда бирор нарсани ўзгартиришни исташмади. Агар баҳс экстра-таймларга уланиб кетганида, ҳисоб янада йирик кўриниш оларди, чунки Англияда куч қолмаганди. Шундай экан, Аргентина мутлақо ҳақли ғалабани қўлга киритди.
Бугун ҳакамлик олий даражада бўлди. Тўғриси, 1:0 ҳисобида олдинда бораётган жамоанинг бу қадар заифлашганини кўрмагандим.

Жарима майдони ичида Аргентинага қарши бу тарзда ҳимояланиш — ўз жонига қасд қилиш билан баробар. Бунинг устига, 30 дақиқа давомида ҳимояга ётиб олиш — ярим финал учун шунчаки кулгили. Англия рақиб қаршисида ожиз кўриниб қолди. Аргентина эса анча тажрибали ва хавфли жамоага айланганини исботлади.
Ваҳоланки, Англиянинг гуруҳ босқичидаги ўйинлари бизда ижобий таассурот қолдирган эди. Улар Норвегия билан баҳсда ҳам ажойиб камбэкни амалга оширишганди.
Конго ДР терма жамоаси аъзоси Йоан Висса ўшанда иккинчи голни урганида, Англия гуруҳда қолиб кетиши ҳам мумкин эди. Баъзида "бу Англиядан кўра турнирда Норвегия қолгани яхшироқ эдимикин?" деб ўйлаб қоласан киши.
Нима бўлган тақдирда ҳам, финал жуда қизиқарли ўтиши аниқ. Индивидуал маҳорат эвазига Аргентинани фаворит деб ҳисоблайман.
Испания терма жамоасида барибир ички қўрқув бўлади. Бу эса уларнинг майдонда режалаштирган тактикаларини тўлиқ амалга оширишига халақит бериши мумкин.

Толибжон Қосимов: "Тухелнинг ўта қайсарлиги Англиянинг бошига етди"
Ўйин сифати ва намойиш этилган футбол бўйича финалга ҳақиқатдан ҳам лойиқ бўлган жамоа йўл олди.
Англия доим кучли мураббий масаласида оқсаб келган. Ниҳоят, ушбу мундиалда улар тактик жиҳатдан ақлли мураббийга эга бўлишди, деб ўйлагандим. Бироқ Томас Тухелнинг ўта қайсарлиги Англиянинг бошига етди.
Жамоа яхши ҳаракат қилиб, биринчи бўлиб ҳисобни очган эди. Лекин шундан сўнг мураббий вингер ўрнига ҳимоячини тушириб, 3 та марказий ҳимоячи тактикасига ўтди.
Кейинроқ Аргентина қанотлардан хавфли узатмаларни амалга оширгач ва Жордан Пикфорд иккита ажойиб сейв кўрсатганидан кейин, Тухел "иккинчи қаватни бой беряпмиз" деган хавотирда яна ҳимоячи ташлади. Натижада, 1:0 ҳисобида ютаётиб, жамоа майдонда 6 та ҳимоячи билан ўйнай бошлади! Бунча кўп ҳимоячи майдонда бир-бирига халақит бериб қўяди.
Энцо Фернандес исталган нуқтадан бемалол зарба бермоқда, аммо унга ҳеч ким тўсқинлик қилмаяпти. Ўйин тугашига ҳали 35 дақиқа бор вақтда жамоани бутунлай ҳимояга ётқизиш — бу қандай қарор?

Аргентинадек жамоага қарши ярим соат олдин ҳимояга ётиб бўлмайди, улар иродали характер кўрсата олишини аллақачон исботлашган. Ҳатто Миср ҳам бу қадар заиф ҳимояланмаган, тез-тез қарши ҳужумлар ташкил қилиб турганди. Иштиёқ ва мазмунли ўйин бобида Аргентина финалга тўлиқ лойиқ эканини кўрсатди, Англия эса бунга муносиб эмасди.
Очиғи, бундай қўрқоқ ўйин кўрсатадиган жамоага финалда жой йўқ эди.
Энди улар учинчи ўрин учун баҳсда майдонга тушишади, лекин бу ўйин инглизларга умуман керак эмасдек. Улар майдонда гўёки қаттиқ хафа бўлгандек, иштиёқсиз ўйнашади.
Агар уларнинг ўрнида Марокаш, Туркия ёки Хорватия каби жамоалар бўлганида, мутлақо бошқача иштиёқ ва жангга таклиф этадиган футбол кўрган бўлардик.

Нарзулла Сайдуллаев: "Кутилмаган гол Англияга панд берди"
Менимча, кутилмаган гол Англия терма жамоасига салбий таъсир қилди. Унга қадар Аргентина посбони Эмилиано Мартинес деярли жиддий сейв амалга оширмаганди.
Инглизларнинг голи кутилмаган қарши ҳужумдан кейин юзага келди, чунки улар ўйинда устунлик қилишаётгани йўқ эди. Мана шу ҳисобнинг очилиши Англияни руҳан синдирди ва бор эътиборини фақат ҳимояга қаратишга мажбур қилди.
Ушбу Жаҳон чемпионатидаги бир қизиқ фактга эътибор қаратиш лозим: Англия таркибида голларни Кейн, Беллингем, Рашфорд ва бугун Гордон киритди.
Эътиборлиси, бу футболчиларнинг барчаси АПЛдан ташқарида (бошқа чемпионатларда) тўп тепишади. АПЛда ўйнайдиган футболчилар эса, аксинча, бу турнирда Англияга ёрдам бера олишмади.
Ҳомийларимиз: CAU, “InfinBank”, “AKFA”, “Ucell”, “TT LLC”, “Black Cofee”, “OfoTour”



