
Мусобақанинг илк финалчисига айланган Испания терма жамоаси ярим финалда турнирнинг асосий даъвогарларидан бири — Францияни мусобақадан чиқариб юборди. Студия экспертлари Толибжон Қосимов, Камолиддин Алимов ва Миркомил Мусаев, Нарзулла Сайдуллаев ушбу учрашув таҳлилини олиб боришди.

Толибжон Қосимов: "Де Ла Фуэнтенинг ақлли тактикаси Франциянинг даҳшатли ҳужумини зарарсизлантирди"
Ўйиндан олдин кўпчилик Францияни яққол фаворит сифатида кўраётган эди. Боиси, французлар мусобақанинг энг кучли ва даҳшатли ҳужум чизиғига эга жамоа ҳисобланарди. Аммо майдонда ушбу юлдузли ҳужум триоси ҳеч нарса қила олмади. Бунга эса тўғри тактика танлаган Испания терма жамоаси сабабчи бўлди. Мураббий Луис де ла Фуэнтенинг жамоани ўйинга қандай тайёрлагани учрашув давомида яққол билинди.
Франция устози Дидье Дешам ушбу баҳсда тезкор қарши ҳужумларга умид боғлаган эди. Чунки испанлар тўп назоратини ўз қўлида ушлаб туриши сир эмасди. Бироқ Испания рақибга бундай имкониятни умуман бермади. Ҳужумга ўтиш вақтида ҳам орқа чизиқдаги уч нафар ҳимоячи ўз позициясини ташлаб кетмади. Натижада Франция қарши ҳужумга қочиш учун майдонда каттароқ бўш ҳудуд топа олмади. Де Ла Фуэнте ҳақиқатан ҳам ўта ақлли мураббий эканлигини исботлади.
Тўғриси, ўйиндан олдин кимдан сўрасангиз ҳам бундай манзарани тасаввур қилолмасди. Сабаби, французлар таркибида ушбу баҳсгача жами 23 та голли узатмани амалга оширган Усмон Дембеле, Килиан Мбаппе ва Майкл Олисе каби ижрочилар бор эди. Улар ҳар ўйинда хавфли вазиятлар яратиб келишаётганди. Бироқ Испания шу қадар мукаммал тайёргарлик кўрибдики, уларга умуман йўл бермади. Франция биринчи бўлимда бирорта ҳам хавфли вазият яратолмади ва уларнинг биринчи бўлимдаги кутилган голлар (xG) кўрсаткичи 0 га тенг бўлди.
Бундан ташқари, майдонда яна аввалги спорт формасига қайтган Родрини кўрдик. У жароҳатлар сабабли "Манчестер Сити" таркибида мавсумни тўлиқ ўтказа олмаган эди. Кўриниб турибдики, ярим ҳимоячи бор кучини айнан мана шу Жаҳон чемпионати учун асраб қўйган экан.
Камолиддин Алимов: "Испания 2,5 йилдан бери Францияга ютқазмаяпти"
Терма жамоаларнинг ўзаро ўйинлари статистикасига назар ташласак, устунлик тўлиқ Испания томонида эканига гувоҳ бўламиз. Луис де ла Фуэнте бошқарувидаги ҳозирги Испания терма жамоаси Францияга умуман мағлуб бўлмаяпти.
Бугунги кунда ушбу мутахассис қўл остида испанларнинг мағлубиятсиз серияси нақ 2,5 йилдан бери давом этиб келмоқда. Бу жуда катта ва таҳсинга лойиқ кўрсаткичдир.

Миркомил Мусаев: "Бу йилни басклар йили деб аташимиз мумкин"
Футбол мана шундай кутилмаган вазиятлари билан қизиқ. Биз ўйиндан олдин ҳар қанча рақамлар, статистика ва таҳлилларга суянмайлик, яшил майдондаги жараён барибир бошқача кечиши мумкин. Тўғри, баъзида прогнозлар ва ҳисоб-китоблар ўзини оқлайди, аммо футбол барибир ўзининг мана шундай кутилмаган гўзаллиги билан барчани мафтун этади.
Жорий йилни бемалол "басклар йили" деб аташимиз мумкин. Испания терма жамоаси йилнинг энг асосий мусобақасида ким аслида энг кучли эканлигини бутун дунёга намойиш этиб қўйди. Дидье Дешам ҳам баҳсдан аввал рақибнинг бу кучини яхши англаб етганди.
Аслида, Испания майдон марказини тўлиқ назорат қилиш эвазига бутун ўйин тақдирини ҳал қилди. Улар керак пайтда тартибли ҳимояланишни, зарур вазиятда эса ҳужумларни юқори даражада ташкил қилиб, баҳс суратини ўзлари истагандек бошқара олишди.
Ҳомийларимиз: CAU, “InfinBank”, “AKFA”, “Ucell”, “TT LLC”, “Black Cofee”, “OfoTour”

