

Бугунги кунда терма жамоаларимизга кўплаб футболчилар етказиб бераётган, Косонсойни юлдузлар фабрикасига айлантираётган Шодмон Маматов ва 18 ёшида Ўзбекистон терма жамоаси таркибида Жаҳон чемпионатида тўп тепаётган Беҳруз Каримовнинг отаси Алишер Каримов бугунги куннинг қаҳрамонлари деб айта оламиз. Улар “Тезкор студия”нинг кечаги сонида меҳмон бўлишди.
Косонсойда 20 йилдан бери болалар футболида фаолия олиб бораётган ака Шодмон бугунги кунда 2003, 2006, 2007, 2008 йиллар терма жамоаларига бир неча нафар футболчиларни етказиб берди. Ўтган йили Осиё чемпиони бўлган Ўзбекистон U-20 терма жамоаси таркибида Пўлатхўжа Холдорхонов, 2023 йил U-17 Жаҳон чемпионатида қатнашган, миллий терма жамоа аъзоси Беҳруз Каримов, 2008 йиллар терма жамоаси сардори бўлган Мўминхон Баҳодирхонов, айнан футболга Шодмон Маматов мураббийлигида кириб келган. Гап сонда эмас, бу жуда катта натижа. 2007 йиллар терма жамоасида икки нафар футболчилар, Диёр Тожибоев ва Зайниддин Юсуфхонов ҳам бор. 2019 йил Италиядан кучли мутахассис ташриф буюрган, Намангандаги 10 кун давомида фақатгина Шодмон ака келган, ўрганишдан қочмаганди.

Шодмон Маматов Ўзбекистон терма жамоасининг ўйини ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Мураббий ўйинимизни ташкил қилиш, Беҳруз Каримовнинг зарбалари ва камчиликларимизни ҳам айтди.
— Ўзбекистон терма жамоаси ўйинни тўғри ташкил қила олди. Тўғри, майдонда иккинчи рақам остида ҳаракат қилдик. Чунки Колумбия — дунё рейтингида юқори ўринларда турадиган жуда кучли рақиб. Шу боис, асосий урғу тартибли ҳимояланиш ва тезкор қарши ҳужумларга қаратилди ва бу режа ўзини оқлади.
Нақ 40 дақиқа давомида ҳисобни дуранг кўринишида ушлаб турдик. Ўйин тақдирини рақибнинг катта тажрибаси, юқори индивидуал маҳорати ва ўзимиз йўл қўйган айрим хатолар ҳал қилди. Бироқ энг қувонарлиси — йигитлар Жаҳон чемпионатидаги дебютга ва катта босимга қарамай, ўзларини йўқотиб қўйишмади.

— Масалан, шогирдим Беҳруз Каримовнинг ҳаракатларида ҳеч қандай қўрқув ёки саросимани кўрмадим. Одатда шок ҳолатига тушган футболчи тўп келиши билан уни шунчаки тепиб юборишга ҳаракат қилади. Бизда эса бундай ҳолат кузатилгани йўқ. Агар ўйинни тўғри олиб бормаганимизда, биринчи бўлимнинг ўзидаёқ ҳисоб йириклашиб кетиши ҳеч гап эмасди.
Албатта, камчиликлар ҳам йўқ эмас. Ҳимоядан ҳужумга ўтишда бироз оқсоқлик кўзга ташланди, айниқса, марказий зонада тўпни назорат қилишда хатоларга йўл қўйдик. Бундан ташқари, жисмоний ҳолат устида ҳам ҳали ишлашимиз керак. Кейинги — Португалия билан бўладиган баҳсдан эса фақат ижобий натижа кутамиз.

— Беҳрузнинг зарба бериш қобилияти жуда юқори. Уни кичик турнирларга олиб борганимда, ҳеч ким 2007 йилда туғилганига ишонмасди. Мен ўз тарбияланувчиларимга доим бир нарсани уқтираман: майдонда фақат ўзингга ишонишинг керак. Агар иккиланиш пайдо бўлса, «зарбам ўхшамайди» деган фикр хаёлдан ўтса — албатта хато қиласан. Ўзига ишонган футболчининг зарбаси ҳам, узатмаси ҳам аниқ чиқади. Беҳруз Суперлигада ҳам 2 та гол урди. Вазият бўлдими, у масофадан қатъи назар, дадил зарба беришдан қўрқмаслиги керак.
Ўзбекистон иқтидорлар мамлакати. Лекин шундай ҳолатлар бўладики истеъдодларни қадрига етмай сўндириб ҳам юборамиз. Надбавка турнирлари, ҳакамларнинг қарорлари ва ҳоказо. Шу туфайли футболни тугатиб юборганлар ҳам бор. Шодмон Маматов эфир давомида бу ҳақида ҳам гапирди.
— Гуруч курмаксиз бўлмайди, дейишади. Футболимизда, хусусан, болалар футболида сунъий натижа кўрсатиш илинжида кичик ёшдагилар турнирларига ёши каттароқ болаларни олиб келиб ўйнатишади. Аммо охирги вақтларда ҳакамлар билан «ишлаш» ёки турли «надбавка» орқали ўйин тақдирини ҳал қилиш каби иллатларга анча чек қўйилди.
Яқинда спорт мактаблари ўртасида 2009 йилларда туғилган футболчилар мусобақасида қатнашдим. Унда Ҳакамлар академиясида таҳсил олаётган ёш ҳакамлар ишлади, уларнинг фаолиятини бир нечта назоратчилар жиддий кузатиб турди. Натижада адолат таъминланди: жамоанг кучлими — майдонда ютиб кетаверасан. Тошкент вилояти ёки Бухоро жамоалари финалга чиқади деса, илгари ҳеч ким ишонмасди.

— Истеъдодларни йўқотиб қўйиш масаласига келсак, бу ерда кўп нарса мураббийга боғлиқ. Ҳар бир мураббийнинг ўз даражаси бўлади. Масалан, мен ўз билимим, салоҳиятим болалар футболи даражасида эканини яхши биламан. Суперлигада ишлаш учун етарли билимга эга эмасман ва буни тан олишдан қўрқмайман. Тўғри, деярли ҳар бир мураббийнинг қўлида Беҳрузга ўхшаган иқтидорли болалар бўлади. Бироқ энг муҳими — уларни кейинги босқичга тўғри йўналтириш ва ўз вақтида кучлироқ жамоаларга топширишдир.
Ҳозир ҳар бир вилоятда футбол академиялари ташкил қилинди. Бола футболчи сифатида ўсиши керак. Агар мураббий фақат ўзини, натижа орқасидан келадиган “надбавка”сини ўйлаб, иқтидорни ўз бағрида ушлаб ўтираверса, у бола 15–16 ёшдан кейин йўқолиб кетади, мутлақо ўсмайди. Болага яхши футбол мактаби ва соғлом рақобат зарур.
— Мен ҳамма шогирдларимни вақтида ўзимдан кўра малакаси ва шароити юқорироқ бўлган жойларга берганман. Чунки бола кучсизроқ жамоада қолиб кетса, у ерда яққол етакчига айланади ва хаёлида “мендан зўри йўқ, барибир доим асосий таркибда ўйнайман” деган фикр пайдо бўлиб, меҳнат қилишдан тўхтайди. Ҳозир яхши шароитлар фақат Тошкентда эмас, вилоятларда ҳам бор. Масалан, Наманган футбол академиясидаги шароитларни кўриб, бунга амин бўлдим.

“Авваламбор, барчани мана шундай катта футбол байрами билан табриклайман. Жаҳон чемпионатидек нуфузи баланд мусобақада ўғлимнинг майдонга тушиб ўйнаётгани мен учун чексиз бахт. Тўғриси, Ўзбекистон терма жамоаси иштирокидаги ўйинни ҳаяжон билан нақ 6 маротаба қайта-қайта томоша қилдим.
Колумбияга қарши учрашув ҳақиқатан ҳам жуда чиройли ва мазмунли бўлди. Бундай йирик турнирларда қатнашиш ва кучли рақиблар билан муносиб курашиш футболимиз учун одатий ҳолга айланишини тилаб қоламан.
Ўғлим Беҳрузга доим: “Сенда Худо берган иқтидор ва қобилият бор, ундан унумли фойдалан, вазият бўлдими — дадил зарба йўлла”, деб уқтираман. Оилавий унинг кучли зарбалари мухлисимиз.
Ўзим асосан Қозоғистонда ишлайман. Илгари Беҳрузнинг ҳар бир машғулоти ва ўйинларини қолдирмай, кўргани борар эдик. Ҳозир ҳам унинг биринчи мураббийи Шодмон ака билан доимий алоқадамиз, маслаҳатлашиб турамиз. Кейинги — Португалия билан бўладиган баҳсда ҳам терма жамоамиздан мана шундай чиройли голлар ва ғалаба кутиб қоламиз”,- дейди Беҳруз Каримовнинг отаси.
Ҳомийларимиз: CAU, “InfinBank”, “AKFA”, “Ucell”, “TT LLC”, “Black Cofee”, “OfoTour”



