"Тезкор студия": Чипталар мавзуси. Осиё Кубогида натижага кўз юмилмайди. Халқ ўз жамоасини севади

Iskandarov Abdulaziz
2 июл 2026, 15:28
2026 йил Канада, Мексика ва АҚШ мезбонлигида ўтаётган Жаҳон чемпионати ўзининг қизғин палласига кириб улгурди.

Гуруҳ босқичи якунланиб, мундиалнинг энг кучлилари сараланадиган плей-офф баҳслари бошланмоқда. Гарчи Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз юришини гуруҳ босқичидаёқ якунлаган бўлса-да, мамлакатимизда ЖЧ шукуҳи ва муҳокамалар тингани йўқ. "Тезкор студия"нинг навбатдаги сонида спорт журналистлари Камолиддин Алимов, Толибжон Қосимов ва Нарзулла Сайдуллаев вакилларимизнинг иштироки ҳамда уларнинг Тошкентга қайтиши атрофидаги воқеаларга тўхталиб ўтишди.

Снимок экрана (441).png

Халқ барибир ўз жамоасини севади


Нарзулла Сайдуллаев (журналист): —
Мағлубиятлардан сўнг футболчиларимиз юртимизга турли рейслар орқали бўлиниб қайтишди. Ярим кечаси соат 1 ларга яқин Элдор Шомуродов, Одил Ҳамробеков, Акмал Мозговой, Авазбек Ўлмасалиев, Рустам Ашурматов ва Азиз Ғаниев каби 9 нафар вакилимиз Истанбул орқали Тошкентга етиб келди. Бундан бир кун олдин ҳам бир нечта футболчимиз келган эди. Чипталар танқислиги сабабли жамоа бир вақтда қайта олмади: кимдир Туркия, кимдир Нью-Йорк орқали учишига тўғри келди.

Гарчи терма жамоамиз гуруҳдаги барча (3 та) ўйинда имкониятни бой берган бўлса-да, аэропортга оддий мухлислар йиғилишди. Энг қувонарлиси, ярим тун бўлишига қарамай, ёш болалар ота-оналари билан футболчиларнинг либосларини кўтариб келишган. Бу ватан ва терма жамоа битта эканлигининг исботидир. Ютса ҳам, ютқазса ҳам улар ўзимизники. Хафа бўламиз, куюнамиз, лекин янги ўйин бошланса, яна экран қаршисига михланамиз. Шахсан мен у ерда салбий кайфият эмас, кўпроқ қўллаб-қувватлашни кўрдим."
Ташкилий тушунмовчиликлар ва журналистлардан "яширилган" футболчилар.

99755c5f-4825-4e6f-afc9-47861bfc4a14.png


Толибжон Қосимов (журналист): — Мухлисларнинг муносабати ҳар хил бўлиши табиий, лекин ўша куни аэропортда одамлар кўзида нафрат ёки футболчиларга нисбатан бирор-бир негатив фикрни сезмадим. Аммо мени бошқа ташкилий жиҳат таажжубга солди.
Элдор Шомуродов ва Одил Ҳамробеков оддий йўловчилар қатори кутиб олиш залидан чиқиб келишди. Бироқ Азиз Ғаниев, Жасур Жалолиддинов ва Достон Ҳамдамовларни ЎФА ёки Миллий футбол маркази ходимлари хизмат (кириш) эшиги орқали бошқа йўл билан олиб чиқиб кетишган. Ярим кечаси футболчиларни ёритиш, улардан фикр олиш учун келган ОАВ вакиллари олдидан футболчиларни бундай 'яширинча' олиб чиқиб кетилиши тушунарсиз ва нотуғри қадам бўлди.

Маълумот учун: Нарзулла Сайдуллаевнинг қўшимча қилишича, айрим футболчилар, хусусан, Ўткир Юсупов ва Руслан Жиянов Тошкентга қайтмай, тўғридан-тўғри "Навбаҳор" клубининг Туркиядаги йиғинига бориб қўшилишган. Қолган футболчиларга эса қисқа муддатли таътил берилган.

ab653603-7153-475b-915d-59af217664da.png


Асосий имтиҳон олдинда: "Ғалвир Осиё Кубогида кўтарилади"

Камолиддин Алимов (бошловчи/эксперт): Халқимиз ва ҳукумат мағлубиятга қарамай, жамоани илиқ кутиб олди. Бу — футболчиларга берилган катта ишонч авансидир. Тўғрисини айтиш керак, Жаҳон чемпионатида гуруҳимиздаги Португалия ёки Конго ДР каби рақиблар биздан сезиларли даражада кучли эди, шу боис мундиалда катта натижалар кутмагандик ва олдиндан баландпарвоз тахминлар ҳам қилмагандик.
Бироқ, Осиё Кубогида бундай баҳоналар ўтмайди. У ерда натижага кўз юмиб бўлмайди. Тез орада қитъа биринчилиги ҳам бошланади ва ҳақиқий имтиҳон (ғалвир) ўша ерда кўтарилади. Бош мураббий Фабио Каннаваро ўз лавозимида қолди. Энди у дўппини бир четга қўйиб, жиддий ўйлаши, хатолардан хулоса чиқариши шарт. Вакилларимиз Осиё Кубоги гуруҳ босқичидан биринчи ўрин билан чиқишлари ва юқори натижа кўрсатишлари шарт. Буни биз қатъий талаб қилиб оламиз.

503349.jpg

Мундиал чипталари атрофидаги шубҳалар

Толибжон Қосимов (журналист): — Терма жамоа атрофидаги яна бир баҳсли мавзу — Жаҳон чемпионати чипталари билан боғлиқ вазиятдир. Биз ҳам худди мухлислар сингари ижтимоий тармоқлардаги баҳс ва иддаоларни кузатиб боряпмиз. Студиямиздаги уч нафар экспертнинг ҳеч бири АҚШга боргани йўқ. Океан ортида бўлган икки томон (ташкилотчилар ва норози гуруҳлар) эса бир-бирига жиддий айбловлар қўймоқда. Биз Тошкентда туриб воқеага аниқ баҳо бера олмаймиз. Балки у ерда бўлиб қайтган ҳамкасбларимиз келишгач, асл ҳолатга ойдинлик киритиб беришар.

Снимок экрана (440).png

Камолиддин Алимов (бошловчи/эксперт): — Аслида бу жиддий журналистик суриштирув талаб қиладиган мавзу. Бироқ Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) барибир бундай мавзулардан ўзини олиб қочишга ҳаракат қилади. ФИФА қоидаларига кўра, иштирокчи мамлакат федерациясига ҳар бир ўйин учун маълум миқдорда чипталар ажратилади. Бу чипталар катта эҳтимол билан текинга берилган бўлиши ҳам мумкин ва улар қариндош-уруғларга эмас, биринчи навбатда оддий мухлисларга ўз нархида етиб бориши керак эди.
Аммо чипталарда нархларнинг кўрсатилмагани ва уларга махсус кодлар (калитлар) орқали кирилгани турли шубҳа ва саволларни юзага келтирмоқда.

Ҳомийларимиз: CAU, “InfinBank”, “AKFA”“Ucell” “TT LLC”“Black Cofee”“OfoTour”

Ўхшаш янгиликлар


Iskandarov AbdulazizМуаллиф

Сўнгги янгиликлар

Барча ›