"Терма жамоада мураббий имзоси йўқ. Рақиб 15 дақиқа футбол, 75 дақиқа машғулот ўтказди" — Португалия билан ўйин таҳлил қилинди

Iskandarov Abdulaziz
24 июн 2026, 12:26
"Тезкор студия" кўрсатувининг Жаҳон чемпионатига бағишланган махсус сонлари давом этмоқда.

Ўзбекистон терма жамоасининг Португалиядан қабул қилиб олган йирик ҳисобли мағлубиятидан сўнг, дастурнинг навбатдаги сонида "Ғазалкент" клуби мураббийлари Зайниддин Тожиев ва Жаҳонгир Усмонов, шунингдек, таниқли экспертлар Нодирхўжа Юлдашев, Миркомил Мусаев, Толибжон Қосимов ҳамда Нарзулла Сайдуллаев иштирок этишди. Улар миллий терма жамоамизнинг ўйини, учрашувдаги тизимли муаммолар ва йўл қўйилган камчиликларни атрофлича таҳлил қилишди.

Зайниддин Тожиев: "Кўпчилик футболчилар босимни кўтара олишмади"
— Ўйинга тўхталадиган бўлсак, йигитларда кучли ҳаяжон ва руҳий босим яққол кўзга ташланди. Тўпни оддий вазиятларда сақлаб қола олмай, кўп маротаба хатога йўл қўйдик. Бу мағлубиятни биринчи навбатда масъулият юки ва ҳаяжон билан боғлаган бўлардим. Футболчиларимизнинг аксарияти бундай катта босимни кўтара олмади.

Аслида, учрашув қийин кечиши олдиндан маълум эди. Таркибларни солиштирсак, бизда фақат Абдуқодир Ҳусанов АПЛда тўп суради, холос. Португалиянинг эса барча футболчилари Европанинг топ-клубида ўйнашади, уларнинг ижрочилик маҳорати ва савияси жуда юқори. Шунга қарамай, биз йигитларга ишонгандик. Ўйин давомида урган голимиз инобатга олинмагани ҳам руҳиятга таъсир қилди. Футболчилар майдонда борини беришди, бироқ бундай юқори савиядаги мусобақада тажрибасизлик ўз сўзини айтди. Терма жамоамизнинг кўп аъзолари ҳали Жаҳон чемпионати ҳавосини ҳис қилиб улгуришмаган эди. Ўйлайманки, кейинги мундиалларда бундан анча яхши натижалар кўрсатамиз.

0937bcd6-b2c5-4d0b-9eaa-2c191c880aa1.png



Жаҳонгир Усмонов: "Биринчи 15 дақиқаликда рақиб бизга маҳорат дарсини ўтиб берди"

— Тўғриси, ҳисоб бунчалик йирик кўриниш олишини кутмагандик, лекин яхши натижадан умид қилгандик. Очиғини айтганда, Португалия бизга ҳақиқий "мастер-класс" (маҳорат дарси) ўтиб берди. Улар футбол қандай ўйналишини ва Жаҳон чемпионатининг даражаси қанақа бўлишини кўрсатиб қўйишди. Бу мутлақо бошқа савия эканлигини ҳис қилдик. Топ-5 чемпионатларида фақат биргина футболчимиз бор. У ердаги суръат ва темпни Ўзбекистон чемпионати билан мутлақо солиштириб бўлмайди.

Йигитлар ҳаракат қилишди, бироқ узатмалардаги брак (яроқсиз паслар) сони жуда кўп бўлди. Мен вазиятларни атайлаб санаб бордим: биринчи сув ичиш танаффусигача вакилларимиз кетма-кет 3 тадан ортиқ аниқ пас бера олишмади. Фақат 26-дақиқага келибгина узилишсиз 6 та узатмани амалга оширдик. Унгача эса бир-биримизга 2 тадан ортиқ тўп ошириш муаммога айланди.

be6c2697-0b83-4fa2-a1d4-80a023e0ebea.png



Португалия учрашув бошиданоқ кучли прессинг уюштирди. Футболда шундай қоида бор: биринчи ва охирги 15 дақиқалик оралиқларда устунлик қилган жамоа ўйин тақдирини ўз фойдасига ҳал қилади. Рақиб дастлабки дақиқаларданоқ босимни кучайтириб, ташаббусни қўлга олди. Агар дастлабки 25 дақиқа ичида гол ўтказиб юбормаганимизда, вазият бу қадар аянчли тус олмасди.

Дарвозабон алмашинувига келсак, буни мураббий ҳал қилади. Ўткир Юсупов билан нима бўлганидан бехабармиз, балки унда кичик жароҳат бордир. Одатда асосий посбонни дарвозабонлар мураббийи танлайди ва ким тайёр эканини бош мураббийга айтади. Шу сабабли Юсуповнинг нима учун қайдномада йўқлиги ҳақида аниқ бир нарса деёлмайман. Аммо хатоларга тўхталадиган бўлсак, жарима зарбасидан ўтказиб юборилган иккинчи голда Абдувоҳид Неъматов тўпни бемалол қайтариши мумкин эди. Уша вазиятда у тўп йўналишини умуман кўрмай қолди.

Снимок экрана (417).png



Захиралар ҳақида гапирадиган бўлсам, Акмал Мозговой биринчи баҳсда ёмон таассурот қолдирмаганди. Иккинчи гол эса Одилжон Ҳамробековнинг қўпол хатосидан сўнг дарвозамиздан жой олди. Тан олиш керак, ҳозирги терма жамоамизнинг энг заиф нуқтаси — таянч ярим ҳимоя чизиғи. Кўпчилик бу фикрга қўшилса керак, илгари айнан шу чизиқ вакиллари терма жамоамизнинг энг кучли устунлари ҳисобланарди.

Нодирхўжа Юлдашев: "Бу мағлубият юз фоиз мураббийнинг хатоси"
— Яхшиямки, Сречко Катанецдан кейин терма жамоага дарҳол Каннаваро олиб келинмаган экан, акс ҳолда ҳозир мундиалда бошқа терма жамоаларга мухлислик қилиб ўтирган бўлардик. Бу мағлубиятда юз фоиз бош мураббий айбдор. Ҳеч қачон битта учрашувдаги хато туфайли 4 йил давомида асосий бўлган дарвозабонни алмаштириб юборишмайди. Ваҳоланки, ҳужумда ҳам, таянч чизиғида ҳам камчиликлар етарли эди ва ҳамма хато қилаётганди.

Биз яқинда БААдаги "Ал-Айн" турнирида ғалаба қозониб, Эрон билан даражамиз тенглашди, деб ўйладик. Аммо Эрон терма жамоаси Бельгияга қарши баҳсда тарихдаги энг кекса таркибни туширган бўлса-да, сифатли ўйин намойиш этди. Уларнинг жисмоний ҳолати Бельгиядан асло қолишгани йўқ ва майдонда рақиб устунлиги сезилмади. Бизда эса футболчининг ёши бир оз улғайса, дарҳол "қариди"га чиқарамиз. Футболда ёш эмас, айни дамда ким тайёр бўлса, ўша майдонга тушиши керак. Тўрт йилдан бери тинимсиз ўйнаётган футболчи чарчаяптими, демак буни тан олиб, уни захирага олиш лозим.

Колумбияга қарши баҳсда энг яхши ўйинчилардан бири бўлган Акмал Мозговой негадир Португалия билан ўйинда захирада қолдирилди. Энди 26 талик рўйхатни муҳокама қилишдан фойда йўқ. Каннаваро ўтган ўйиннинг иккинчи бўлимидаги ижобий сифатни бугун дастлабки дақиқалардан қўллаши керак эди. Агар биринчи 30 дақиқада ҳисобни 0:0 кўринишида ушлаб турганимизда, босим рақиб томонга ўтарди. Аммо биринчи ярим соат ичида Португалия бизни тамоман ўйиндан чиқариб юборди. Улар кеча машғулот ўтказа олишмаганди, бугун эса майдонда худди машғулотдагидек эркин ҳаракат қилишди.

e2171845-83d7-4baa-928f-1110b8825a46.png



Толибжон Қосимов: "Жамоада мураббий имзоси сезилмаяпти"


— Португалия бизга қарши ўйинда ўзида бор нарсани синаб кўрди: стандарт вазиятлар, тактик комбинациялар — хуллас, ҳамма усулларни қўллашди. Энг алам қиларлиси, улар ҳар бир стандарт вазиятни турлича, ҳеч қандай қаршиликсиз ижро этишди. Шунчаки тўпни узатиш билан чекланишмади. Рақиб майдонда заррача хавф ёки қийинчилик ҳис қилгани йўқ. Бунда, шубҳасиз, бош мураббий айбдор. Жамоада мураббийнинг ҳеч қандай имзоси сезилмаяпти.

image.jpg



Жаҳонгир Усмонов: "Португалия дастлабки 15 дақиқада ишни ҳал қилиб, қолган вақтда шунчаки машғулот ўтказди"

— Биринчи навбатда, майдонда ҳақиқий даражамиз ва Ўзбекистон чемпионатининг савияси яққол кўриниб қолди. Биринчи гол ўтказиб юборилган вазиятга эътибор қаратайлик: чап қанотдаги ҳимоячиларимиз Шерзод Насруллаев ва Абдуқодир Ҳусанов (ёки Абдуллаев) ўнг қанотдан узатилаётган тўпни шунчаки кузатиб туришди. Рақибнинг 41 ёшли футболчиси (Криштиану Роналду) эса уч нафар ҳимоячимиз тикка турганда, орадан чиқиб тўпни дарвозага жойлаб қўйди. Бу вазият португалларнинг маҳорати қанчалик юқори эканлигини англатади.

503747.jpg

Ҳомийларимиз: CAU, “InfinBank”, “AKFA”“Ucell” “TT LLC”“Black Cofee”“OfoTour”

Ўхшаш янгиликлар


Iskandarov AbdulazizМуаллиф