Ихтиёр Каримов: "Бугунги футболни бошқа кўрсатмаймиз"

2 ноя 2026, 09:45
Пролига 25-турдан ўрин олган "Республика ФА" – "Шўртан" учрашувидан сўнг "Шўртан" бош мураббийи Ихтиёр Каримов матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?

- Бугунги ўйин ҳақида фикрим икки хил. Биринчи бўлимда бошқача ўйин намойиш этишимиз керак эди. Негадир футболчиларимиз биринчи таймда суст ҳаракат қилишди. Менга эса бу нарса ёқмади. Танаффусдан кейин ўз ўйинимизни кўрсатишга ўтдик, кўпроқ ҳужумларга чиқдик. Иккинчи бўлимда "Шўртан" ўз футболини ўйнай бошлади. Лекин натижа томонлама биз учун қониқарли эмас.

- Рақиб жамоа бош мураббийи сиздан олдин "Баъзи жиҳатлар бўйича жамоам "Шўртан"дан яхшироқ ҳаракат қилди, мен фақат ёш борасидаги тафовутни кўрдим, ўйин томонлама бундай бўлмади" деб айтиб ўтди. Сиз бу фикрга нима дея оласиз?

- Мен бу фикрни айтмаган бўлардим, агар рақиб биздан кучли бўлганида ўз жарима майдончамиздан ташқарига чиқа олмасдик. Бугунги ўйинда ярим ҳимоя марказида муаммо бор эди, марказ жуда бўш ўйнади, муаммолар ҳам шунинг натижасида келди. Иккинчи таймда ўйин услубини ўзгартирганимиз фойда берди ва яхши футбол кўрсатишга ўтдик. Ўйлайманки, кейинги учрашувларда бугунгидек ҳаракат қилмаймиз.

- Марказга ўзингиз хоҳлаган футболчини қўя олмадингизми ёки ўйин давомида муаммо юзага келдими?

- Асосий футболчиларимиз Сирожиддин жароҳат олган, Нодир тўртта сариқ карточка сабаб бу ўйинни ўтказиб юборди. Натижада ҳимоячиларни майдон марказида ўйнатишга мажбур бўлдик.

- Ўйиндаги охирги вазият бўйича фикрингиз қандай? Бош билан берилган зарба ва голга жуда яқин келинган ҳолат.

- Қани ўша совуққонлик, қани ўша вазминлик? Футболчиларимиз совуққон бўлганида ўша вазият гол билан тугарди. Негадир айрим жиҳатларда маҳорат етмаяпти. Қолаверса бугун омад ҳам келмади.

- Легионерлар ўйинидан қанчалик қониқяпсиз ва йил якунида кимлар жамоада қолади?

- Ҳозир энг муҳими мавсумни чиройли якунлаб олиш. Охирги ўйинимиздан сўнг шу саволни берсангиз, кейин жавоб беришим мумкин. Шуни айтишим мумкин, грузиялик икки футболчидан кўнглим тўляпти. Юрий Клочков ҳам керакли футболчи. У яхши ўйинчи, фақат жароҳат сабаб кўп вақт ўйнай олмади. Унинг салоҳияти ҳали тўлиқ очилгани йўқ.

- "Шўртан" Суперлигага чиқиши учун ўтиш ўйинларида қатнашиши керак бўлади. Ўтиш ўйинларидан олдин жамоанининг кайфияти қандай? Суперлигага чиқиш учун иштиёқ ва ишонч борми?

- Биз Суперлигага чиқамиз деб ўз олдимизга мақсад қўйганмиз. Лекин бугунги учрашув биз учун огоҳлик қўнғироғи бўлди. Ўз ишимизни бошқатдан кўриб чиқамиз, йигитлар билан ўтириб гаплашамиз. Мақсад қўйилган ва ҳеч ким бундан воз кечгани йўқ. Буни амалга ошириш учун ҳаммамиз биргаликда ҳаракат қиламиз.

- Баҳром Абдураҳимов қўли синганидан кейин яккакурашлардан ўзини олиб қочяпти. Бу ҳолат сезилдими?

- Баҳром ўзини авайлаб ўйнаяпти, биз ҳам шунга монанд ўйин охирларида туширяпмиз. Ҳаммаси имкониятдан келиб чиққан ҳолда олиб бориляпти. Тўғри, бу ҳолат сезиляпти, лекин футболчини ҳам тўғри тушунишимиз керак.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›