Жамолиддин Раҳматуллаев: "Ўз майдонини бергани учун "Шўртан"га раҳмат"

2 ноя 2026, 08:50
Пролига 25-турдан ўрин олган "Республика ФА" – "Шўртан" учрашувидан сўнг "Республика ФА" бош мураббийи Жамолиддин Раҳматуллаев матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?

- Авваламбор "Шўртан" жамоасига миннатдорчилик билдираман. Негаки биз ўз майдонимизда ўтиши керак баҳсни стадион муаммоси туфайли сафарда ўтказдик. Ташкилий ишлар борасида бизга ёрдам бергани учун "Шўртан" клубига раҳмат айтаман. Энди ўйинга келадиган бўлсак, яхши учрашув кечди, ҳар икки жамоа савияли футбол намойиш этишга ҳаракат қилди. Биринчи бўлимда айниқса жамоамиз жуда чиройли ўйнади. Рақибнинг босимига қарамай ўйинни ўзимиз кутгандек олиб бордик, фақат ҳужумда бироз ишларимиз юришмади. Ўйлайманки, стадионга келган мухлислар яхши футбол кўришди.

- "Шўртан" мезбонликни қабул қилди деб айтиб ўтдингиз. Бундай ҳолатлар яна содир бўлдими?

- Афсуски, иккинчи даврадаги барча учрашувларни меҳмонда ўтказяпмиз. Уй стадионимиз Миллий футбол марказидаги "Дўстлик" ҳисобланади ва бу ўйингоҳда йилнинг биринчи ярмида кўплаб учрашувлар ўтказилгани боис майдон ёмон ҳолатга келиб қолди. Шундан кейин майдон ёпилди ва таъмирлаш бошланди. Шу сабабли барча ўйинларни меҳмонда ўтказиб туришимизга тўғри келяпти. Тўғри, ҳар гал ўйинларни меҳмонда ўтказиш осон эмас. Йигитларда ҳам чарчоқ кузатиляпти. Фақат футболчиларимизнинг аксари ёш бўлгани учун бу нарcа билинмаяпти. Ҳозир майдонлар билан боғлиқ муаммо кўпайиб кетди. Айниқса Тошкентдаги жамоалар жуда қийналяпти.

- Бу муааммо келаси йилгача бартараф этиладими?

- Раҳбарият бу борада қўлдан келганча ҳаракат қилмоқда. Қанийди биз ҳам уй учрашувларини фақат ўзимизда ўйнасак. Жамоамиздаги футболчилар терма жамоа даражасидаги ўйинчилар ҳисобланади. Буни ҳам ҳисобга олиш керак. Албатта, бу футболчиларга имкон қадар шароит яратиб берилмоқда. "Дўстлик" стадиони тайёр бўлса, жуда яхши кўриниш олади. Ўйлайманки, кейинги йил уй учрашувларини ўз майдонимизда ўтказамиз.

- "Мен бунақа ҳакамликни кўрмагандим" деб кўп марта захира ҳакамига айтдингиз. Нималар сизни хавотирга солди?

- Тўғрисини айтсам, бугун хотиржам ўтириб футбол кўрмоқчи эдим. Лекин ҳакамларнинг баъзи қарорлари бемалол футбол кўришга бермади. Йигитларга эътирозим йўқ, берилган кўрсатмаларни бажаришга ҳаракат қилишди. Биз томондан бўлган эътироз ҳакамларга бошқача таъсир қилди. Ҳакам ҳам биздан хафа бўлиб ўйинни бошқаргандек туюлди. Ҳакамга ёмон гапиришадими, барибир майдонда профессионал тарзда ўйинни бошқариши керак. Нимадир гап бўлса ўйин тугаганидан кейин ҳам гаплашиб олса бўлади.

- Сизнингча, қайси бири ўйинни "синдиради": берилган пенальтими ёки майда-майда қарорларми?

- Кетма-кет нохолис қарорлар йиғилиб барибир якунда мураббий ёки футболчиларнинг "портлашига" сабаб бўлади. Битта пенальтида ҳакам жиддий хатога йўл қўйиши мумкин. Битта эпизодни тушунса бўлади, лекин кетма-кет майда хатолар охир-оқибат катта муаммога айланади.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›