“Суперлигага чиқиш вазифаси қўйилган” — Ихтиёр Каримов

Aslanov Jasurbek
21 сен 2026, 20:10
Пролиганинг 20-туридан ўрин олган “Пахтакор ФЖ” — “Шўртан” (0:4) учрашувидан сўнг меҳмонлар бош мураббийи Ихтиёр Каримов матбуот анжуманида иштирок этди.

— Ихтиёр ака, ўйин ҳақида қисқача фикрларингизни билдириб ўтсангиз...
— “Пахтакор Фарм” жамоаси ёш футболчилардан ташкил топган. Уларга ўйин учун миннатдорчилик билдираман. Биз ўзимизга ҳар бир ўйинда уч очко олишни мақсад қилиб қўйгандик ва бу натижага эришдик. Ўйин яхши ўтди.

— Жамоани қабул қилиб олганингиздан бери бу кетма-кет учинчи ғалабангиз бўлди. Бу жамоа сизга бегона эмас, академия тизимидан келяпсиз. Ҳозирги ҳолат қандай, жамоанинг кайфияти ва Суперлигага чиқиш имкониятларини қандай баҳолайсиз? 
— Кайфиятимиз яхши. Яйпандаги ўйиндан олдин озгина тушкунлик бор эди, чунки ўз уйимизда “Лочин” жамоасига ютқазганимиздан кейин шундай кайфият ҳукмрон эди. Лекин Яйпандаги ғалабадан кейин болалар яна ўз кучига ишона бошлади. Вазифа — Суперлигага чиқиш қилиб қўйилган. Биз ўшанга қараб секин-секин боряпмиз.

— Ярим ҳимоячи Бекзод Сувонов ҳақида сўрамоқчи эдим. Унинг потенциали юқори футболчи эканлигини биламиз, лекин унга кўп майдон вақти берилмаяпти. Ўтган турда ҳам захирадан тушиб асист қайд этди. Бу борада нима дея оласиз? 
— Бекзод Сувонов биз учун керакли футболчи. Футболда шундай ўйинчилар бўладики, иккинчи бўлимда майдонга тушиб ўйинни ўзгартира олади. Бекзод ҳам ана шундай футболчилар сирасига киради. Шунинг учун биз уни ҳар доим иккинчи бўлимда майдонга туширишга ҳаракат қиляпмиз.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia