Жамшид Искандеров: "Ҳамробеков кучли футболчи, лекин алоҳида футболчи эмас, бутун жамоага қарши тўп тепамиз"

2 ноя 2026, 00:32
"Нефтчи" ярим ҳимоячиси Жамшид Искандеров "Трактор"га қарши Элит Осиё Чемпионлар лигаси 4-тур доирасидаги ўйиндан олдин матбуот анжуманида иштирок этди.

Жамшид Искандеров: Биз жуда яхши кайфиятда етиб келдик. Менимча, эртага қизиқарли ўйин бўлиб ўтади. Биз бунга тўлиқ тайёрмиз.

— Охирги ўйиндаги мағлубиятдан сўнг жамоа аъзоларининг руҳий ҳолати қандай? Хатолар устида қандай ишланди?

— Ўз майдонимизда аламли мағлубиятга учрагандик. Ўйлайманки, барча буни унутди. Чунки ўша куни яхши ўйин кўрсатдик, ғалаба ёки ҳеч бўлмаганда дуранг қайд этишга лойиқ эдик. Барча футболчилар бу мағлубиятни ортда қолдириб, бўлажак учрашувга тўлиқ тайёр ҳолатда туришибди. Бу ерга шунчаки келмадик, Худо хоҳласа, уч очкони қўлга киритиб қайтамиз деган умиддаман.

— Рақиб сафида Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Одилжон Ҳамробеков тўп сурмоқда. Биз бу футболчини яхши биламиз. Унинг ўзбек футболини яхши билиши жамоамиз учун салбий жиҳат бўлиши мумкинми ёки аксинча, бизнинг уни яхши билишимиз устунлик берадими?

— У жуда кучли футболчи, уни яхши биламиз. Лекин биз алоҳида бир футболчига эмас, бутун жамоага қарши тўп тепамиз. Қизиқарли ўйин бўлади. У ҳам бизни, биз ҳам уни жуда яхши биламиз. Эртага кучли жамоа ғалаба қозонсин.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›