Ихтиёр Каримов: "Балки "Арал"га етиб олармиз"

Iskandarov Abdulaziz
7 окт 2026, 22:52
Пролиганинг 21-туридан ўрин олган "Шўртан" - "Жайхун" (3:1) учрашувидан сўнг мезбонлар бош мураббийи Ихтиёр Каримов фикрларини билдирди.

"Бу ўйинга тайёргарлик жараёнида рақибни ўрганиб чиққанимиз ҳисобига йирик ҳисобдаги натижага эришдик. Албатта, охирида бўшашдик. Якунда дарвозамиздан тўп олиб чиқдик. Умуман олганда футболчиларга катта раҳмат айтаман", — дейди Ихтиёр Каримов.

— Ўзгаришлар қай даражада наф берди?

— Саволингизга умумий қилиб жавоб бераман. Бу ерда ўйинчини алмаштираётган вақтимизда ўртада ўйин амалиётига эга бўлмаган футболчиларни қўйишга мажбур бўлдик, чунки кейинги ўйинга тайёргарлик кўришни бошладик. Ғанишер ёмон ҳаракат қилмади, фақат бироз шошилди. Ўз имкониятларидан фойдалана олмади. Бу тактик ўзгариш эди.

— "Шўртан"нинг "Арал"га етиб олиш имкониятлари қандай?

— Оғир вазият деб бўлмайди. Аввало ўз ўйинларимизда яхши натижага эришишимиз керак. Буни вақт кўрсатади, балки "Арал"га етиб олармиз.

— Иккита бўлимда жамоа икки хил ўйин кўрсатганини қандай изоҳлайсиз?

— Биз бу рақибга жиддий тайёргарлик кўрдик. 2:0 дан кейин ҳар қандай жамоа эхтиёткор футбол ўйнайди. 3:0 дан сўнг темпни туширдик ва секин ҳаракат қилдик. Бошқа позициядаги футболчиларни ўртага ўтказганимиздан сўнг асабийлик кузатилди.

— Кейинги мавсумда раҳбарият сизга имкон берса қабул қиласизми?

— Имконият берилса бемалол ишлайвераман. Биринчи ўринда ўзимни тайёр деб билсам ишлашим мумкин.

Ўхшаш янгиликлар


Iskandarov AbdulazizМуаллиф
Манба: Championat.asia