

"Аввало стадиондаги ажойиб муҳитни ва ўйиннинг жуда яхши ритм остида ўтганини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Очиғини айтсам, бундай шиддатли ўйинни кутмагандим ва йигитлар учун жуда хурсандман. Уларнинг кўпчилиги жароҳатлар туфайли чемпионатда анча вақт майдонга тушмади ва бугун улар учун спорт формасини тиклаб олиш учун ажойиб имконият бўлди. Формани фақат ўйин амалиёти орқалигина тиклаш мумкин.
Рақиб ҳам жуда ёш ва яхши шаклланган жамоа", – деди Илёс Зейтуллаев.
— Жамоангизнинг бугунги ҳимоядаги ишончсиз ҳаракатлари нима билан боғлиқ? Рақиб анча хавфли вазиятлар яратди.
— Ўйлайманки, бу ерда физиологиянинг ҳам ўрни бор. Бундай жамоаларга қарши ўйнаганингизда, баъзан беихтиёр очилиб кетасиз, устунлик қилишни хоҳлайсиз ва шу сабабли рақибга катта бўшлиқ қолдирдик. Айрим вазиятларда йигитлар шунчаки концентрацияни йўқотиб қўйишди.
Аммо бундай ўйинлар орқали биз тажриба орттирамиз. Нима учун бунча кўп вазиятлар юзага келди? Бугун майдонга кўплаб ёш футболчиларимиз тушди. Уларда ҳали ўйин интизомини шакллантиришимиз керак: нафақат ҳужум қила олиш, балки сифатли ҳимояланиш ҳам зарурлигини тушуниш муҳим. Ўйинларда ғалаба қозониш учун олдинга бориш керак, аммо уларда мағлуб бўлмаслик учун ишончли ҳимоя зарур. Бу борада иш олиб борамиз.
Бошқа томондан, ёш йигитлар жасорат кўрсата олишди. Ҳозир осон ўйиннинг ўзи йўқ. Кеча Олий лиганинг бирданига бир нечта клуби мағлубиятга учради. Про Лига жуда кучли жамоаларга эга. Бу жамоа билан икки йил аввал анча қийналгандик. Уларда ажойиб мураббий ва яхши таркиб бор.
— Бугун қайдномага асосий таркибнинг кўплаб ўйинчилари киритилмабди. Бунга нима сабаб бўлди?
— Биз етакчиларга шунчаки дам бердик. Қандай аҳволдалигимиз ҳеч кимга сир эмас. Мана беш ойдирки маош олмаяпмиз, молиявий муаммолар ҳамон ҳал этилмаган. Асосий таркиб йигитлари чемпионатда руҳий ва асабий имкониятларининг энг юқори чегарасида ўйнаб, якунда бешинчи ўринни эгаллашди. Ҳозир улар ҳақли таътилда, биз эса айни пайтда клубдаги вазият ривожини кузатиб боряпмиз.
“Қизилқум”га қарши ўйингача уларнинг кўпчилиги умумий гуруҳга қайтади. Бу танаффус бизга ёшларни синовдан ўтказиш учун ажойиб имконият яратди. Иккинчи давра стартига қадар биз ҳар қандай ҳолатга тайёр туришимиз керак. Мавсумни фақат ёш футболчилар билан якунлашимиз эҳтимоли ҳам йўқ эмас, шунинг учун уларни ҳозирданоқ тайёрлаб бориш лозим. Ҳа, биз ўта мураккаб даврни бошдан кечиряпмиз. Лекин охиригача курашамиз. Кемамиз сувда экан, биз курашамиз. Ёшларимиз эса бу имкониятга муносиб.




