Абдуқодир Ҳусанов "Forbes" журналидан ўрин олди

27 июн 2026, 02:35
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳамда Англиянинг "Манчестер Сити" клуби ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов "Forbes Sport" томонидан ЖЧ–2026 иштирокчиси бўлган 48 мамлакат футболчилари орасида энг юқори даромад топувчи футболчилар рейтингида 38-ўринни эгаллади.

Ҳусанов мазкур рейтингга киритилган ягона ўзбекистонлик футболчи бўлди. "Forbes Sport" ҳисоботига кўра, унинг бир йиллик даромади 6,2 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Шундан 5 миллион доллар маош ва футбол фаолиятидан тушган даромад бўлса, яна 1,2 миллион доллар реклама шартномалари, тижорат лойиҳалари ҳамда бошқа манбалар ҳиссасига тўғри келади.

"Forbes Sport"нинг қайд этишича, футболчининг асосий ҳамкорларидан бири "Puma" ҳисобланади. Шунингдек, 2025 йилда йўлга қўйилган AK45 энергетик ичимликлар бренди ҳам унинг даромадини баҳолашда инобатга олинган.

Рейтингда биринчи ўринни йиллик 280 миллион доллар даромад билан Криштиану Роналду эгаллади. Иккинчи ўриндан 130 миллион доллар билан Лионель Месси жой олган бўлса, кучли учликни 95 миллион доллар даромадга эга Килиан Мбаппе якунлаб берди.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: anons.uz