Илёс Зейтуллаев: "Бу футболчиларни қандай қилиб қўйиб юбориш мумкин? Бундай қийин савол берманг"

Sherzod Nurmatov
30 апр 2026, 15:21
Суперлига 10-туридан ўрин олган "Бунёдкор" – "Навбаҳор" (2:1) баҳсидан сўнг мезбонлар устози Илёс Зейтуллаев ўйиндан кейинги матбуот анжуманида иштирок этди.

"Ҳаммага хайрли кеч. Назаримда, бугун чиройли ўйин гувоҳи бўлдик. Футболчилар ўзларини ажойиб кўрсатишди, улар майдонда кутилмаган ҳаракатлар намойиш этишди. Йигитларнинг қанчалик ҳаракат қилганини, қандай курашганини ҳамма кўрди.

Мухлисларимизга алоҳида миннатдорчилик билдирмоқчиман. Менимча, бугун стадионда улар одатдагидан ҳам кўпроқ эди. Бизнинг мухлислар базамиз унчалик катта эмас, лекин бизни илгари қўллаб-қувватлаган инсонлар — кексалар, бувилар, болалар, оналар ва оталар стадионга келишларини жуда истаймиз. Бугун кўплаб одамларни кўрдим ва бу жуда ёқимли. Оғир дамларда ҳам бизни қўллаб-қувватлаётган мухлислар ҳаракатига катта раҳмат", – деди Илёс Зейтуллаев.

- Рақиб бош мураббийи ўз жамоасининг ўйинидан қониқмаганини ва улар ўйинга эпизодларда киришганини таъкидлади. Ўйин бориши ҳақида нима дея оласиз? Кападзенинг фикрига қўшиласизми?

- Биз бутун 95–97 дақиқа давомида ўйинда эдик. Йигитлар диққатини жамлаган ҳолда ўйнашди. Тўғри, фақат дастлабки икки дақиқада эътиборни йўқотиб, гол ўтказиб юбордик, аммо танаффусда бу ҳолатни муҳокама қилдик ва жамоа ўзига келиб олди. Рақибда ҳудудий устунлик бор эди, бироқ буни физиологик жиҳатдан тушунса бўлади: уларнинг дам олишга бир кун кўпроқ вақти ва захира ўриндиғида янги кучлар бор эди. Уларнинг жуда кучли, тажрибали мураббийи бор. Қийин бўлишини билардик, аммо йигитлар улкан ҳажмдаги ишни уддалашди.

- Федерико Ботти кетма-кет еттинчи ўйинни асосий таркибда бошламоқда. Шу билан бирга, сиз тез-тез икки нафар тенг кучли дарвозабонингиз — Абдужалилов ва Ботти борлигини айтасиз. Бу танловингизни нима билан изоҳлайсиз?

- Бизда иккита кучли дарвозабон бор, десам муболаға қилмаган бўламан. Ҳозир ўйнаётган дарвозабон ҳам жисмоний, ҳам тактик, ҳам стратегик жиҳатдан анча ўсди. Мен итальян дарвозабонлар мактаби қандай ишлашини кўрганман ва биз ўша тамойилларни жорий қиляпмиз. У нафақат майдондаги муҳим ўйинчи, балки кийиниш хонасида ҳам етакчи. Кейинги ўйин олдидан мураббийлар штаби билан маслаҳатлашамиз, лекин у ўз ўрнига муносиб.

- Жамоа кучли учликка кириб олди. Клуб раҳбариятидан қандайдир муносабат бўлдими?

- Йўқ, раҳбариятдан ҳеч қандай хабар йўқ. Мағлубиятлардан кейин ҳам, ғалабалардан сўнг ҳам ҳеч ким келмайди, ҳеч ким ҳеч нарса демайди. Йигитлар психологик ва маънан жуда чарчаган: беш ой маошсиз юриш жуда қийин. Такрорлашни истамайман-у, лекин тўғрисини айтаман: агар ҳозир бу вазиятга аралашилмаса, футболчилар қарзлар сабабли эркин агентга айланиб, бошқа клубларга ўтиб кетади, «Бунёдкор»нинг эса ФИФА олдида бундан ҳам катта қарзлари қолиб кетади. Бундай футболчиларни қандай йўқотиш мумкин? Тўлқинбеков, Тўрақулов ва бошқаларни қандай қилиб шунчаки қўлдан чиқариш мумкин? Ахир бу улкан меҳнат, улар бизнинг академиямизда вояга етган, уларнинг нархи баланд. Уларни йўқотиш — пулни ҳавога совуриш дегани.

- Узоқ вақт даволаниб, яқиндагина ўйнай бошлаган Шаҳбоз Умаровнинг ҳозирги ҳолатини қандай баҳолайсиз?

- У жамоанинг юраги. Ижобий ва иқтидорли ўйинчи. Ҳозир у жароҳатидан сўнг спорт формасини тиклаяпти. Чемпионатимиз жуда шиддатли, у оптимал формага киргач, нималарга қодирлигини кўрасиз — машғулотларда Европа даражасидаги ўйин намойиш этади. Шунчаки сабр қилиш ва бундай футболчиларни асраш керак.

- Ўзбекистондаги “Boxing Day” ўз якунига етмоқда. Бу давр учун жамоангиз олдига қандай вазифалар ва режалар қўйилган эди ва улар қанчалик амалга оширилди?

- Ҳа, бу менинг ёрдамчиларимнинг хизмати. Жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий Алекс Спинлио, Англияда ишлаган Андрес Де Мауро — улар тўғри услублардан фойдаланишади. Улар менга юкламаларни тўғри тақсимлашда ёрдам беришади, қачон кучни ошириш, қачон эса тежаш кераклигини айтиб туришади. Жамоанинг ҳозирги ҳолати — айнан уларнинг хизмати.

- Ўйиндан сўнг нохуш ҳодиса юз берди. Майдонга бир бола югуриб чиқди. Шу ҳақда изоҳ бера оласизми?

- Ростини айтсам, бу воқеа юз берганда, ўзимнинг ҳам шундай бола бўлганим ёдимга тушди. У шунчаки дастхат ёки футболка олмоқчи эди. Хавфсизлик ходими ўз вазифасини бажараётганди, мен эса ундан болага тегмасликни сўрадим ва унга трибунага қайтишига ёрдам бердим. Ҳеч қандай қўрқинчли воқеа содир бўлмади.

- Жамоангиздан кимни жаҳон чемпионати олдидан Фабио Каннаварога тавсия қилган бўлардингиз?

- Бундай қийин саволлар берманг (кулади). Легионерлардан ташқари ҳамма футболчиларни тавсия қилган бўлардим. Ҳатто Каннаварога биз билан ўртоқлик учрашуви ўтказишни таклиф қилмоқчи ҳам бўлдим (ҳазиллашиб).

Мен йигитларга доим айтаман: футболни алдаб бўлмайди. Ҳаммаси статистикада, видеоларда кўриниб туради. Бизни кузатишади ва мутахассислар ўйинчиларимизнинг савиясини кўриб туришибди. Кучли учликда эканимиздан фахрланаман, лекин бу футболчиларнинг ўз хизмати. Бу менинг мураббийлик ғалабам эмас, бу уларнинг ғалабаси. Бизда ажойиб футболчилар бор ва улар буни ўз ўйинлари билан исботлашмоқда. Сизларга катта раҳмат.


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: Championat.asia